Каримова “қаноти остига” олган компания вакиллари суд қилинади.
Суд олдига уч киши чиқарилади – TeliaSonera’нинг собиқ молиявий директори ва вице-президенти Теро Кивисаари, компаниянинг собиқ ижрочи директори Ларс Нюберг ҳамда TeliaSonera’нинг евроосиё бизнес-йўналишида бош маслаҳатчиси Ули Туима. Улар Гулнора Каримовага 350 миллион доллар пора берганликда айбланяпти. Пуллар Ўзбекистон алоқа бозорига кириб бориш ва ҳукумат томонидан бўладиган босимдан ҳимоя учун берилган.
Гулнора Каримова ва унинг маслакдошлари Гаяна Авакян, Рустам Мадумаровнинг судда иштирок этишининг иложи йўқ. Негаки, Швецияда сиртқи судлар йўқ, бу уч шахс эса Ўзбекистондаги қамоқхонада сақланяпти.
“Мен учун энг муҳими – Telia компанияси раҳбарияти жиноят эканини била туриб, Каримовага кўп миллионлик пора берганини судда исботлаш. Бу эса гувоҳларнинг кўрсатмаси ва бошқа далиллар асосида ўз исботини топди. Шу сабабдан швед прокуратураси учун Каримова, Авакян ва Мадумаровнинг судда иштирок этиши муҳим эмас”, деган Швеция Бош прокуратураси Коррупцияга қарши кураш бошқармаси директори Гуннар Стетлер.
Суд маълумотига кўра, қатор гувоҳлар кўрсатма бериши керак. Жумладан, “Ўзавтосаноат”нинг амалдаги раҳбари Шавкат Умурзоқов. У аввал Бош Прокуратура ва Тошкент вилояти прокуратурасида фаолият олиб борган. Шунингдек, рўйхатга TeliaSonera ва Каримова музокараларида қатнашган Fintur компанияси вакили Талгат Даирбеков, Coscom алоқа операторининг собиқ ижрочи директори Абрахам Смит, TeliaSonera’га қарашли Fintur Holdings телекомуникация холдингининг собиқ директори Саркан Элдек ва адвокат Толга Исмен киритилган.
Суд иши айбловларни ўқиб бериш ва айбловларга адвокатларнинг жавоби билан бошланади. Сўнг 19-21 сентябрь кунлари судланувчилар сўроқ қилинади. 25-27 ноябрь кунлари гувоҳлар тингланади. 11-14 декабрь кунлари қораловчи ва ҳимояловчиларнинг сўнгги чиқиши ўтказилиши режалаштирилган. Суд ҳукми 2019 йил январь ёки февраль ойида ўқиб эшиттирилиши мўлжалланган.
Швейцария прокуратураси 2012 йилда пора эвазига Гулнора Каримова ҳимоясига ўтган компанияларга қарши текширув ишларини бошлаганди. Кейинроқ, Швеция, Франция, Нидерландия ва АҚШ жараёнга қўшилгандилар. Тергов маълумотига кўра, йирик телкомуникация компаниялари – Telia, Vimpelcom ва МТС Каримовага кўп миллионлик пора берган ва маҳаллий бозорга кириб борган. Поранинг умумий миқдори 1 миллиард доллардан ошган. Аввалроқ, Telia ва Vimpelcom айбларини тан олиб, йирик миқдорда жарима тўлашга рози бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова Швейрация банкларида музлатиб қўйилган 800 миллион долларнинг Ўзбекистонга берилишига қарши судга шикоят аризаси билан чиқиб, рад жавобини олганди.