Машина харид қилишда эркакларнинг бор йўғи 15 фоизи машинанинг хавфсизлик ёстиқчаси бор-йўқлиги билан қизиқишар экан, аёлларнинг эса 97 фоизи буни тўлиқ текширишади.
Берта Бенц – Биринчи ҳайдовчи аёл
Дунёдаги илк ҳайдовчи аёл немис миллатига мансуб Берта Бенц саналади. У бензин двигателли машинани яратган Карл Бенцнинг рафиқаси эди. Аввалига Бенцнинг 3 ғилдиракли машинаси одамларда у қадар қизиқиш уйғотмади. Шу сабаб Берта турмуш ўртоғига ёрдам беришга қарор қилди ва машинада ўзлари истиқомат қиладиган Германиядан 80 километр узоқликда яшовчи қариндошиникига, Мангеймга йўл олади. 1888 йилнинг эрта тонгида турмуш ўртоғининг ухлаб ётганидан фойдаланиб Берта 2 ўғлини олиб йўлга тушди. У Карлнинг бунга қарши бўлишини биларди, шу сабабли унга бу ҳақда оғиз очмай Мангеймга жўнади.
Саёҳат осон кечмади ва деярли бир кун давомида улар манзил сари йўл босишди. Баландликка чиқишга қийналган машинани итариб олиб чиқишга, қисқа муддатга тугаб қоладиган бензинни дорихонадан сотиб олишга (у вақтда бензин дорихоналарда сотилган), этикдўзнинг ёрдами билан тормозни таъмирлашга, машинанинг ички занжирларини калталаштиришга тўғри келди. Аммо қийинчиликнинг охири – роҳат, деганларидек, Бертанинг ғояси Карлга катта омад олиб келди. Бертанинг саёҳатидан сўнг, Карлга улгурчи ҳаридорлардан таклифлар кўпая бошлади. Машинанинг Берта аниқлаган камчиликлари эса бартараф этилди.
Ниҳоят Карл 1926 йилнинг июнида Benz&Cie деб номланувчи компаниясини очди. Ушбу компания немис инженери Даймлернинг компанияси билан бирлаштирилган ва Daimler-Benz номи берилган. Кейинчалик эса ушбу компаниянинг номи Mercedes Benz деб ўзгартирилди. “Мерседес” қўшимчаси аслида компания бизнес-ҳамкорларидан биринининг қизининг исми. Унинг асл номи Мерседес Йеллинек. Мерседес деб аввалига 1902 йилда яратилган 35-энг кучли машина деб аталди, вақт ўтиб барча машиналар шу номга ўзгартирилди.
Олд ойнани артувчи мослама аёл киши томонидан ихтиро қилинган
Шуни айтиш керакки, автомобиль соҳасидаги кўплаб ихтиролар айнан аёлар томонидан ўйлаб топилган. Масалан, машина ойнасини артиб турувчи мослама ҳам аёлларнинг тафаккури маҳсулидир. Мэри Андерсен исмли аёл кунларнинг бирида ёмғирда машина ҳайдаб кетаётган кишини кузатиб туриб ойналарни артувчи мослама ҳақида ўйлаб қолади. Бунга сабаб ёмғирда кетаётган ҳайдовчининг машина ойнасини қўли билан артаётган ва автомобилни бошқаришга қийналаётгани эди. Ана шу фикрдан сўнг, Мэри Андерсен 1903 йили биринчи бўлиб машинанинг олд ойнасини артиб турувчи мосламага патент олади. Ҳа, ушбу мосламани қўл билан ҳаракатлантирилган, аммо шунинг ўзи ҳам ҳайдовчилар учун катта қулайлик бўлган.
Электр токи ёрдамида ишлайдиган ойна тозалагич
Орадан 14 йил ўтиб, 1917 йили машинанинг олд ойнасини электр токи ёрдамида тозалаш мосламаси Шарлота Брижвуд томонидан ихтиро қилинган.
Яна бир ихтиро...
Автомобилнинг чиқинди газлар қувури (глушитель) ҳам 1917 йили америкалик Долорес Жонс томониан ихтиро қилинган.
Аёллар бошқараётган машиналарнинг аксариятида рулни аёл киши бошқараётганини билдирувчи белгилар мавжуд. Эркак ҳайдовчилар ана шу белгини кўришлари биланоқ, машинани эҳтиёткорлик билан ҳайдашга тушишади. Сабаби эса оддий: аёллар кутилмаганда тезликни ошириб олдинга ўтиб кетишлари, “менга йўл берақолинг” ишораси билан машинани айланиб ўтишлари ҳам мумкин...
