...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ёшлар Иттифоқига: Номингизни тўғри ёзишни ўрганинг!


18:36, 05.12.2018 Жамият
 16 188

“Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ахборотномаларидаги хатолик

Зарур иш билан Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг “Ёшлар – келажагимиз” жамғармасига боргандим. Менга керакли одам ўз ўрнида йўқ экан, ҳозир келади, дейишди. Ярим соатдан ошиқроқ давом этган “ҳозир” жараёнида зерикиб қолмаслик учун йўлакда қатор қилиб илинган, бир-биридан кўркам “стенд”ларни бирма-бир кўздан кечирдим.

Ҳайратландим, кулгим келди, кейин эса ачиндим... Эсиз!
 
Торгина йўлакда учта бир-бирига ўхшаш жамғарма, унинг мақсади ва вазифалари ҳақидаги ахборотномалар деворда осилган ҳолда турибди.  
 
Хатоларни кўринг, хатоларни
 
“Yoshlarning startaplari, g’oyalari va loyihalarning manzilli ro’yxatini shakillantirsh”
 

 
“Ustoz-shogirt” an’analarini yo’lga qo’yish”
 


 “Startup” loyihalarini amalga oshirilishida ko’maklashish”
 
 
 
МУЛЛАНИНГ АЙТГАНИНИ ҚИЛ,
ҚИЛГАНИНИ ЭМАС...
 
Яна бир гап, жамғарма ҳозирча ўз мақсадлари рўйхатидан “savodhonlikni yanada oshirish” масаласини сал четроққа суриб турса ҳам бўлади. Деҳқонча қилиб айтганда, ҳали уларга бор-да… Аввал саводли бўлишсин, ўргатиш қочмас!
 


Бу ҳаммаси эмас, ҳамма жойда ҳам бўлгандек бу “стенд”ларда кичик ишоравий ва услубий хатолар ҳам бор.
“Стенд”ларнинг учаласи билан танишиб чиққач, менда савол туғилди: жамғарма ростдан ҳам ёшларда “savodhonlikni yanada oshirish” мақсадида тест саволларини тузиб, сирли равишда ахборотномаларга жойлаштирганми?

Биринчи “стенд”да тўғри ёзилган сўз иккинчисида хато  ёзилган ёки аксинча, иккинчисида тўғри бўлса, биринчисида хато:

Shakllantirish — shakillantirish
Ustoz-shogirt — ustoz-shogird
Savodxonlik — savodhonlik

Хуллас, тўғри жавобни топинг!

Кейин “тўғри жавоб йўқ” деган вариант ҳам бор, мана:

Startap — Startup (аслида “Start-up” тарзида ёзилади)

Жамғарма ташкил этилганига 5 ойдан ошибди. Фармон ижроси бўйича жамғарма ходимлари “ишга шу қадар шўнғиб кетганликлари” учунми, бу “баннер”лар майли, ҳатто, ЖАМҒАРМАНИНГ НОМИ АЙНАН ҚАНДАЙ ЁЗИЛИШИ борасида бир тўхтамга келолмаганликларига  ачинади киши...

“Yoshlar-kelajagimiz” jamg’armasi
(Ёшлар ва келажагимиз жуфт сўзлар эмас!)



“Yoshlar kelajagimiz” jamg’armasi
 (Бу икки сўз орасида ҳеч қандай тиниш белгисининг йўқлиги, тугалланмаган содда гапга ўхшайди)

Аслида эса...
“YOSHLAR – KELAJAGIMIZ” ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ

Ҳурмат ва эътиборингизга тасанно!

Ҳурматли Бунёд Баҳромбеков!

Сиз саводхонликнинг энг юксак намуналари акс этган бу ахборотномалар ёнидан 5 ой давомида 500 марта ўтиб-қайтганингизга ишончим комил, аммо бир бора ҳам кўзингиз тушмаганига шубҳам бор.
 


Раҳбарлик ҳужжатларига исм-шарифингизни бехато ёзишингизга ишонаман, жамғарма номини Сиз ва барча ходимлар ҳам ўз номидек авайлашига эса...

Бу “стенд”лар илинган жой – Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг Марказий кенгаши.  Вилоят бўлимларидан ташриф буюрган ходимлар ёки иш масаласида келган ёшлар кўзига бу баландга илиб  қўйганларингиз қатъий қоидадек кўринади, намунани ана шундан оладилар.

Ҳеч ўйланманг, давлатимиз томонидан Сиз ва фаолиятингиз, соҳани ривожлантиришингиз учун беҳисоб маблағ ажратилган. Бундай хато бижғиган ахборотномаларнинг яна ўнтасини ўйланмай чиқариб, илиб қўйишга қурбингиз етади. Фақат илтимосим: ТАШКИЛОТ НОМИНИ ТЎҒРИ ЁЗИШНИ ЎРГАНИНГ! Асосийси, баланд деворларларга илинган баландпарвоз мақсад-у вазифаларингиз битикларда қолиб кетадиган мадҳиялар бўлиб қолмаса бас!
Соҳибжамол Каттаева

Теглар:Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Ёшлар – келажагимиз жамғармаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар