2016 йил кўплаб қувончли воқеалар билан бирга, кўзни ёшлатадиган талофатлар, йўқотишларни олиб келди. Терактлар, бахтсиз ҳодисалар сабаб минглаб одамлар ҳаётдан эрта кўз юмди.
ТЕРАКТЛАР
7-8 январь – Ливия ва Мисрдаги теракт.
Биринчи теракт Ливия пойтахтидан 160 км узоқликда жойлашган Злитен шаҳрида уюштирилди. Ҳудкуш курсантларнинг машғулот майдонига машинада бостириб кирган. Оқибатда 70 нафар одам қурбон бўлди, 200 нафардан ортиқ одам тан жароҳати олди. Кейнги машина портлаши Рас-ал-Ануф шаҳрида бўлди. Манбаларда бу воқеа оқибатида 7-10 нафар одам ҳалок бўлгани, 40 нафар одам ҳалок бўлгани хабар қилинди. Террористик ҳужум учун жавобгарликни “Ислом давлати” террорчи гуруҳи ўз бўйнига олган.
8 январь куни Мисрнинг туристик шаҳри Хургададаги меҳмонхонага икки қуролли шахс томонидан ҳужум уюштирилди. Оқибатда 3 нафар саёҳатчи ҳалок бўлди.
22 марть – Брюссель аэропорти ва метрополитенидаги теракт.
2015 йил 13 ноябрь куни Парижда содир этилган йирик террорчилик ҳаракатидан сўнг Бельгия Бош вазири Шарль Мишель Брюсселда катта теракт хавфи борлигидан огоҳлантирган эди. 2016 йил 18 март куни Париж теракти асосчиси, деб гумон қилинаётган Салоҳ Абдусалом Брюсселда қўлга олинди. 22 мартдаги теракт эса унинг қўлга олинишига норозилик тарзида содир этилди.
Ўша куни маҳаллий вақт билан соат 08:00 да Брюссель аэропортида иккита портлаш содир этилди. Бу портлашлар натижасида 14 нафар одам ҳаётдан кўз юмди, 96 киши турли даражадаги тан жароҳати олди. Аэропортга қўниши керак бўлган самолётлар захира аэродромга қўндирилди. Брюссель аэропорти биноси қисман зарар кўрди.
Учинчи портлаш аввалгиларидан, тахминан, бир ярим соат кейин содир этилди. Бу сафарги портлаш Брюссель метрополитенининг “Малбек” ва “Шуман” метро бекатлари орасида кетаётган поездда рўй берди. Портлаш 20 нафар одамни ҳаётдан олиб кетди, 106 кишига тан жароҳати етказди. Шаҳар метроси бутунлай ёпиб қўйилди.
Портлашларни содир этган шахсларнинг номи аниқланди, улар бельгиялик ака-ука Иброҳим ва Ҳолид Эл Бакрауи эди. улардан бири аэропортдаги, иккинчиси метрополитендаги портлашни содир этган. Кейинчалик аэропортдаги иккинчи қўпорувчилик ҳаракатини уюштирган шахс ҳам аниқланди. У марокашлик Нажим Лаашрауи бўлиб чиқди.
12 июнь – Орландодаги йирик қотиллик.
“Pulse” номли тунги клубда 29 ёшли Омар Мартин ўқотар қурол билан одамларни нишонга ола бошлади. Шундан сўнг клубдаги одамларни гаровга олди. Ушбу отишма оқибатида 49 нафар одам ҳалок бўлди, 53 нафар одам жароҳат олди. Гаровга олинганларни полиция қутқариб олди. Омар Мартин эса отишма чоғида ҳалок бўлган. Ушбу терактга ҳам жавобгарликни “Ислом давлати” террорчи гуруҳи ўз бўйнига олган.
Бу теракт АҚШ тарихидаги 2001 йил 11 сентябрь воқеаси ва 2012 йилдаги Сенди-Хук бошланғич таълим мактабида юз берган оммавий қирғиндан кейинги ўринда турувчи йирик қотиллик ҳисобланади.
28 июнь – Истанбулдаги “Отатурк” номли аэропортда теракт.
Бу террористик ҳужум ҳам фожиали кўриниш олган. Ҳудкушлар томонидан амалга оширилган ушбу ҳужум оқибатида 45 киши оламдан ўтди, 239 нафар одам жароҳатланган. Террорчилар аэропортнинг 2-терминалида портлаш содир этишди ва самолётлар турар жойида одамлар ўққа тутилди. Террорчилар ИШИД билан алоқадорликда гумон қилинган.
3 июль – Бағдоддаги теракт.
Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрида портловчи ускуна ўрнатилган машина ва қўлбола бомба ишга туширилган. Дастлабки портлаш пойтахтнинг марказий тумани ҳисобланувчи Ал-Каррад ҳудудида содир бўлган. Бу ерда кўпчилик одамлар диний маросим ўтказаётган эди. Қўлбола портлатгич эса Бағдоднинг шимолий туманидаги Аш-Шааб бозори атрофида ҳаракатга келтирилган. Ҳалок бўлганлар сони 292 нафарга етди, жароҳат олганлар эса 200 дан ортди.
14 июль – Ниццадаги теракт.
Шу куни кечқурун Франциянинг Ницца шаҳрида Бастилиянинг қўлга олиниши шарафига уюштирилаётган мушакбозликни томоша қилиш учун кўпчилик одамлар йиғилган эди. Келиб чиқиши тунислик бўлган Мухаммад Лауэж-Булел 19 тонналик юк машинасини йиғилиб турган одамлар устига ҳайдаб борди. Юк машинаси 60-70 км соат тезлик билан одамларни босиб ўтиб, 2 км масофага бориб тўхтаган. Дастлаб уни тўхтатиш учун номалум эркак машина кабинасига чиқишга муваффақ бўлган, шу аснода у террорчига қўли билан бир неча марта зарба ҳам берган. Бироқ террорчи пистолет билан эркакни отиб ташлашга уринган.
Террористик ҳужум оқибатида 86 нафар одам ҳалок бўлди, 308 нафар киши тан жароҳати олди. Мухаммад Лауэж-Булел воқеа жойида полиция томонидан отиб ташланган.
15 июль – Туркиядаги ҳарбийларнинг давлат тунтатиришига уриниши.
15 июль тунидан 16 июль тонгига қадар Туркия ҳарбийлари давлат тўнтариши уюштириш мақсадида Анқара, Истанбул, Конь, Мармарис, Малат ва Карс шаҳарларидаги бир қатор стратегик муҳим бўлган давлат идораларини ўз назоратига олди. Бироқ бу уриниш муваффақиятсиз якун топди. Ҳокимият қонуний президент ва расмий ҳукумат қўлида қолди.
Стратегик муҳим ҳисобланган давлат идораларини қўлга киритиш учун бўлган жангда қўзғолончилардан 104 нафари Туркия ҳукумати полициясидан 43 нафари, тинч аҳолининг 47 нафари ҳалок бўлди.
Бу ҳарбий қўзғолон бошланганида Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған ўзининг оиласи билан Мармарис шаҳридаги меҳмонхонада эди. У бир соат ичида Истанбулга етиб борди. 16 июль куни кечгача шаҳарлардаги тартибсизлик бостирилди. Давлат раҳбари 3 ойлик фавқулодда ҳолат эълон қилди. Кейинчалик бу ҳолат яна уч ойга чўзилди.
20 август – Ғозиантепдаги портлаш
Туркиянинг Ғозиантеп провинциясида 20 август куни никоҳ тўйи ўтказилаётган эди. Ушбу тўйда 12-14 ёшли болалар томонидан портлаш уюштирилди. Портлаш натижасида 30 нафар одам ҳалок бўлди, 94 нафар одам тан жароҳати олди. Теракт содир этилган жойни видеотасвирга олиш ва уни телевидение орқали эфирга бериш тақиқланган.
Бу воқеа йил фожиаси деган номга мос эмас, дейишингиз мумкин, бироқ бу портлаш ёш болалар томонидан амалга оширилгани ҳақида ўйласангиз, ҳатто, аср фожиаси дейишга ҳам арзийди.
19 декабрь – Берлиндаги Рождество ярмаркасидаги теракт.
Бу ҳодиса ҳам, худди, Ниццадаги каби содир бўлган. Бу сафар Рождество ярмаркасида тўпланган одамлар устига юк машинасида бостириб кирилди. Бу жиноятни тунислик Анис Амри қилгани гумон қилинаётган эди. Воқеадан бир неча кун ўтгач, 24 декабрь куни Анис Амри Милан шаҳри полициячилари билан отишмада қурбон бўлди. Унинг бармоқ излари Берлинда одамлар устига бостириб кирган юк машинасидан ҳам топилган.
АВИАҲАЛОКАТЛАР
24 февраль – Непалда содир бўлган DHC-6 самолёти ҳалокати.
“Tara Air” авиакомпаниясига тегишли DHC-6 Twin Otter йўловчи ташувчи самолёти Непалнинг Мьягди туманидаги Дана қишлоғи яқинида ҳалокатга учради. Ички парвозни амалга ошираётган самолёт бошқарувни йўқотган ва радарда кўринмай қолган. Ҳаво кемаси Дана яқинидан топилган, унинг барча – 23 нафар йўловчиси ҳалок бўлган. Йўловчиларнинг бири Гонконг, яна бири Қувайт фуқароси эди.
Маълумотларга қараганда қулаган самолётнинг бўлаклари 200 метр кенгликдаги майдонга сочилиб кетган.
19 марть – Boeing 737 самолётининг Ростов-Дон вилоятидаги ҳалокати.