Ҳайдовчи эркаклар, ҳатто, аёлларнинг орасида ҳам “аёл киши машина ҳайдаши керак эмас”, “аёл киши машина ҳайдаши шарт эмас” дегувчилар жуда кўп учрайди. Аммо бунга акс фикрни билдирувчилар сони улардан анча кўпроқ.
Аёлларнинг машина ҳайдашига қарши бўлганлар улар ҳақида қуйидаги фикрларни билдиришди:
- Рулдаги аёллар эркакларчалик эътиборли бўла олишмайди. Уларнинг дастидан машинани тез-тез қириб туришга тўғри келади.
- Чет мамлакатларда асабийлашган ҳолда автомобиль бошқараётган аёллар туфайли содир бўладиган ЙТҲ ҳолатлари спиртли ичимлик ичиб ЙТҲ содир этадиган эркакларникидан кўроқ учрайди.
- Автомобиль бошқараётган аёлларнинг рулда пардоз қилишлари ортиқчадек. Афсуски, светофорнинг қизил чироғи айни “машғулот” учун шароит яратади.
- Мен қаршиман. Ҳайдовчи аёллар ўртасида “атрофдаги эркак ҳайдовчилар менга йўл беришлари керак, ахир мен аёл кишиман!” дегувчилар кўп. Аммо йўл устида ҳамма бир!
- Қаршиман. Аёлларни эҳтиёт қилиш керак, мен рафиқамнинг ҳам машина ҳайдаб кўчадаги баъзи нўноқ ҳайдовчилар туфайли хавотирда, қўрқувда машина ҳайдашини истамасдим.
- Аёлларга ким қўйибди, машина ҳайдашни. Бу эркакларнинг иши. Аёллар уй, болалар, овқат тайёрлаш, уйни тоза тутиш билан машғул бўлишлари керак!
Нега аёллар ҳам машина ҳайдашмасин?
- Аёллар машинани эркаклардан ҳам эҳтиёткорроқ ҳайдашади. Уларнинг аксарияти болаларини боғча ва мактабга олиб бориб, олиб келишади, ахир!
- Мен билан юз берган икки холат машинани аёллар ҳам ҳайдашлари мумкин эканини тасдиқлайди. Яқинда машинам икки марта бошқа машинага бирозгина туртилиб кетди. Биринчи сафар мен туртиб юбордим, иккинчи сафар эса мени туртиб юборишди. Машинани мен туртган ҳолатда, машинадан тушиб ҳайдовчидан (у эркак киши) кечирим сўрадим, ҳижолат бўлдим, ҳайдовчининг ҳол ахволини билиш учун ҳаракат қилдим. Аммо мени туртиб юборишганида (у ҳам эркак киши) ҳайдовчи машинадан ҳам тушмади. Машина тугул, менинг бирор жароҳат олган олмаганимни билишни ҳам истамади. Аёллар баъзи эркак ҳайдовчилардан кўра инсофлироқ, виждонлироқ.
- Аёл ҳайдовчилар ичида, тан олиб айтиш керакки, машинани эркаклардан ҳам аъло даражада бошқарадиганлари бор. Улар йўлда ён-атрофидаги машиналарга халал беришмайди.
- Аёлларнинг машина ҳайдаши кўп томонлама қулай. Бизнинг вазифамизга турмуш ўртоқаримиз ишда бўлган вақтларида болаларни боғча ва мактабдан олиб келиш ҳам киришини унутмаслик керак. Шахсий автоулови бор аёллар ҳам вақт ҳам маблағдан ютишади.
- Эркаклар орасида узу-кун ишда бўла туриб рафиқасидан эркак киши қилиши лозим бўлган уй юмушларини бажаришни талаб қиладиганлари ҳам бор. Шундай экан, нима учун аёллар эркаклар ҳайдаши мумкин бўлган машинани ҳайдамасликлари керак?
Автоулов бошқарувидаги аёллар ҳақидаги умумий фикрлар...
- Автомобилни аёл ёки эркак бошқаришининг аҳамияти йўқ. Қўлларини рул устига қўйиб, машинани бошқараяптими, у ҳайдовчи, тамом!
- Мен транспорт воситаларига умуман қаршиман. Яхшиси соғлом турмуш тарзига амал қилган ҳолда велосипед ҳайдаган яхши.
