Суратни топган шахс ўз исмини ошкор қилишни истамади, бироқ суратни сотиш истагида эканини билдирди.
Маълумотларга кўра, баҳоси қарийб 15 миллион евро деб баҳоланаётган ушбу суратни француз шифокор, уйидаги оилавий суратлар ва лавҳлар орасидан топиб олган.
Гап шундаки, шифокорнинг отаси жуда китобсевар инсон бўлган. У ўғлига қатор китоблар ва қадимий суратлар жамланмасини мерос қилиб қолдирган. Бу суратлар ва лавҳларнинг қандай қийматга эга эканини билиш истагида, шифокор уларни Tajan аукциони уйига олиб келган.
Мутахассислар барча суратлар ва лавҳларни кўриб чиқишган ва улар ичидаги бир сурат эътиборларини тортган.
Бироздан сўнг, бу машҳур рассом Леонардо да Винчининг қаламига мансуб дарахтга боғлаб қўйилган муқаддас Себастьяннинг сурати экани аён бўлган.
Қадимий материаллар бўйича мустақил экспертлар сурат XV асрда, чапақай рассом томонидан чизилганини аниқлаган. Нью-Йоркда ўтказилган қўшимча экспертизадан сўнг, сурат итальян Метрополитен музейи коллекцияси куратори Кармен Бэмбахга кўрсатилган. У ҳам ушбу суратни Леонардо да Винчи чизгани ҳақидаги тахминларни тасдиқлагач, санъат асарининг муаллифи да Винчи эканига шубҳа қолмаган.
Айни вақтда, сиёҳ ёрдамида чизилган ушбу суратнинг баҳоси 15 миллион евро деб баҳоланмоқда. Нафақадаги шифокор ўз исмини ошкор қилишни истамади, бироқ суратни сотиш истагида эканини билдирди.
Хабар қилишларича, санъат асарини француз музейларидан бири сотиб олиш истагида.
Маълумот учун, бундан аввал ҳам Леонардо да Винчи қаламига мансуб қатор суратлар топилган. Себастьян билан боғлиқ бошқа суратлари топилмасининг баҳоси 11 миллион еврогача етган. 2013 йил у чизган Масиҳ сурати 127 миллион АҚШ долларига сотилган эди.