Ислом динини ниқоб қилиб олган бу манфур кимсалар чекишади, спиртли ичимликлар, хусусан, вискини канда қилишмайди. Улар орасида одамларга худди бир буюмдек қарайдиган чет эллик ёлланма жангарилар ҳам бор.
Мақоланинг баъзи қаторларини қайта ва қайта ўқир эканман, воқеада ҳикоя қилинаётган одамлар, тинчлик, осойишталик, бағри бутунлик нималигини ёдидан ҳам чиқариб юборган минглаб аёллар, уйқуга тўйиб туришу, қорни тўқ, эгни бут ҳолатда ўйинчоқлар қуршовида, ота-онасининг меҳри ва муҳаббатидан баҳраманд бўлиб вояга етиши керак бўлган бегуноҳ болажонларнинг тақдирига ачиндим. Инсонлар бир-бирига меҳр улашиш учун яралган. Баъзан, одамийликдан йироқ, ваҳший ва қонхўр, бешафқат одамларни ер қандай қилиб кўтариб юрганига ҳайрон қоласан киши?
Суриянинг тинчлиги бузилганига 6 йилдан ҳам ошди. Шу йиллар ичида тинч маҳаллий аҳоли вакилларининг қанчаси ДАИШ зулмидан нобуд бўлганини тасаввур қилишнинг ўзи қўрқинчли. Улар орасида ўз уйини ташлаб кетган ёки тақдирга тан бериб ўша ерда “Ё ҳаёт, ё мамот” деб яшаётганлар қанча? Албатта, у ерда содир бўлаётган воқеаларни интернет-нашрлари орқали ўқияпмиз, видеолавҳалар ва янгиликларда кўриб, кузатиб боряпмиз. Боши узра учиб ўтаётган ўқ товушларини ҳар бир суриялик умрининг сўнгига қадар унутмаслиги аниқ. Бу қонхўрликлар энг мудҳиш воқеалар сифатида тарихга ҳам муҳрланади, албатта.
Афсуски, дунёдаги кўплаб давлатларда қонхўрлик қилиб тўймаётган ДАИШ жангарилари янгидан-янги “ғоя”ларни ўйлаб топмоқда. Минглаб бегуноҳ одамларнинг қони, ҳеч бир асоссиз қатл этилаётганларнинг кўз ёшлари, болаларнинг фарёдлари жавобсиз қолмайди. Бунга дунёнинг энг кучли давлатлари ўз кучи, маблағи ва вақтини аямаяпти.
Муаллифинг ёзганлари кўз ўнгингдан худди кино тасмасидек ўтади. Юрагингни қўрқув ва ҳадик аралаш нафрат қуршаб олади. Муаллиф ўз мақоласида гапни ДАИШ “ин қурган” ҳудудлардан қоча олган асира аёллар террорчиларга қарши махсус бўлинма тузаётгани ҳақида интернет тармоғида тарқалган хабарлардан бошлайди.
“Ироқнинг Мосул шаҳрида ўзларига қароргоҳ қурган ДАИШ жангарилари яқин атрофдаги қишлоқлардан кўплаб тинч аҳоли вакилларини олиб келди. Улар орасида катталар, аёллар, ҳатто, болалар ҳам бор. Асирларнинг аксарияти Мосулда. Маълумотларга кўра, уларнинг сони 3 мингтадан кам эмас. Бошқа маълумотларга қараганда, улар 5000 нафардан ошган. Баъзи катта ёшдаги асирлар сотилади, сотиб олинади, баъзилари мажбуран ҳудкушга айлантирилади, болаларни эса ўлдиришга ўргатишади.
Яқинда интернет тармоқларида 4 ёшли болакайнинг портловчи қурилмани ҳаракатга келтирувчи пультни ушлаб тургани тасвирланган видеолавҳалар тарқалди. У нарироқда турган машинанинг ичига ўрнатилган бомбани битта тугмачани босиш билан ҳаракатга келтиради ва машина ичида ўтирганлар бир сониядаёқ нобуд бўлади. Минг афсуски, ДАИШчилар ҳар куни шу болакайни қўлини қонга белашга, бегуноҳ одамларни ўлдиришга мажбур қилади. Бошқа болалар эса тўғридан-тўғри ҳудкушга айлантирилади. Уларнинг энг каттаси 5 ёшга ҳам тўлмаган. Оламон орасига кирган болакай бир сонияда юзлаб одамлар билан бирга йўқ бўлиб кетади. Қанчадан-қанча оилалар барбод бўлади, кимдир онасидан, кимдир боласидан, яна кимдир турмуш ўртоғидан жудо бўлади.
