...
МЕНЮ
ONLINE TV

Имом ал-Бухорий ҳақидаги фильм “Россия-Культура” телеканалида намойиш этилади


15:15, 07.02.2019 Олам
 4 570

Фильмда Ўзбекистоннинг машҳур олимлари, хорижий экспертлар ва диний уламолар иштирок этишган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати томонидан тайёрланган Имом ал-Бухорийнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм “Россия-Культура” телеканалида намойиш этилади. Фильм 17 феврал куни, Москва вақти билан соат 13:20 да эфирга узатилади. Бу ҳақда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжонов ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали маълум қилган.
 
Мазкур фильм ислом тарихи ва маданиятидаги буюк шахс – Имом ал-Бухорий ҳаёти ва фаолиятига бағишланган.
 
Минг йиллардан буён у нафақат мусулмон оламида, балки бутун дунёда улкан ҳурмат – эътиборга сазовор инсондир. Фавқулодда қобилиятли ва адолатпарвар Имом ал-Бухорий  Қуръони Каримдан сўнг ислом таълимотидаги иккинчи китоб – “Ал Жомеъ ас-саҳиҳ” (“Ишончли  тўплам”) асарининг  муаллифи ҳисобланади.
 
Фильмда Ўзбекистоннинг машҳур олимлари, хорижий экспертлар ва диний уламолар иштирок этишган.  
 
Яратганга хизмат қилиш ва инсониятга чексиз муҳаббат билан йўғрилган умр. Имом Курраи заминдаги саёҳатининг энг сўнгги кунигача ўзининг юксак ғоялари ва улкан вазифасига содиқ бўлиб қолди.
 
Маълумот ўрнида, 2018 йилнинг июль ойида Имом ал-Бухорийнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм Туркиянинг TRT телеканалида ҳам намойиш этилган эди.
 
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 19 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессияда, бутун дунё бош минбаридан туриб Имом ал-Бухорийнинг илмий мероси ва унинг муқаддас Ислом динида тутган ўрни ҳақида нутқ қилган эди.
 
“Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман.
 
Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган.
 
Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифатий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик.
 
Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади”, деган эди Мирзиёев. 
 

Теглар:Имом ал-Бухорий Россия-Культура 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!