- Аёллар орасида машина ҳайдашни эндигина ўрганганлар ҳам дарров йўлга чиқишни исташади. Балки улар атрофдагиларнинг унга йўл беришлари, жой бўшатиб туришларига ёрдамлашишларига ишонишар? Аммо бу машина бошқаришни ҳали яхши ўзлаштирмаган ҳайдовчи учун хавфли.
— Машина харид қилишда эркакларнинг бор йўғи 15 фоизи машинанинг хавфсизлик ёстиқчаси бор-йўқлиги билан қизиқишар экан, аёлларнинг эса 97 фоизи буни тўлиқ текширишади.
— Автомобилни бошқариш вақти одатда эркаклар рулни бир қўллари билан, аёлларнинг аксарияти эса икки қўллаб ушлашар экан.
— Машина бошқарувини севувчи аёлларнинг 80 фоизи, эркакларнинг эса 73 фоизи бошқарувдан роҳатланишар экан.
— Саудия Арабистонида аёлларнинг машина бошқариши тақиқланган. 2012 йил қиролликда истиқомат қилувчи 5 та аёл машина бошқараётган вақтда қўлга олинган.
— Ҳайдовчилик гувоҳномаси бор эркакларнинг 27 фоизи аёллар машинани эркаклардан кам ҳайдашмайди, деб ҳисоблашади. 57 фоизи эса аёллар автоуловни рисоладагидек бошқара олишмайди, деб ҳисоблашади.
— 48 фоиз аёллар машинани эркаклар каби яхши бошқаришларини айтишади. 30 фоиз аёллар машинани эркаклардан кўра аъло даражада бошқарамиз, дейишади. 16 фоиз аёлларгина машинани эркаклар каби бошқара олмасликларини тан олишаркан.
Сизга қайси рангдаги машина ёқади?
Шунингдек, 50 нафар аёллар орасида “Сизга қайси русумдаги, қандай рангли машина ёқади?”, – деган саволимизга, аёлларнинг 32 таси бирваракайига Spark ва Cobalt автоуловларини, 11 таси Matiz’ни,қолганлари эса Lacetti, Жигули, Nexia каби машиналарни афзал билишларини айтишди.
Ранглар борасида аёлларнинг аксарияти оқ ва қора ранглардаги автоуловларни кўпроқ ёқтиришлари маълум бўлди. Улар орасида ёрқин қизил, яшил, мовий ранглардаги, ҳатто, тилла рангдаги машиналарни афзал билувчилар ҳам бор экан.
Машҳур аёллар орасида ҳам машина ҳайдовчилари талайгина
Дунёнинг машҳур аёллари ҳам машина харид қилиш ва уни ҳайдашни яхши кўришади. Улар орасида эркаклар ҳайдай олмайдиган автомобилларни бошқарганлари ҳам бор. Энди эса машҳур аёлларнинг машиналари, машина ҳайдаш борасидаги фикрларини ҳавола этамиз.
Мэрлин Монро: Бу рўйхатга биринчилардан бўлиб Мэрлин Монрони киритиш мумкин. Унинг колекциясида айнан нечта автомобиль бўлгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Аммо у Ferrari, Bentley ёки Rolls Royce каби машиналарга жуда қизиққани рост гап. У ҳайдаган илк машина Ford Thunderbird 1955 бўлган.
Женнифер Лопес: “Мен нўноқ ҳайдовчиман, машинани қандай бошқариш кераклигини биламан, холос. Рулга ўтирганимда миям бутунлай карахт бўлиб қолади. Бу мен учун ҳам, атрофдагилар учун ҳам хавфли”...
Елизавета II: Англия қироличаси Елизавета II бу борада бошқаларга ўрнак бўла олади. У соғлом турмуш тарафдори сифатида от миниш ва машина бошқаришни жуда яхши кўради. Гарчи ёши улуғ бўлсада, қиролича ҳозиргача машина ҳайдаши ҳақида маълумотлар бор. Range Rover русумидаги машина қироличанинг энг севимли машинаси саналади. Қизиғи шундаки, уруш йилларида Елизавета II санитар машинасининг механик-ҳайдовчиси ҳарбий тайёрлов курсини тамомлаган.
Ким Кардашьян: Ким бугунги кунгача бир қатор машиналарни ҳайдаб улгурган. Улар сарасига Ferrari, Mercedes-Benz G63, Range Rover, Rolls-Royce каби антиқа машиналарни киритиш мумкин.