Биргина сўз талаффузи йигирмадан ортиқ оҳангда: хотиржам, хурсанд, хафа, зериккан, шошган, ҳовлиққан, қўрққан, эҳтиросга тўла, уятли, узрли, масхара каби ҳолатларни ифода этилиши мумкин.
Масалан, одам организмига оид 40 та қизиқарли маълумотларни: биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи ўнталикларга бўлиб, сиз билиб-билмаган қизиқарли фактлардан воқиф қилганди.
Нафақат инсон танаси, балки унинг руҳияти, туйғулари ва ички кечинмаларига тааллуқли фактлар жамлангани учун ҳам уларни — одам организмига оид деб эмас, инсон организмига оид қизиқарли маълумотлар дея атаган эдик.
Худди шу каби, инсон танаси-ю руҳиятига боғлиқ қизиқарли маълумотлар бугун яна эътиборингиз марказида!
Маълумки, одам ҳайвонот оламидан иккита асосий омил: ривожланган онг ва унинг маҳсули бўлмиш нутқ билан ажралиб туриши ҳеч кимга сир эмас.
Олий онг эришган ютуқларнинг исботи сифатида замонавий техника ва технология ҳамда кишилик жамиятининг маданий тараққиётини мисол қилиб келтиришнинг ўзи кифоя. Нутқ эса...
Инсон нутқи — мўъжиза деб таъриф этишга лойиқ!
Суҳбат давомида оғиз бўшлиғи (лаб, тил), бўйин ва кўкрак қафасида жойлашган 100 дан зиёд мушакларни ишга соламиз. Ҳар бир мушак эса минглаб тўқима толаларидан иборат.
Гапираётиб — юриш ва югуришда ишлатиладиган нейронларимиздан бир неча марта кўпроқ асаб толаларимизни ишга туширамиз.
Овоз чиқаришда қатнашадиган биттагина асаб толаси 2000 дан зиёд мушак толаларни тегишли равишда ҳаракатланишга мажбур этади.
Овоз пайчаларини эса атиги бириккита мушак толалари ҳаракатга келтиради. Талаффузимиздан ўрин олган ҳар битта сўзнинг мушаклар ҳаракатидаги ифодаси ўзгача.
Масалан: биргина “Ассалому алейкум!” жумласининг “заҳираси” миянинг нутқ зонасида жойлашган бўлиб, руҳий ва жисмоний ҳолатга мувофиқ ўзгариб турадиган дастурга бўйсунади.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, “Ассалом” ёки “Яхшимисиз?” сўзининг талаффузи йигирмадан ортиқ оҳангда: хотиржам, хурсанд, хафа, зериккан, шошган, ҳовлиққан, қўрққан, эҳтиросга тўла, муомилада бўлгиси йўқ, киноя, алланимага ишора, асабий, нафрат, уят, узр, масхара ва яна бир қанча ҳолат ва вазиятларни ифода этиши мумкин.
Умуман, саломлашиш одобининг муҳим унсурлари ҳақидаги мақолада юқоридаги фикрларнинг исботи мужассам.
Нафақат саломлашишдаги сўзлар, бошқа исталган сўз таркибидан ҳам юзлаб руҳий ҳолатларни ифодалаш мумкин. Буларнинг барчаси — инсон организмининг ҳар бир ҳужайраси, ҳар битта функцияси ўта мукаммаллик билан яратилганидан далолат.
Бир соянинг ичида ифода этилган сўз бир хил товушлар бирикмасидан таркиб топган бўлсада, 1 та табиат рангининг бир неча юзлаб рангбарангликларга эга бўлишидай турли оҳангда талаффуз этилади. Бу нутқнинг ҳосил бўлиши ниҳоятда мураккаб жараён эканидан далолат.
Киши 1 секунд ичида 14 та товуш талаффуз қилиши ва нутқ аппаратлари: тил, лаблар ва жағ мушаклари учтўрт мартадан зиёд ҳаракат қилиши мумкин.
Олимларнинг фикрича, аввал қисқа товушлар уйғунлигидаги имоишоралар пайдо бўлган. Бу жараён бундан икки ярим миллион йил илгари, Homo Habilis (ишбилармон одам) тошдан иш ва ов қуроллари ясай бошлаган пайтда содир бўлган.
Бу эса ўз навбатида 150 минг йил илгари яшаган Homo Sapiens ҳаётида анча мукаммал шаклга келади.
Оғиз ва бурун бўшлиғи ҳамда ҳалқум ва кекирдакдаги мушакларнинг тараққиёти товуш чиқариш тизимини ташкил этиб, ўпкага кираётган ва ундан чиқаётган ҳаво товуш пайчалари орқали ўтиб, тил ва лаблар ёрдамида унли ва унсиз товушлар, уларнинг кетмакетлиги, мураккаб товушлар талаффузи вужудга келди.
Товуш пайчалари ривожланган ва (ёки) уларни машқлар орқали такомиллаштира олган кишиларнинг овози ширали, шунинг учун бундай кишиларнинг аксариятини хонанда сифатида яхши таниймиз.
Орамизда кишилар овозига 1:1 тарзда тақлид қила оладиган, мураккаб товушларни талаффуз этадиган кишилар яшаётгани ҳеч кимга сир эмас.
20–30 хилдаги қушларнинг ва бошқа ҳайвонларнинг товушини ҳайратомуз равишда ифодалай оладиган кишилар ҳақида эшитгансиз.
Дунёга машҳур нотиқлар ва умуман, нотиқлик санъатининг пайдо бўлиши ҳам айнан нутқ тараққиёти билан боғлиқ.