...
МЕНЮ
ONLINE TV

Зирк, қорақанд ва шимолий лимон. Бир ўсимликнинг 3 номи ва унинг фойдали хусусиятлари


15:53, 01.09.2016 Бу қизиқ
 15 808

Зиркнинг ҳали пишиб етилмаган кўк меваси заҳарли бўлганидан уни истеъмол қилиш мумкин эмас.

Биз азал-азалдан севиб истеъмол қиладиган “Барбарис” конфети ўз номи билан Барбарис (ўсимликнинг русча номи) – зиркдан тайёрланади. Уни қора-қанд деб ҳам аташади. Лотин тилида Berberis vulgaris ўсимлиги зиркдошлар, зиркгуллилар оиласига мансуб буталар туркумига киради. Барглари қалин, қисқа бандли, кетма-кет жойлашган бўлиб, ушбу ўсимлик сариқ рангда қўш гул-қўрғонли, шингилга тўпланган  ҳолда гуллайди.
 
Ушбу ўсимлик Олд Осиё, Кавказорти, Марказий, Шарқий ва Жанубий Европа, Африка мамлакатларида кенг тарқалган. Зиркнинг 500 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, улардан 100га яқини иқлимлаштирилган. Ўзбекистоннинг тоғ ён бағирларида қизил зирк билан қора зирк тарқалган. У кўпроқ қуруқ ва қуёшли жойларда ўсади. 3ирк барги таркибида берберин, оксиконтин, бербамин ва бошқа алколоидлар бор. Уларнинг мевалари нордон, мазали бўлганлигидан турли хил таомларга, жумладан, паловга солинади, овқатни хуштаъм қилади. Қора зирк кўп истеъмол қилинганлиги учун унинг тусига нисбат бериб “қорақанд”, “шимолий лимон” деб ҳам аталади. Табобатда жигар хасталикларини даволашда, иситмани пасайтирувчи, ич кетишни тўхтатувчи ва юракни мустаҳкамловчи восита сифатида қўлланилади.
 
Тарихда
 
Қадимда зиркдан қонни тозаловчи ўсимлик сифатида кенг фойдаланишган. Бобилликлар, ҳиндлар бу ўсимлик билан кўплаб беморларни даволашгани ҳам маълум. Қадимги Юнонистонда ундан қонни тозалаш воситаси сифатида фойдаланишган. Тибетликлар зирк инсон ёшлигини узайтирадиган табиий модда деб ҳисоблашган.
 
Турли давлатларда номланиши
Ўзбекистон – зирк
АҚШ – barberry
Озарбайжон – zirinc
Венгрия – borbolya
Италия - crespino
Вьетнам – dã nhân sâm
Грузия - კოწახური
Ирландия – barberry
Испания – bérbero
Қозоғистон – бөріқарақат
Хитой - 伏牛
Корея -매자 나무
Монголия – barberry
Германия – Berberitze
Ҳиндистон – दारुहल्दी
Чехия – dřišťál
 
Зиркнинг озуқавий қуввати
 
Зиркнинг меваси паст озуқа қувватига эга бўлган парҳез маҳсулот саналади. Унинг 100 граммида 29 ккал қувват бор. Меваси таркибида каротиноидлар (ксантофилл, лютеин, хризантемаксантин, зеаксантин, ауроксантин, флавоксантин капсантин в.б.), углеводлар, хушбўй ҳамда пектин моддалари, органик кислоталар, макро ва микроэлементлар, Е ва С витаминлари, берберин, глюкоза, фруктоза, олма кислотаси, эфир мойи, бета-каротин моддалари бор.
 
Таом тайёрлашда
 
Зирк меваси таом тайёрлашда кенг фойдаланилади. Дунёнинг турли бурчакларида хўрандаларга тинимсиз равишда таом тайёрлайдиган ошпазлар ушбу кичик мевани қай йўсинда ишлатишни жуда яхши билишади. Кавказда зирк меваси гўштли таомларни тайёрлашда ишлатилади. Шунингдек, зиркдан қилинган мураббо, компот, желе, мармелад, пастила, шарбат жуда яхши чиқади.
 


Ошпазларнинг фикрича, зирк меваси, кичик бўлишига қарамай,таом тайёрлашда лимоннинг ўрнини ҳам боса олади. Ўзбекистонда, одатда тўй тадбирларида тайёрланадиган паловга қуритилган зирк меваси солинади.
 
Зиркнинг тиббиётдаги фойдали хусусиятлари
 
· Тиббиётда зиркнинг меваси, бута танаси, бута пўстлоғи, барги, илдизидан кенг фойдаланилади. Зирк диёримизда ҳам кенг истеъмол қилиб келинган, илдизи, танаси ва пўстлоғи қон оқишини тўхтатишда, турли хил шамоллаш хасталикларини даволашда қўлланилган.
 
· Меваси шарбати иссиқни тушириш, микробларни ўлдириш, қон кетишини тўхтатиш хусусиятларга эга. 
 
· Уни истеъмол қилиш, шунингдек, организмни тозалаш, токсинларни чиқариб юбориш, кексайиш жараёнини секинлаштириш мақсадларида ҳам тавсия этилади.
 
· Жигар хасталикларида, ревматизм, пешоб йўллари ва буйрак шамоллашидан фориғ бўлиш мақсадида янги пишган зирк мевасини таомга қўшиб истеъмол қилиш лозим бўлади. 
 
· Зиркда ўт ҳайдаш хусусиятига эга бўлган берберин алкалоиди бор. Бу модда, шунингдек, ичкилик ичиш ва кашандаликдан қутилиш йўлига кирган кишиларга ҳам ёрдам беради. Дорихоналарда берберин номли дори сотилади, уни зиркдан ажратиб олинадиган моддадан тайёрланади. Бу дори ўт қопида пайдо бўлган тош ва холециститни даволашда қўлланади. 
 
· Италиялик олимлар шифокорлар билан ҳамкорликда берберин безгак касаллиги билан оғриб, буйраклари шишган кишиларга амалда мисли йўқ шифобахш восита эканлигини аниқлашди.
 
· Ҳинд шифокорлари оғир юқумли лейшманиоз хасталигини даволашда бербериндан фойдаланишади.
 
· Зарарли ёмон шишларни даволашда таркибида зирк меваси бўлган махсус гиёҳлар мажмуасини тавсия этилади.
 
· Зирк илдизи пўстлоғи холецистит, сариқ касали зўрайиши, ўт пуфагидаги тош касалликларини даволашда тайёрланадиган холелитин деб номланадиган дори таркибига киради.
 
· Хитойда зирк ўсимлиги танаси пўстлоғини кўз шамоллашини даволашда қўллашади, илдиз пўстлоғидан нафас йўлларини очиш, яраларни битириш ва саратон касаллигини даволашда фойдаланишади.


 
· Болгарлар зирк пўстлоғини радикулит ва буйрак касалликларини даволашда ишлатишади.
 
· Польшада зиркдан гиповитаминоз (витамин етишмовчилиги)хасталигини даволашда фойдаланишади.
 
· Немислар зиркни ошқозон ичак йўллари, оғиз бўшлиғи, ўпка иллатларини даволашда дамлама сифатида ишлатишади.
 
· Францияда зирк бактерицид, гипотензив ва безгакка қарши восита сифатида тавсия этилади. 
 
· Пишган мевалари ва баргларидан жуда ёқимли ва фойдали витаминларга бой бўлган чой дамлаш мумкин.
 
· Кўз шамоллаш, экземада, жароҳатларда бу қайнатма билан ювиш ёки унда ҳўлланган докани касалланган аъзога қўйиш ижобий натижа беради.
 
· Артритда, ревматизмда, радикулитда, оёқ мускуллари шикастланганда, остеохондрозда шамоллашни олувчи ва оғриқ қолдирувчи восита сифатида бу ўсимлик қайнатмаси ичилади, у билан ҳўлланган дока касал аъзога қўйилади, комресс қилинади. 
     
Зиркни истеъмол қилиш мумкин бўлмаган ҳолатлар мавжуд
 
· Зирк мускуллар фаоллигини оширади, шунинг учун ҳомиладор аёлларга уни истеъмол қилиш мумкин эмас, ҳомилани муддатидан олдин тушиши юз бериши мумкин. Эмизикли оналарга ҳам уни истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
 
· Зиркни истеъмол қилиш аёлларга климакс ва кўзи ёригандан кейинги чилла кунларида мумкин эмас.
 
· Эмизикли аёлларга ҳам зиркни истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
 
· Ўт пуфагида тоши бўлган кишиларга ҳам зирк истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
 
· Жигар циррози, сариқ касаллигида, уни истеъмол қилиш ёқмайдиган айрим шахсий ҳолатларда ҳам яхшиси уни истеъмол қилманг.
 
· Тери касалликлари мавжуд бўлган ҳолатларда ҳам зирк меваларини ҳар қандай ҳолатда истеъмол қилиш мумкин эмас.
 
· 12 ёшга тўлмаган болалар истеъмол қилиши тавсия этилмайди.
 
· Агар сиз тинчлантирувчи дори воситаларини ичаётган бўлсангиз, зирк мевасини истеъмол қилишда эҳтиёт бўлганингиз маъқул. Чункт зирк таркибида ҳам тинчлантирувчи моддалар бор.
 
· Шифокорлар зирк бутасининг пўстлоғидан тайёрланган дори воситаларини эҳтиёткорлик билан қабул илиш лозимлиги ҳақида огоҳлантиришади. Зирк бутасининг пўстлоғи баъзи кишиларда заҳарланиш аломатларини намоён этиши ҳам мумкин. Бунда кишининг боши айланади, кўнгли айнайди, бурундан қон кетади, терида шиш пайдо бўлади.
 
Эҳтиёт бўлинг!
 
Зиркнинг ҳали пишиб етилмаган кўк меваси заҳарли бўлганидан уни истеъмол қилиш асло мумкин эмас. Пишган зирк меваси қизил ёки қора рангда бўлади.
 
Зиркни қуйидагича сақлаш мумкин
 


Зиркни сақлашнинг бир неча хил усули бор. Одатда ўсимлик меваси узиб олингач, усти ёпиқ ҳолда офтобга ёйилади ёки печда қуритиб олинади. Тиббиёт нуқтайи назаридан айтилганда, қуритилган зиркнинг сақланиш муддати 2 йилни ташкил этади. Агар зирк мевасини қуритмасдан сақлаш истагида бўлсангиз, уни қозоғ пакетларга солиб қўйишингиз ҳам мумкин. Бунда зиркни 3 йил сақлаш мумкин бўлади. Шунингдек , зиркни шиша банкага солиб, унинг миқдори қанча бўлса, устига шунча шакар солиб сақлаш ёки аксинча 1 литр сувга 200 грамм туз солиб, сўнг зирк меваларини тузлаган ҳолда сақлаш мумкин. Ушбу ширин ва шўр “мураббо” усти маҳкам ёпиладиган шиша банкада, совуткичда сақланиши шарт. Сақланманинг ширин шаклидан пишириқлар ва компот тайёрлашда фойдаланиш мумкин.
 
Косметологияда
 
Косметологияда ҳам зиркдан кенг фойдаланилади. Ундан тайёрланган дамламалар билан қуриб қолган, жонсизланган, бирор камчилиги бўлган юз терисига ишлов берилади. Зирк мевасини эзиб, соч илдизини маҳкам қилиш ва қазғоққа қарши курашиш учун суртилади. 
Умида Якубова

Теглар:Барбарис Зирк 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!