“Ўзбеккино” Миллий агентлигида “Ўзбекфилм” АЖ акциядорларининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди.
“Ўзбекфилм” Давлат унитар корхонасининг Бош директори этиб Фотиҳ Ҳамидович Жалолов тайинланди. Бу ҳақда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Мустақил баҳолаш ташкилоти GIGA PRICE маъсулияти чекланган жамияти томонидан “Ўзбекфилм” АЖ акциялари ҳар бир донасига 6100 сўм баҳо белгиланган бўлиб, Ўзбекистон Республикасида Хизмат кўрсатган маданият ходими, кинооператор Ҳамидулла Ҳасанов ва “Ўзбеккино” МА қошидаги “Ёшлар ижодий тажриба студияси ” ДУК раҳбари Иззат Саиджабборовлар “Ўзбекфилм” Давлат унитар корхонаси ривожи учун ўз акцияларини беғараз тақдим этишларини билдирган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 июлдаги “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарорида “Ўзбекфилм” акциядорлик жамиятини жамият таркибидан чиқиб кетадиган акциядорлар билан қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда ҳисоб-китобни амалга оширган ҳолда “Ўзбекфилм” давлат унитар корхонаси этиб қайта ташкил этиш вазифаси берилганди.