Ўша куни тунда “FlyDubai” компаниясига тегишли Boeing-737 самолёти 918-рейс билан Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳридан Россиянинг Ростов-Дон шаҳрига парвозни амалга ошириши керак эди. Ноқулай об-ҳаво шароитида икки соат давом этган парвоздан сўнг, экипаж самолётни Ростов-Дон аэропортига икки бор қўндиришга уринди. Дастлабки муваффақиятсиз чиққан уринишдан кейинги ҳаракат бутунлай фожиали якун топди. Ҳаво кемаси баландликка кўтарилаётган бир вақтда, бирданига пастлай бошлади ва катта тезлик билан ерга урилди. Самолёт батамом сочилиб кетди. Ундаги 55 нафар йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзоларининг барчаси ҳалок бўлди.
19 май – Ўртаер денгизи устида А-320 самолётининг ҳалокати.
Париж-Қоҳира йўналишидаги парвозни амалга ошираётган “EgyptAir” компаниясига тегишли А-320 самолёти Мисрнинг Искандария шаҳридан 290 км узоқликда, Ўртаер денгизи устида ҳалокатга учради. Унинг бортида бўлган 56 нафар йўловчи ва 10 нафар экипаж аъзоларининг барчаси ҳалок бўлди. Йўловчиларнинг аксарияти Миср фуқаролари эди. Яна 15 нафар йўловчи франциялик бўлган. Самолёт қулашидан аввал диспечерга бортда бир қанча муаммолар пайдо бўлгани ҳақида хабар келган. Улар: учувчи олдидаги ойнани иситиш тизимида, ўнг томон ойна тозаловчи ускунада, автопилотда, қўлда бошқаришда, электроника ва учувчи компьютеридаги муаммо. Кейинчалик, 16 сентябрь куни мутахассислар самолёт қолдиқлари орасидан портловчи ускуна излари борлигини аниқладилар. Бироқ бу самолёт террористик ҳужум туфайли ҳалокатга учраган, деб хулоса чиқариш учун етарли далил эмас.
28 ноябрь – Медельин устида авиаҳалокат.
Худди шу авиаҳалокатда “Шапекоэнсе” футбол клубининг деярли барча ўйинчилари ҳалок бўлган. Бортида 68 нафар йўловчи ва 9 нафар экипаж аъзоси бўлган Avro RJ85 ҳаво кемаси Санта-Крус-де-ла-Сьерра – Медельин йўналишида парвозни амалга ошираётган пайтда ҳалокатга учради. Дастлабки тахминларда унинг ҳалокатига ёқилғи етишмагани сабаб қилиб кўрсатилди. Унинг бортидаги йўловчилардан фақат 6 нафари омон қолган.
Бразилиянинг “Шапекоэнсе” футбол клуби вакиллари Жанубий Америка кубоги мусобақаси доирасида Колумбиянинг “Атлетико Насьональ” клубига қарши майдонга тушиши керак эди. Бироқ бахтсиз ҳодиса сабаб финал учрашуви ўтказилмади. Жанубий Америка футбол конфедерацияси 5 декабрь куни “Шапекоэнсе” футбол клубини расман “Судамерикана-2016” кубоги чемпиони, деб эълон қилди.
7 декабрь – “Pakistan Airlines”га тегишли ATR 42 самолётининг ҳалокати.
Покистоннинг Читрал шаҳридан парвозга чиққан “Pakistan Airlines”нинг ATR 42 самолёти Исломобод шаҳрига қўниши керак эди. Борт ичида 42 нафар йўловчи ва 5 нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт парвоз вақтида ҳалокатга учради. Йўловчиларнинг 31 нафари эркак киши, 9 нафари аёл ва яна иккитаси болалар бўлган ва уларнинг ҳеч бири тирик қолмаган.
Самолёт қулаб тушган жойда ёнғин юзага келган. Катта майдонга тезлик билан ёйилган ёнғин сабаб кўплаб кишиларнинг юзи ва танаси таниб бўлмас даражага етган. Самолёт бўлаклари остидан 47 нафар йўловчидан 46 нафарининг жасади топилди. Воқеа сабаблари ўрганилмоқда.
25 декабрь – Ту-154 самолёти ҳалокати.
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигига тегишли Ту-154 самолёти Қора денгиз тубида ғарқ бўлгани маълум қилинди. Сўнгги хабарларга қараганда, Сочи қирғоғидан 1,5 км узоқликда, 50-70 метр чуқурликда топилган. Самолётда 84 йўловчи, 8 нафар экипаж аъзоси бўлган. Уларнинг деярли барчаси ҳалок бўлган, деб тахмин қилинмоқда.
Самолёт бортида асосан маданият ва санъат соҳаси вакиллари бўлган. Артистлар ва журналистлар Россия ҳарбийларини Янги йил билан қутлаш учун “Хмеймим” авиабазасига йўл олишган эди. Йўловчиларнинг аксарияти Александров номли ашула ва рақс ҳарбий ансамбли артистлари эди.
Россия Транспорт вазири Максим Соколковнинг сўзларига кўра, авиаҳалокатда теракт белгилари йўқ. Самолётнинг қулашига техник муаммолар ёки бошқаришда йўл қўйилган хатоликлар сабаб бўлиши мумкин. Айни вақтда мутахассислар воқеа устида текширув олиб бормоқда.