...
МЕНЮ
ONLINE TV

“UzReport” ахборот агентлигининг бош директори ЎФФ қўмитаси аъзосига айланди


10:15, 31.10.2017 Спорт
 1 884

Равшанхон Жўраев ЎФФ Ижроия Қўмитасининг янги аъзоси сифатида қўмита аъзолари томонидан маъқулланди.

Кеча, 30 октябрь куни Ўзбекистон футбол федерацияси мажлислари залида ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов иштирокида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди.
 
Унда ЎФФ ижроия қўмитасининг янги аъзоси тасдиқланди. Бу ҳақда ЎФФнинг матбуот хизмати хабар бермоқда.
 
Ўзбекистон футбол федерацияси Уставининг 33-моддаси 7-бандига асосан ЎФФ ижроия қўмитасининг вакант бўлиб қолаётган ўрнини тўлдириш мақсадида “UzReport” ахборот агентлигининг Бош директори Равшанхон Эргашевич Жўраевнинг номзоди қўмита аъзолари томонидан маъқулланди.
 
Равшанхон Жўраев ЎФФ ижроия қўмитасининг янги аъзоси сифатида навбатдаги конференцияда кейинги муддат учун сайловга қўйилади.
 
“Билдирилган ишонч учун миннатдорман. Умид қиламанки, бўлажак ишларимиз Ўзбекистонда футбол ривожи учун самарали ҳисса бўлади”, деди Равшанхон Жўраев.
 
“Равшанхон Жўраевни ЎФФ Ижроқўми аъзоси этиб тасдиқлангани билан табриклайман. “UzReport” ахборот агентлиги ЎФФ маркетинг бошқармаси ва ЎзПФЛ билан ҳамкорликда катта лойиҳаларни амалга оширишига умид қиламан”, деди ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов.
 
Маълумот учун, Равшанхон Жўраев 1971 йил 23 февраль куни таваллуд топган. Маълумоти олий. 1994 йили Тошкент давлат университетини тамомлаган.
 
Фаолияти давомида бир қатор ташкилотларда раҳбарлик лавозимларида ишлаб келган. 2010 йилдан буён “UzReport” ахборот агентлигининг бош директори лавозимида фаолият юритмоқда.
 
“UzReport” ахборот агентлиги 1999 йилда ташкил топган. 2014 йили агентлик қошида “UzReport TV”, 2017 йили эса “Futbol TV” телеканаллари ташкил қилинди.
 
Футбол бўйича Англия ва Испания чемпионатлари, шунингдек, Европа чемпионлар лигаси ва Европа лигаси ўйинлари трансляцияси ҳуқуқини харид қилган телеканал мазкур учрашувларни жонли равишда мухлислар эътиборига ҳавола этмоқда.
 
Футбол мухлисларига маълумки, ЎФФ ижроия қўмитасининг таркиби 11 кишидан иборат.
 
Қуйида Ижроқўмнинг тўлиқ таркиби билан танишиш мумкин.
 
ЎФФ ижроия қўмитасининг таркиби:
 
1. Умид Аҳмаджонов — ЎФФ президенти
 
2. Шоакром Исроилов — ЎФФ биринчи вице-президенти
 
3. Ачилбай Раматов — ЎФФ вице-президенти
 
4. Пўлат Бобожонов — ЎФФ вице президенти
 
5. Рустам Қурбонов — Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси
 
6. Бобур Шодиев — “Пахтакор” ФК президенти
 
7. Мурод Алиев — “Бунёдкор” ФК бош директори
 
8. Мансур Ражабов — “Локомотив” ФК президенти
 
9. Комил Ярашев — Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ректори
 
10. Наримон Жалолов — Ўзбекистон футбол фахрийлари кенгаши раиси
 
11. Равшанхон Жўраев — “UzReport” ахборот агентлиги бош директори
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Равшанхон Жўраев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!