...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Одамлар” муомаладан чиқиб кетди…ми?!


10:31, 15.07.2017 Бу қизиқ
 3 231

“Инсон” сўзи кўпликда “одамлар” бўлади. Аммо кейинги пайтда тележурналистларнинг тилидан “инсонлар” деган сўз “тушмай” қолди. Ваҳоланки, ўзбек тили лексикологияси синоним сўзлар, кишилик олмошлари, атоқли сўз ва атамаларга бой.

Маданият ва маърифатни тарғиб этиш борасида Ўзбекистон телевидениесининг ўрни беқиёс бўлмоқда. Овоз ва тасвир узатиш имкониятларидан унумли фойдаланиш орқали аҳоли ўртасида турмуш маданиятини оширишда телевидение ходимларининг фаолияти мақтовга сазовордир. Ўзбекистон давлат телевидениеси телебошловчилари, журналист ходимларининг кийиниш, мулоқот маданияти, режиссёрлар аҳоли эътиборига тақдим этаётган кинофильмлар савияси жиҳатидан бошқа хусусий телеканаллардан тубдан фарқ қилади. Чунки мазкур даргоҳда ўз соҳасининг ҳақиқий мутахассислари фаолият юритиб келмоқда.
 
Аммо кейинги пайтларда телебошловчилар, тележурналистларнинг телевизион нутқида “инсон” сўзининг кўп ишлатилиши, ҳатто баъзи ҳолатларда ноўрин қўлланилиши кузатилмоқда. Масалан, жиноятчиликка оид кўрсатувларнинг бирида телебошловчининг “…жиноятга қўл урган инсонлар”, дегани ёки яна бир телекўрсатувда “…инсонларнинг бефарқлиги туфайли ахлат уюми ҳосил бўлган”, деганига гувоҳ бўлдим. Аввало, жиноятчини “инсон” деб таърифлашнинг ўзи ноўрин. “Бефарқ” ва “инсон” сўзлари ҳеч қачон ён-ён қўлланилмайди. “Бефарқ одам”, “бефарқ кимса”, “бефарқ киши” бўлиши мумкин.
 
Яна бир телекўрсатувда бошловчининг “Абу Али ибн Сино, Беруний, ал-Фарғоний каби улуғ инсонлар…” деган сўзларига эътибор беринг. Ушбу матнда “инсонлар” эмас “мутафаккирлар”, “донишмандлар” каби таърифлардан фойдаланиш мумкин эди. Чунки “инсон” сўзининг кўпликдаги маъноси “одамлар” бўлади. Бу барча тилларда лексикологик мезоннинг бузилиш ҳолати ҳисобланади. Масалан, рус тилида “инсон – человек” бўлса, кўпликда “одамлар – люди” бўлади. Инглиз тилида эса бу қуйидагича кўринишга эга: “инсон – man”, “одамлар – people”.
 
Шунингдек, кинофильмларда ҳам бу ҳолатни учратиш мумкин: “…анави пойлоқчилик қилаётган инсон ким бўлиши мумкин?” дейди қаҳрамон чет эл фильмида. Бунда таржимон “инсон” сўзини бутунлай ноўрин қўллаган. Умуман олганда, кейинги пайтда тил мезонларининг бузилиш ҳолатини кўплаб кузатиш мумкин бўлиб қолди. Сайёр қабулхоналар телерепортажларининг бирида кадрда фуқаролар қабулхонаси деворидаги ёзувга кўзим тушди унда “…инсонлар дарди” деган сўзларга эътибор бердим.
 
Юқорида таъкидланганидек, телебошловчи ёки тележурналист бугунги кунда аҳолига маданият ва маърифатни тарғиб этувчи шахс сифатида қадрлидир. Аҳолининг кўп қатлами унинг кийинишидан тортиб, гапиришига ҳам тақлид қилади. Бунга вилоят фуқаролари қабулхонаси деворидаги ёзув яққол мисол бўла олади. Биз журналистлар матн ёзишда ўзбек тилининг мавжуд имкониятларидан кенг фойдаланиб, айтаётган ёки ёзаётган ҳар бир сўзни ўринли қўллашимиз, устозларимиз ўргатганидек, сўз исрофгарчилигига, ўзбек тили мезонининг бузилишига йўл қўймаслигимиз керак. Унутманг, журналистика тилшуносликка оид муҳим соҳа!
Муҳайё Саидова,
ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети ўқитувчиси

Теглар:Телебошловчи Тил мезони Тилшунослик 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар

Неъмат Душаев
14:14 17.07.2017

Матбуот ва радио-телевидениеда инсон сўзини бўлар-бўлмас ишлатаверишларига бутунлай қаршиман. Шахс ҳақида гап кетганда "бу инсон" дея таъкидлашлари аслида ҳақоротга ўхшаб туюлади. Ахир у инсон, одам бўлмай ким у, нега буни таъкидлаш керак, агар, таъкидланмаса, ҳайвон деб қабул қишиларидан чўчишми бу? Қаҳрамонларга нисбатан "ажойиб ҳамшаҳаримиз, "таниқли спортчи", тажрибали деҳқон","меҳрибон дўст"" ва ёки "зиёли" каби синонимларни қўллаш мумкин. Бу билан қаҳрамоннинг яна бир қирраси ҳам очилиб, бир ўқ билан икки қуён урилади.. Халқимизда "Сувлар оқиб, толлар кесилиб кетди" деган гап бор. Аммо шу нақлни пеш қилиб ""дарё сувлари" деб ишлатиш нотўғри, яъни сув ҳамишга бирликда келиши керак. Ҳеч қачон "сувлар" бўлмайди. Шунингдек, журналистлар "кишлоқ хўжалик техникалари", "Юздан... мингдан ортиқ талабалар... ўқитувчилар" дея ўйламай ёзиб, она тилимизнинг жилосига катта путур етказишмоқда. Аслида ""Кишлоқ хўжалик техникаси", "Юздан... мингдан ортиқ талаба, ўқитувчи" деб айтилиши ва ёзилиши лозим. Шаҳримизда янги очилган ошхонага "Бухоро миллий таомлари" деб автобусдай қилиб ёзиб қўйишибди. Ичкарига кириб кўрсам, ҳеч қанақа Бухоро миллий тамолари йўқ, ҳаммаси ўзимизнинг ўзбек миллий таомлари - палов, лағмон, чучвара, сомса ва ҳоказо... Пешлавҳага "Бухороча миллий таомлар" деб ёзилса олам гулистон эди. Муҳайё Саидова кўтариб чиққан мавзуни давом эттириш керак. Телевидениени ҳурмат қиламиз. Аммо бу тележурналистларга она тилимиз қонун-қоидаларини четлаб ўтиш ҳуқуқини бермаса керак.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!