...
МЕНЮ
ONLINE TV

Баку – Тошкент – Баку ўртасида арзон парвоз йўлга қўйилди


17:59, 30.06.2018 Олам
 2 230

Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу самолётларнинг чипта нархи бошқалардан арзон.

Эндиликда Озарбайжоннинг Баку шаҳрига нафақат “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК самолётларида, балки “Azal air” самолётларида ҳам учиш мумкин. Бугун, 30 июндан эътиборан “Azal air” ҳаво йўлларининг Баку – Тошкент – Баку йўналишидаги парвози йўлга қўйилди. Бакудан йўлга чиққан Embraer – 190 самолёти 54 йўловчи билан Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортига келиб қўнди.
 
Мувуффақиятли амалга оширилган парвоз йўловчилари  тантанали тарзда кутиб олинди. Соат 10:30 да Тошкентга келиб қўнган самолёт, 80 нафар йўловчи билан 12:30 да Бакуга йўлга чиқди.




 
Йўловчилар “Azal air” ҳаво йўлларининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимлари, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази расмийлари томонидан кузатиб қўйилди.
 
Бакуга отланган йўловчилар орасида Ўзбекистон журналистикасининг кўзга кўринган вакиллари “Дунё бўйлаб” телеканали журналистлари Элмира Тухватуллина, Гулсара Соатхонова, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди Наргис Қосимова, “Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари Қамариддин Шайхов, фотомухбир Шерзод Икрамутдинов ҳам бор.
 




Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилдан бошлаб, мамлакат туризм соҳасини ислоҳ қилиш, сайёҳлар оқимини кенгайтириш, виза олиш билан боғлиқ муаммоларга барҳам бериш ва сайёҳларга шароит яратиш борасида қатор қарорларни имзолади. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК гарданига масъулиятли вазифаларни юклади. Булардан бири “очиқ осмон” тизимини қўллаш, чипталар нархини тушириш, бунинг учун халқаро авиакомпаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш эди. “Azal air” билан ўрнатилган ҳамкорлик эса мазкур масъулиятли вазифаларнинг амалий натижасидир.
 
Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу самолётларнинг чипта нархи бошқалардан арзон. Самолётдаги ўринлар фақат тежамкор иқтисод классдан иборат. Парвоз давомийлиги икки ярим соатни ташкил этади.
 
Баку – Тошкент – Баку парвози ҳар ҳафтанинг шанба кунлари, Ҳайдар Алиев номидаги халқаро аэропорт ва Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропорти ўртасида амалга оширилади. 















Фотомухбир Шерзод Икрамутдинов

Теглар:Баку – Тошкент – Баку Azal air 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!