...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бермуд учбурчагининг сири: бедарак йўқолган кемалар қисмати


19:26, 18.10.2017 Бу қизиқ
 6 969

Ўша ҳудудни ёнлаб ўтган елканли кемалар экипажи ўз­ўзидан телба бўлиб қолиб, бир­бирларини сувга улоқтирганлар...

Азиз мухлислар, аввалроқ Бермуд учбурчагининг сири нимада эканлигини таҳлил этишга урингандик. Унда бундан 40 йил аввал илгари сурилган илмий фаразлар ҳамда янги тадқиқот натижаларига кўра баъзи бир фикр-мулоҳазалар эътиборингизга ҳавола этилган эди.
 
Энди Бермуд учбурчаги ҳудудида бедарак йўқолган кемалар қисмати билан танишамиз...
 
Бедарак йўқолган кемалар
 
Кемалар нега бедарак йўқолади, деган саволга аниқ жавоб бериш жуда мушкул. Биринчи мақолада келтирилган тахмин ҳам бу жумбоққа ойдинлик кирита олмаслиги рост.
 
Маълум бўлишича, Бермуд учбурчагида бедарак йўқолган кемаларнинг аксарияти яримшарда қиш фасли ҳукмрон бўлганида содир бўлар экан. Бир мисол, “Уранг медан” номли голланд кемаси талофатга юз тутгандан сўнг қутқарувчилар томонидан денгизчиларнинг жасадлари топилди.
 
Ҳайратланарлиси шундаки, кема экипажи аъзоларининг юзлари даҳшатли тарзда буришиб кетганди. Танасининг бошқа аъзоларига эса зиғирча шикаст етмаган. Барчасининг танаси муз бўлакчаларига айланиб қолган.
 
Учбурчак доираси атрофида ҳалокат сабаби ноаниқлигича қолаётган ўнлаб кемалар топилган. Бирларида денгизчиларнинг жасадлари топилган бўлса, яна бирларида экипаж аъзоларининг изи ҳам йўқ, ҳатто кеманинг айрим қисмлари юлиб олингандай ваҳимали манзара касб этарди. Сувости кемаларидан эса одатда ҳеч нарса қолмайди...
 
Қадимда денгиз қароқчилари бу жойни “иблис макони” дея аташган. Ўша ҳудудни ёнлаб ўтган елканли кемалар экипажи ўз­ўзидан телба бўлиб қолиб, бир­бирларини сувга улоқтирганликлари ҳақида қайд этилган маълумотлар мавжуд.
 
Қуюқ туман таъсирида, ёз фасли бўлишига қарамай, кема­ю унинг аъзолари муз сумалакларига айланиб қолгани ҳақидаги афсоналар кемасозлар тилидан тилига кўчиб юради. Қароқчилар эса бортига тилла ва кумуш буюмлар ортилган ҳар қандай кема бу ҳудуддан омон ўта олмаслигига ишонганлар.
 
Театр актёрларининг “ваҳимаси”
 
Бермуд учбурчагида содир бўладиган ғайритабиий воқеаларни 1935 йилда академик Василий Шулейкин (1895–1979) томонидан илгари сурилган “Денгиз товуши” дея аталган гепотиза янада ишончлироқ тушунтиради.
 
Воқеа Артикада шарсимон метеорологик асбобларини учириш учун юборилган “Таймир” музёрар кемаси бортидан бошланган.
 

 
Одатда об­ҳавони ўзгаришини ўрганиш учун учириладиган шарсимон ускунани бу иш билан шуғулланувчи аэролог юзига яқинроқ олиб келади ва оғриқдан қичқириб юборди. Ускуна сиртида кучли тебраниш ҳосил бўлиб, олимнинг қулоқлари битиб қолади. Ўзини ноҳуш сезиб, ғалати хатти­ҳаракатлар қила бошлайди. Орадан бир мунча вақт ўтгач, қош қорайиб, кучли бўрон туради.
 
Воқеа одатга кўра кема иш юритувчиси томонидан борт журналига қайд этиб қўйилади. Ушбу маълумотларни ўрганган академик Шулейкин океан юзасида юз бериб турадиган ғайритабиий воқеани қайсидир маънода тўлиқроқ изоҳловчи тахминни илгари суради ва бу гипотеза тадқиқотчи Николай Никлолаевич Андреев (1880–1970) томонидан математика нуқтаи назаридан исботлаб берилади.
 
Ушбу илмий тахминнинг мазмуни шундан иборатки, катта майдонни эгаллаган сув ҳавзаларида бўрон ёки тўфон турганда, аниқроғи бу табиат ҳодисасидан олдинроқ ҳаво қатламлари орасида “қаттиқ тўқнашув” юз беради.
 
Бу ҳодисани тушуниш учун қарама­қарши зарядга эга булутларнинг тўқнашувидан ҳосил бўладиган момоқалдироқ гумбурлашини ёдга олишимиз керак. Фақат мазкур ҳодисада чақмоқ ўрнига кучсиз ҳаво тебраниши ва бунинг оқибатида кучсиз инфратовуш пайдо бўлади.
 
Шамол тезлигини сониясига 20 метр деб оладиган бўлсак, бир квадрат метр денгиз тўлқиндан 3Вт кучга эга “денгиз товуши”, яъни инфратовуш ҳосил бўлади. Натижада шамол таъсирида тебранаётган денгиз тўлқини юзасида бир неча ўн киловат кучга эга бўлган “инфратовуш ўчоғи” юзага келади.
 
Кучсиз тебранишга эга бўлган товушнинг тезлиги эса 1200 с/км га етади ва буни инсоннинг (ҳайвонларнинг ҳам) тана сезгилари илғамайди. Негаки, инсон қулоғи, яъни эшитишни назорат қиладиган мия ярим шарларидаги асаб толалари фақат маълум тебранишли товушларни таҳлил қила олиши, демак, эшитиш қобилиятига эга.
 
Америкалик физик Роберт Вильямс Вуд (1868–1955), бундан ташқари, айрим европалик тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, кучсиз тебранишли товуш инсон ва ҳайвон организмига салбий таъсир кўрсатар экан.
 
Роберт Вуд мазкур мавзуга бағишланган тажрибани театр биносида, актёрлар репетиция қилаётган чоғда ўтказишга қарор қилди. Одатда зарарсиз дея қараладиган кучсиз тебранишли товуш улар томонга бир неча дақиқа давомида узатилди.
 
Натижада театр жамоасида ҳеч бир сабабсиз тахлика, ур­тўполон, қўрқув, нима қилиб бўлса ҳам театр биносини тарк этишга ҳаракат қилиш ҳаракатлари кузатилади.
 
Демак, сув сатҳида тўфон туришидан олдин кучсиз тебранишли инфратовуш пайдо бўлиши, товуш таъсирига тушган экипаж аъзолари саросимага тушиб бир­бирларини сувга улоқтириши эҳтимолдан ҳоли эмас.
 
Бошқарувсиз қолган кема океаннинг чексиз сарҳадларида ҳар қандай фалокатга дуч келиши мумкин... 
Улуғ БЕК

Теглар:Бермуд учбурчаги Илмий тахминлар Океан остидаги ғорлар Бедарак йўқолган кемалар Инфратовуш ўчоғи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!