Қишлоқлардан олиб кетилган эркакларнинг барчаси отиб ташланди, аёллар ва болалар асир олинди. Жангарилар асираларни аввалига ўласи қилиб уришди, сўнг уларнинг номусига тегиб, қонини жангларда, террористик ҳужумларда жароҳатланган аскарларга қуя бошлашди. Болаларни эса ўз фойдалари йўлида ишлатишарди.
ДАИШ жангарилари керакли нарсаларни сотиб олиб, нархини одамлар билан тўлагани ҳақида кўпчилик билади. Афсуски, аёлларнинг ҳам номақбул йўлларда сотилиши ҳам БМТ томонидан тасдиқланган. Энг ёмони, улар учун 9 ёшга тўлмаган болалар – энг қиммат “мол” саналиши... Уларнинг қиз ёки ўғил бола экани аҳамиятсиз.
Маълумотларга кўра, 9 ёшга тўлмаган болани 180 АҚШ долларига сотиб олиш мумкин экан. 40 ёшдан ошган аёлларнинг эса манфур бозордаги нархи 30 АҚШ доллари деб баҳоланган. Мусулмон бўлмаган ҳар қандай инсон эса ўлимга маҳкум. Асирларнинг кўплари қочишга қўрқишади. Бунинг сабаби қочишга уринганлар қийноқлар билан узоқ муддат давомида ўлишга маҳкум қилинишидир.
Яна бир ҳикоя...
ДАИШга асирга тушиб сўнг улардан қочишга муваффақ бўлган асирларнинг “иқрорнома”лари аввал ҳам интернет-нашрлари орқали чоп этилган. Хусусан, салкам бир ой аввал, 2016 йилнинг 18 январь санасида “livejournal.com” интернет-нашрида чоп этилган ҳикоя ҳам ДАИШ чангалидан омон чиқа олган асирлар томонидан сўзлаб берилган.
“ДАИШ одамлар орасида ваҳшийлик бобидаги “хизматлари” билан машҳур, уларда инсонийлик бутунлай йўқолиб кетган.
Аҳоли яшаш жойларига ҳужум қилган ДАИШ жангарилари ўша одамлар ўртасида жорий қилган қонунларини амалда тадбиқ этади. Ҳатто, аҳамияти кичик бўлган нарсалар ҳам бирор қонун асосида амалга оширилади. Бу эса ақлсизлик! Масалан, улар бодринг ва помидорни битта қутига жойламасликни буюришади. Уларнинг фикрича, бодринг эркак жинсига, помидор эса аёл жинсига мансуб эмиш!
Қўлга олинган эркаклар, агар тирик қолиш насиб қилса, сотиб юборилади. Ислом динини ниқоб қилиб олган бу манфур кимсалар чекишади, спиртли ичимликлар, хусусан, вискини канда қилишмайди. Улар орасида одамларга худди бир буюмдек қарайдиган чет эллик ёлланма жангарилар ҳам бор.
Суриядаги қишлоқларнинг бирида бўлиб ўтаётган тўй маросимида ДАИШ жангариларининг бошлиқларидан бири келинни ўзи билан мажбуран олиб кетади. Келин кетишдан бош тортса ёки оила аъзолари уни беришга рози бўлмаса, қўнхўрлар барчани қириб ташлаш билан қўрқитади. Шу сабабли ҳам тинч аҳоли вакиллари шунчаки, ўз уйларини ташлаб кетишни афзал билишади. Сурияда ДАИШ чангалидан қочишга урунган 12 миллионга яқин одам бор.
Энг ачинарлиси, ҳаммадан кўпроқ аёллар ва болалар азият чекишади. Улар жориялар қаторида ДАИШ жангариларининг қўлида ўйинчоқ бўлишга мажбурлар. ДАИШ аёллар устидан зўрлик қилишни ўз қоидаларидан бири деб тан олган. АҚШ махсус хизмати вакиллари берган маълумотларга кўра, ўтган йили ДАИШнинг қўлида 5000 га яқин асира аёлларнинг борлиги аниқланган.
Болалар госпиталида ишлайдиган америкалик Кайла Мюллер ДАИШ раҳбари томонидан ушланган. Абу Бакр ал-Боғдодий уни жория сифатида уй қамоғига маҳкум этган ва уни ўша уйда кўп маротаба уриб, номусига теккан. Кайланинг ўлимидан аввал оммавий ахборот воситалари орқали бир мактуб чоп этилди. Унда Кайлага яхши муносабатда бўлганликлари ҳақида ёзилган. Албатта, бу навбатдаги уйдирма, ёлғон эди.
Умуман ушбу ҳикояда аёлларга қўпол муносабатда бўлишгани ҳақидаги бошқа далиллар ҳам келтирилган. Аммо уларни ёзишга қўлим бормади. Аёлларнинг жангарилар солган қийноқларга чидолмай, бошидаги рўмолга ўзини осиб ўлдираётгани ҳам Кайла Мюллер номидан чоп этилган мактуб асли сохта эканини яна бир бор исботлаб, ёзилмаган гапларнинг “сири”ни ошкор этади.
Асирга тушган болалардан ташқари жангарилардан ҳомиладор бўлган аёлларнинг ҳам қисмати даҳшатли. Улар руҳий зарбалардан сўнг, дунёга келтирган боласига меҳр-муҳаббат бера олмайди ва ДАИШ қоидаларига асосан асиралар туққан болалар ташлаб кетилади. Бундай норасидаларнинг сони эса кун сайин ортмоқда.
Болалар борасида, юқоридаги мақолада ҳам уларнинг “қимматбаҳо мол” экани ҳақида айтилганди. Асирга олинган болалар бегуноҳ одамларни ўлдириш, қон тўкиш кабилар ғояси билан тарбияланади. Бошқача қилиб айтганда, улар ўлимга тайёраланади...
Асирлар томонидан ҳикоя қилинган юқоридаги каби ўнлаб ҳикоялар интернет-нашрларида тинимсиз чоп этиб келинмоқда. Уларнинг ҳикоялари жуда ўхшаш. Уларни ўқиганингиз сари ДАИШнинг “янги қирралари” очилиб бораверади.
Бу террористлар қайси давлатда пайдо бўлмасин қон тўкилишига, юзлаб, минглаб бегуноҳ инсонларнинг ҳаёт билан вақтидан эрта видолашишига сабаб бўлмоқда. Назаримда, уларнинг ўзи нима қилаётганини билмайдиган, онгига аҳмоқона нарсаларни қуйиб олган, Ватан тушунчасидан йироқ, ота-она меҳридан мосуво, миллионлаб одамлар қарғишига дучор бўлган манқуртлардир.
Ижтимоий тармоқларни кузатар эканман минглаб ҳамюртларимизнинг “Тинч ва мусаффо осмон учун раҳмат!” деб ёзиб қолдирган миннатдорлик оҳангидаги изоҳларига кўзим тушди. Халқимиз азал-азалдан нафақат ўзига, балки қўшинисига ҳам тинчлик, осойишталик тилаган, тинчликсевар халқ. Бугун Ўзбекистонда истиқомат қилаётган ҳар бир киши эртасига умид, ишонч билан боқади. Унда тонглар ўқ овози билан эмас, қушлар чуғур-чуғурию болаларнинг шодон кулгуси ила отади. Унда тунлар осуда, кундузлар фаравон. Бунинг замирида Ўзбекистон аҳолисининг, ҳар бир оила, ёшу-қари, аёллар ва болаларнинг саломатлиги, тинчлиги ва осойишталигининг кафолати ётади. Ҳеч эътибор берганмисиз, кексалар дуога қўл очганда юртга тинчлик, сиҳат-саломатлик, фарзандлар камолини сўрайди. Зеро инсон умриданда азиз, Ватан мустақиллигию эл фаравонлигидан муқаддас неъмат йўқ бу оламда.