...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Ёшлар ҳафталиги” доирасида қисқа метражли фильмлар намойиши 16-21 кунлари ўтказилади


14:29, 08.11.2015 Кино
 3 723

Ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган “PROlogue” қисқа метражли фильмлар намойиши ҳамда соҳа мутахассислари томонидан маҳорат дарслари ташкил этилади.

   16-21 ноябр кунлари “Ёшлар ҳафталиги” доирасида илк бор “PROlogue” жанрида ишланган фильмлар фестивали бўлиб ўтади. Фестиваль Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбеккино” МА, “Камолот” ЁИҲ билан ҳамкорликда Ватан, она табиат, гўзаллик, инсонийлик, бағрикенглик, бунёдкорлик каби мавзуларда қисқа метражли фильмлар яратиш ҳамда мазкур йўналишда ижод қилаётган ёш истеъдод эгаларини излаб топиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилмоқда.

   Кинофестиваль ҳафталиги олдидан таниқли режиссёрлар, актёр ва актрисалар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этиляпти. 10 ноябр куни Ўзбекистон Давлат Санъат ва маданият институти талабалари ва кинофестиваль иштирокчилари билан бўлиб ўтган маҳорат дарсларида тажрибали режиссёр Ёлқин Тўйчиев иштирок этди. Сценарийнавис ва кинорежиссёр ўз тажрибаси билан ўртоқлашар экан - “сўз кинода жуда аҳамиятли, лекин ҳис-туйғулари ва маҳорати чексиз режиссёр сўзсиз ҳам чиройли кино олиши мумкин” - дея ёш ижодкорларга кино олишда анъанавий услублардан қочишни маслаҳат берди.

   Фестивалда иштирок этиш учун жами 100 дан ортиқ ариза, 60 дан ортиқ фильмлар келиб тушган. Картиналар орасидан 20 таси намойиш учун саралаб олинган. Уларнинг фақат 4 тасигина “Энг яхши қисқа метражли бадиий фильм” (бош соврин), “Энг яхши сценарий”, “Энг яхши режиссёрлик иши”, “Энг яхши операторлик иши” номинацияларида ғолибликни қўлга киритади. Ғолибларни тақдирлаш маросими эса 21 ноябр куни “Ёшлар ижод саройида” бўлиб ўтади.
Ёдгор Абдулло

Теглар:PROlogue Ёшлар ҳафталиги 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!