...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: Автомобиллар савдоси билан боғлиқ жиноятлар ҳақида маълумот берилди


15:42, 01.09.2018 Жамият
 6 885

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида автомобиллар савдоси билан боғлиқ жиноятларда Бухоро ва Тошкент етакчи.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, унинг ҳудудий бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даври давомида автотранспорт воситаларини автосалонлардан ноқонуний равишда олиб чиқиб бериш, расмийлаштириш билан боғлиқ коррупция, фирибгарлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби ҳолатлар бўйича жами 45 та жиноят иши қўзғатилган.
 
Аниқланган ушбу жиноят ишларини ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, Қашқадарё, Наманган, Сирдарё, Жиззах вилоятларида 1 тадан, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Сурхондарё, Тошкент вилоятларида 2 тадан, Андижон ва Хоразм вилоятларида 3 та, Фарғонада 4 та, Тошкент шаҳрида 11 та, Бухоро вилоятида 12 та шундай ҳолатлар рўй бергани кузатилган.
 
Рақамлардан англаш мумкинки, бу борадаги қинғирликларда Бухоролик ва пойтахтлик “шоввозлар” етакчилик қилмоқда. Негалигини аниқлаб, бош қотиргунимизча, бу борадаги рақам-у фактларнинг ўзи ҳозирги фикрни исботлаб, далиллаб ҳам қўя қолади. Мана, қаранг: 2018 йил 17 май куни Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилади. Фуқаро Суҳроб Баротов томонидан Умида Бўстоновага Бухоро шаҳридаги автосалонларда юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали Captiva русумли автомашинани тез орада олиб бераман дея ваъда берилади. Хизмат эвазига эса Суҳроб Баротов 1500 АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан жиноят устида ушланган.
 
Ана шундай яна бир фирибгарлик холатига департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари томонидан чек қўйилган.
 
Хонқа тумани Аҳиллик маҳалласида яшовчи фуқаронинг қилган мурожаатида кўрсатилишича, Урганч шаҳрида яшовчи, “Хоразмавтосавдо” МЧЖда ишлайдиган Азамат исмли шахс “Дамас” русумли автомашина сотиб олиш шартномаси учун ундан 1100 АҚШ доллари талаб қилган. Фуқаронинг аризаси юзасидан жорий йил 25 август куни тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро Азамат Юсупов фирибгарлик йўли билан 1100 АҚШ долларини олган вазиятда ашёвий далиллар билан ушланган.
 
Департаментнинг Тошкент шаҳар Шайхонтохур туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса Чилонзор туманида жойлашган Avtotexxizmat МЧЖ мухандиси Зохидов танишлари орқали фуқаро Асановага Юнусобод туманида жойлашган Humo автосалонидан Lacetti Gentra русумидаги авто машинани сотиб олиб беришни ваъда қилган. Эвазига 900 АҚШ долларини 17-шахар клиник шифохонаси олдида олаётган пайтда қўлга олинган. Лекин Зоҳидов ўз кўрсатмасида бу маблағнинг 700 АҚШ долларини Avtotexxizmat экспедитори Назаровга беришини маълум қилган.
 
Шунга мувофиқ ўтказилган тезкор ҳаракатлар давомида Низомий Давлат педагогика Университети атрофида Назаров Зохидовдан ушбу маблағни олаётган вақтда департамент ходимлари томонидан қўлга олинган.
 
Яна бир фирибгарлик ҳолати фуқаро Э.Парманова аризаси юзасидан Департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими ходимлари ва ички ишлар вакиллари ҳамкорлигида апрел ойида ўтказилган тезкор тадбирда фош этилди. Гап шундаки, Марғилонлик К.Орипов ва Қ.Дадабоев ҳамда Андижонлик Б.Балтабаевлар Андижон шаҳридаги автомашиналар савдоси билан шуғулланувчи “Бобур” МЧЖ бўлим бошлиғи Қ.Салиев билан ўзаро тил бириктириб, фуқаро Э.Пармановага Nexia-3 русумли автомашинани навбатсиз, бир кун муддат ичида сотиб олиб беришни ваъда қилишади. Эвазига талаб қилинган 700 АҚШ долларини ўша автосалон олдида олишаётган пайтда қўлга олинади.
 
Шунингдек, фуқаро Арзиевнинг мурожаатига асосан, Департаментнинг Сирдарё вилоят бошқармаси ходимлари ва ички ишлар вакиллари ҳамкорлигида жорий йилнинг 22 май куни тезкор тадбир ўтказилди. Гап шундаки, “Сирдарёавтотеххизмат” МЧЖ ижро интизоми ва иш юритиш бўйича мутахассиси Уралов ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, фирибгарлик, яъни ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида фуқаро Арзиевга Тошкент шаҳрида жойлашган автосалонлардаги танишлари орқали Spark русумли автомашинани сотиб олиш учун шартнома олиб беришни ваъда қилиб, эвазига 500 АҚШ доллари талаб қилади. Тезкор тадбир давомида Уралов кимёвий ишлов берилган 500 АҚШ долларини ўз хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
 
Таҳлилларга кўра, фирибгарлар томонидан ноқонуний йўл билан сотиб олинмоқчи бўлган автомобиллар рейтингида, оммабоп ҳисобланган Nexia, ўзининг ташиш ҳажми ва кенглиги билан Damas етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда бироз қимматроқ Lacetti ва Captiva. Бундан ташқари Cobalt ва Spark. Шунингдек, бошқа маркадаги автомобиллар.
 
Юқорида келтирилган товламачи ва фирибгарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Бош прокуратура Автомобиль жиноят 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар