Теракт қурбонларининг кўпчилиги ёшлар эди, улар орасида 22 ёшли ўзбекистонлик Аброржон Устабоев ҳам бор.
Фаластин ҳукуматининг сўзларига кўра, Сондос Шраим ва унинг уч яшар ўғли Раян портлаш жароҳат туфайли пайшанба куни ҳалок бўлди. Улар Истанбулга Рамазон саёҳатига келишган эди. Бундан ташқари, Шраимнинг турмуш ўртоғи ҳам бу саёҳатга келган ва у мўжиза туфайли омон қолди.
Шраимларнинг оилавий дўсти 28 ёшли Нисрин Мелҳим ҳам теракт қурбонлари орасида бор эди. У турмуш ўртоғи ва уч ёшли қизчаси билан саёҳатга чиқишни интизорлик билан кутганди.
Нисрин эри билан Саудия Арабистонида ишларди. Улар Рамазон учун Фаластинга қайтиш олдидан Истанбулда дам олишни режалаштиришганди. Оила аэропортдан чиқиб таксига ўтириш учун кетаётганда, террорчиларнинг ҳужумига учради.
“Биз яқинроқ масофадан отишма товушларини эшитдик, кейин портлаш юз берди. Ўзимга келиб, атрофимга қарасам танаси қонга ботган рафиқам ва қизимга кўзим тушди”, дейди Нисриннинг турмуш ўртоғи Марван.
Нисрин шифохонада жон берди. “Бу ишни қилган кимсалар шафқатсиз жиноятчилардир. Нима учун улар бегуноҳ одамларни ўлдиради?”, дейди ўкинч билан йиғлаётган Марван.
32 ёшли Адем Курт Отатурк халқаро аэропортида ишлаш учун Истанбулга келган бўлсада, Бурсадаги ота-онаси ва қариндошларини кўриш учун ҳар ҳафтанинг охирида уйига бориб турар эди. Адем икки йилдан буён аэропортда назорат ходими сифатида ишлаган. Унинг келажакда қанчадан-қанча режалари, орзулари бор эди. Бироқ ўша мудҳиш воқеа одамлар сингари Адемнинг орзуларини ҳам ҳар томонга улоқтириб юборди. У ҳатто, уйланишга ҳам улгурмади. Мудҳиш теракт кўплар қаторида уни ҳам бу дунёдан олиб кетди.
Аввалроқ, Отатурк аэропортидаги портлаш ўзбеклар ҳам жабр кўргани, улар орасида ҳалок бўлганлари ҳам борлиги ҳақида хабар берган эдик. 22 ёшли ўзбекистонлик Аброржон Устабоев ҳар замонда Туркияга савдо ишлари билан қатнаб турадиган ёш савдогар эди. Аброржон сешанба куни кечқурун Отатурк халқаро аэропортига 12 000 АҚШ долларига тенг текстиль товарлари билан келиб, уйига қайтишга ҳозирланаётган пайтда, теракт қурбонига айланди.
Унинг яқин дўсти Камол Хоннинг айтишича, у Аброржон билан портлашдан олдин телефон орқали гаплашган.
“У Туркияни жуда яхши кўрарди ва кўплаб орзулари бор эди. Терроризм унинг Туркияга нисбатан муҳаббати ва орзуларини барбод қилди”, дейди Камол Хон.
26 ёшли Чағлаян Чўл 2014 йилда Отатурк аэропортида ишлашни бошлаган эди. У ишдан чиқиб, уйга қайтиш учун автобус кутиб турган пайтда теракт қурбонига айланди.
У Эскишаҳар вилоятидаги Осмонғози университетида биология йўналишида таҳсил олгач, Истанбулга келган. “Чағлаян ҳамма учун севимли инсон эди”, дейди у яшаган қишлоқ раиси Козим Қўрқмас.
Чўл ижтимоий тармоқ орқали ватанпарварлик руҳдаги сўзларни тез-тез ёзиб қолдирарди. У шулардан бирида қуйидагиларни ёзган: “Менинг бошим турли хил фикрлар билан ўзгарувчан бўлсада, томиримдаги қоним ўзгармасдир. Отам мен ҳақимда ўйлашни бошлагандан буён, қалбим менинг ватанимга тегишлидир”.
Фатҳи Баёудтҳ тунислик ҳарбий врач бўлган. У Истанбулга ИШИДга қўшилиб кетган ўғлини кўриш учун келган эди.
Фатҳининг оиласи Тунис разведкаси ёрдамида жангарилар сафига тушиб қолган фарзандини ташкилотни тарк этиш ва уйга Истанбул орқали қайтишга кўндирган. Фатҳининг ўғли Туркияда Тунисга экстрадиция қилиш учун қўлга олинади .
Афсуски, ноқобил ўғлининг дийдорини кўриш учун Истанбулга келган ота террор қурбони бўлди.
Мурод Гуллуче ўзининг тўрт қизини ер-кўкка ишонмас, уларни жуда арлоқларди. Уларни эркалатиб “маликаларим” деб чақирарди. Бугун “маликалар” кўзида ёш билан отасиз қолдилар.
Теракт оқибатида оғир жароҳатланган Гуллуче дарҳол шифохонага етказилди, лекин шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қололмадилар.
Марҳумнинг синглиси Ойша Нур ўзининг Facebook’даги саҳифасида акаси ҳақида қуйидагиларни ёзиб қолдирди: “Мен учун отамдек бўлиб қолган қадрдон акам... Мен бу жудоликка дош бера олмайман”.
Мурод асли Эрзурум вилоятидан бўлиб, Истанбулга кўчиб келган ва бу ерда заргарлик билан шуғулланар эди. У Ўзбекистонга саёҳатга келгач, бу ерда иссиқхонага ишлов бериш иши билан шуғулланишни бошлайди. Хориждаги ишидан қаноат ҳосил қилмаган Мурод, Истанбулга қайтиб, меҳмонхона иш бошқарувчиси бўлиб ишлайди. У Отатурк аэропортига Ўзбекистонга учиш учун келган эди.
Муҳаммад Эйман Демирчи 25 ёшда ҳаётдан бевақт кўз юмди. У эндигина икки синглисининг ўқишига пул тўлаш учун иш топган эди.
У бир кун келиб бошқарувчи бўлиш учун Истанбул университетининг Жамоатчилик билан алоқалар факультетида ўқиган эди. Аммо бир йилдан ошиқ вақт давомида иш топа олмайди. У ва ниҳоят аэропортда иш топади.
Демирчи 28 июнь, сешанба оқшомида ишдан чиқиб, уйга қайтишга ҳозирланаётган пайтда, портлаш қурбони бўлди.
Марҳумнинг болаликдаги дўсти Дениз Дўған унга ишга кириш имтиҳонига тайёрланишга кўмаклашади. Дўғаннинг айтишича, Демирчи самимий инсон бўлган ва ўз мақсадлари учун курашарди. “Қани энди дўстим ишга кириш имтиҳонларидан ўта олмаганда…”, дейди марҳумнинг дўсти.
Демирчи таэквондода қора белбоғ соҳиби ва ажойиб футболчи бўлган.
Украиналик 46 ёшли Лариса Цибакова аэропортга турмуш ўртоғи билан келган. Лариса оёғидан оғир яраланиб, кўп қон йўқотишдан вафот этди.
Марҳума турмуш ўртоғи ва ўғли билан Туркияга саёҳат қилиш учун ташриф буюрган эди.
28 ёшли Гулсен Баҳодир қачонлардир Отатурк аэропортидаги теракт қурбони бўлишини билганида, бу ерга ишга кирмаган, бошқа йўлдан кетган бўлармиди... Афсуски, ўқдан яраланган Гулсеннинг ҳаётини шифокорлар сақлаб қололмадилар.
У оилада ягона фарзанд эди. Марҳуманинг онаси Фаҳрийе Баҳодир қизининг таъзиясида “Менинг қизим уларга нима ёмонлик қилган эди”, дея аълам билан йиғлади.
Гулсен ўзининг Facebook’даги саҳифасида ёзишича, у ҳаётида ҳеч қачон урушмаганлиги ва буни ҳеч кимга раво кўрмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, урушда ҳеч қачон ғолиблар бўлмайди, балки ҳамма мағлуб бўлади. Афсуски, террор балоси оппоқ орзулар оғушида яшайдиган Гулсенни ҳам бу ёруғ дунёдан олиб кетди.
24 ёшли Серкан Турк аэропортда бўлган биринчи портлаш натижасида жароҳатланганларга ёрдам бераётган пайтда, иккинчи портлаш қурбонига айланди.
Унинг дўсти Ҳақан Дағдавиреннинг айтишича, Серкан жуда меҳнаткаш инсон эди.
“Серкан жуда яхши инсон эди, у одамларни қутқараман деб мардларча ҳалок бўлди”, дейди Ҳақан.
Серканнинг университетдаги устози Илҳан Токсўз шогирди ҳақида гапирар экан, унинг ватанни ва ҳаётни жуда севганини алоҳида таъкидлади.
Мерве Йигит эндигина 22 ёшни қарши олган эди. У аэропортдаги тамаддихонада ишлар эди. Мерве 29 июнь, чоршанба куни Истанбулдаги шифохоналардан бирида жон берди. У портлаш оқибатида боши ва қорин қисмидан жароҳатланди.
Олий ўқув юртидада ўқиш билан бирга Мерве уч йилдан буён аэропорт тамаддихонасида ошпазлик қилар эди.
Бугун ТВ ва радиоларда диний экстремистлар, террорчиларнинг дунёнинг кўплаб нуқталарида амалга ошираётган хунрезликларини ҳақида эшитиб, газета ва журналлар орқали ўқиб, уларга лаънат айтамиз. Инсон домига доғ тушириб, динни ниқоб қилиб олган ва шу орқали ўзининг жирканч мақсадларига эришмоқчи бўлганларнинг қай йўлдан бораётгани ҳар биримизга аён. Терроризм – бу шунчалик жирканч жиноятки, у бегуноҳ одамларнинг бевақт ҳаётдан кўз юмишига, фарзандлар отаси, оталар боласиз, ер юзи одамсиз, тинчлик, фаровонлик, рўшноликсиз қолишига бўлмоқда. Истанбулдаги теракт ҳам бунга яна бир мисол бўлди. Терроизм туфайли қанчадан-қанча одамлар қурбон бўлди.
Юқоридаги теракт қурбонларининг аянчли тақдири ҳақида ўқиб, тинчлик нақадар олий неъмат эканлигига яна бир бор амин бўласан киши. Зеро, озодлик, фаровонлик, тинчлик ва осойишталик бор юртда разил кимсалар ўз мақсадларига ета олмайдилар.