...
МЕНЮ
ONLINE TV

Улуғбек Раҳматуллаев хатосини тушуниб етдими?


13:26, 11.07.2018 Шоу-бизнес
 23 810

“Ўзбекконцерт” оёғи ердан узилиб, халқни менсимай қолганларни қандай қилиб халқ қаршисига етаклаб боришни яхши билади.

Жорий йилнинг 27 июнидан эътиборан “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Улуғбек Раҳматуллаевга берилган лицензия тугатилгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида “Qalampir.uz” “Ўзбекконцерт” расмийлари билан суҳбатлашган эди. Мулоқотда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Улуғбек Раҳматуллаевнинг лицензияси вилоятларда ўтказилган давлат миқёсидаги тадбирда иштирок этиши керак бўлгани, бироқ сабабсиз бормагани учун лицензиясидан маҳрум этилгани айтилган эди.
 
Хонанда Улуғбек Раҳматуллаев эса бўлиб ўтган воқеалардан шикоят қилмади, аксинча, хатосини тушуниб етганини айтди. У ўзининг ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасида шундай ёзади:
 
“Ҳаётда ҳамма хато қилади. Лекин ҳамма ҳам ўз хатосини тушунавермайди. Менимча, бировларни айблагунча инсон ўзидан хато, камчилик қидирса ва шу хатоларни тўғрилашга ҳаракат қилса, албатта, натижаси яхши бўлади. Шахсан мен ҳам ўз хатосини тан оладиганларданман.
 
Бекорчидан Худо безор. Хато қилдик, энди тўғрилаймиз, албатта. Биз мана шу ниятда Самарқанд вилоятининг чекка ҳудудларига халқимиз, мухлисларимиз билан дийдор кўришиш ва улар билан ажойиб кечалар, тадбирлар ўтказиш мақсадида эрта тонгдан йўлга чиқдик”, деб ёзади Улуғбек Раҳматуллаев.
 
Маълумотларга қараганда, давлат тадбирида иштирок этмаганидан кейин лицензиясидан маҳрум этилган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Улуғбек Раҳматуллаев ўз истаги билан кеча, 10 июль куни Самарқанднинг чекка туманларида бепул концерт дастурини тақдим этган, мухлислари билан учрашув ўтказган.
 
Бир неча кундан кейин бу “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан унинг лицензияси қайтарилишига асос бўлса ажаб эмас. Бу ҳақда давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров шундай дейди:
 
“Хонандалар бериладиган лицензия битимида давлат тадбирларида иштирок этиш масаласи алоҳида банд билан ажратилган. Хонанда шу юртда ижод қилиб, эмин-эркин фаолият юритяптими, демак пойтахтдан ташқаридаги мухлислари билан ҳам мулоқот ўрнатиб туриши керак. “Ўзбекконцерт” сўнгги вақтларда энг чекка қишлоқлар, овулларга кириб бораётганининг сабаби ҳам шунда. У ердаги аҳоли ҳам бошқалар каби севимли хонандасини фақат телевизорда эмас, балки қаршисида кўришни истайди. Суҳбатлашишни, суратга тушишни, дастхат олишни хоҳлайди. Хонандаларни чекка ҳудудларга юбориш жазо эмас, балки уларни халққа яқинлаштириш.
 
Улуғбек Раҳматуллаевга келсак, хонанданинг ўзи муассасага мурожаат билан чиқиб, чекка ҳудудларда концерт бериш истаги борлигини айтгани бизни қувонтирди. Биз ҳам хонанда ўз хатосини вақтида тушуниб етгани учун ҳам уни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”.
 
Собиқ “Ўзбекнаво”нинг нафақат номи ўзгарган. Балки ундаги тизим, иш юритиш принципларида ҳам қатор ўзгаришлар бор. Бугунги “Ўзбекконцерт” анча дадил. Санъаткорларнинг бақир-чақири, судга бераман қабилидаги дағдағасидан қўрқмайди. Оёғи ердан узилиб, халқни менсимай қолганларни қандай қилиб халқ қаршисига етаклаб боришни яхши билади. 

Теглар:Улуғбек Раҳматуллаев Ўзбекконцерт Одилжон Абдулқаҳҳоров 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!