...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: Фарғонадаги стадионда нохуш ҳолат кузатилди


16:43, 04.08.2018 Спорт
 20 156

Мухлислар “Нефтчи” футболчисига пластик идишлар ва турли хил буюмларни отишган.

2 август куни Ўзбекистон Суперлигасининг 20-туридан ўрин олган “Нефтчи” – “Навбаҳор” учрашуви бўлиб ўтди. Ўйинда мезбон жамоа “Нефтчи” мавсумдаги илк ғалабасини қўлга киритди. Ўйин “Нефтчи” клубининг Фарғонадаги уй стадиони “Истиқлол”да бўлиб ўтди.
 
Аммо бу учрашувда ғалати ҳодиса кузатилди, яъни фарғоналикларнинг иккинчи голини урган Абдураҳмон Абдулҳақов голни нишонлаши меҳмонлар мухлисларига ёқмаган кўринади, улар адашиб голни ўз олдиларида нишонлаётган “Нефтчи” футболчисига пластик идиш (баклажка) лар ва турли хил буюмларни отишган.
 
Тушунтириб ўтишим мумкин, гол нишонлашнинг ҳам ўз қоидалари бор, масалан Европада футболчи гол урса, камдан-кам ҳолатда рақиб жамоа мухлисларини ғашига тегади, ёки бўлмаса умуман голни улар олдида нишонлашни ҳаёлига келтирмайди. Устига-устак бошига баклажка тегишидан қўрқади, албатта.
 
Аммо “Нефтчи”га ғалаба келтирган гол муаллифи Абдураҳмон Абдулҳақов бундай йўл тутмасдан ёппасига “Навбаҳор” мухлислари жойлашган сектор томон югуриб борди ва оларини-олиб ортига қайтди. Видеолавҳада кузатсангиз, Абдулҳақовнинг хурсандчилигини худди жаҳон чемпионати финалида урилган гол хурсандчилига қиёслаш ҳам мумкин.
 
Шу жойида футболчига айтар гапимиз бор: гол уришга-урдинг лекин нима кераги бор мухлисларнинг асабига тегиб, мухлислар футбол кўриш илинжида, дам оламан деб стадионга тушади. Бу вазиятда футболчи нима бўлган тақдирда ҳам ўз ҳиссиётларини жиловлай олиши шарт эди назаримда.
 
Хўш, бу вазиятда кимни айбдор деб топиш мумкин? Голни рақиб жамоа мухлислари олдида атайлаб нишонлаган футболчиними ёки стадионга баклажкада сув олиб кирилишига йўл қўйиб берган Ички ишлар ходимлариними? Балки қизиққон “Навбахор” мухлислари бу вазиятда айбдордир?
 
Ўйин якунланганига деярли икки сутка бўляпти, лекин бу ҳолат бўйича ЎзПФЛ мутасаддилари ҳозирча расмий маълумот бермаган. Гўёки, ҳеч нима бўлмаган. Ҳолис журналист сифатида шуни айтишим мумкинки, бу ҳолат шунчаки, ёпиқ қозон ичида қолиб кетмаслиги керак.
 
Ахир ПФЛ сайтида клублар, ҳакамлар ва футболчиларнинг жаримага тортилгани шу йўл билан ақлини киритиб қўйилгани ҳақидаги янгиликлар эълон қилинмаётганига ҳам анча бўлиб қолди. Дарвоқе, “Навбаҳор” – “Пахтакор” ўйинида ҳам меҳмонлар мухлислари иш чиқаргани тўғрисида видеолар интернетда тарқалди, лекин ЎзПФЛ уларни аяган кўринади, ҳеч қандай чора қўлламади. “Пахтакор” мухлисларининг қилғилигига кўниш мумкин, аммо Фарғонадаги ҳолатни журналист ҳам футбол мухлиси сифатида биринчи марта гувоҳига айланиб турибман. Ҳа, майли биз нима ҳам дердик, сўнгги қарорни барибир ЎзПФЛ айтади-ку.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Нефтчи Навбаҳор Суперлига Абдураҳмон Абдулҳақов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!