...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкентда бир ҳайдовчи ёнаётган автобусдаги ҳамкасбини қутқарди


15:40, 08.06.2017 Жамият
 9 518

Йўловчи аёлнинг мактуби “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ таҳририятига келиб тушмаганида, бу воқеа ҳақида ҳеч ким бохабар бўлмас эди.

Шу йилнинг 19 май санасида Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги деҳқон бозори қаршисидаги автобус бекатида фавқулодда ҳодиса рўй берди. Бозор рўпарасидаги бекатда 63-рақамли автобусда бўлган йўловчилардан бири Людмила Козлова гувоҳ сифатида юз берган воқеа ҳақида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖга мактуб йўллади. “Пойтахт транспорти” газетасида чоп этилган ана шу хатни эътиборингизга ҳавола этамиз.
 
“Ассалому алайкум “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти! 2-автопаркка тегишли 63-сонли давлат рақами 01/992 ЕСА бўлган автобус ҳайдовчиси Акмал Абдуқодирович Аҳмедовга миннатдорлик билдирмоқчиман.
 
2017 йил 19 май куни 63-рақамли автобус Юнусобод бозори рўпарасидаги бекатга етиб келган ва йўловчилар автобусга чиқишаётган эди. Кутилмаганда ҳайдовчи тезлик билан ўт ўчириш мосламасини олишга киришди ва автобусдан тушиб кетди, югурганча йўлдан тўсиқларни ошиб ўтди. Биз йўловчилар ҳаяжон ва ҳайратда ҳайдовчининг ҳаракатларини кузатиб турар эдик. Бекат қаршисида, Юнусобод бозорига бурилиш йўлида 82-рақамли автобусда ёнғин чиққан экан. Биз тутунни кўрдик. Атрофда бошқа автобуслар бўлса-да, фақатгина биз турган транспорт воситаси ҳайдовчиси Акмал Аҳмедов ёнғинни бартараф этиш, ёнаётган автобус ичидаги йўловчиларни қутқариш йўлида уддабуронлик билан жасорат кўрсатди. У ўз ишининг устаси, қўрқмас ва ботир, ишончли дўст!
 
Акмал Аҳмедовга бундай хавфли ва машаққатли хизматида омад ва саломатлик, фаровонлик, юқори мансаб тилайман. Ана шундай ҳайдовчини етиштирганингиз учун сиздан миннатдорман ва уни муносиб рағбатлантиришингизни сўрайман”.
 
Людмила Козлованинг бу мактуби ташкилот таҳририятига келиб тушгач, раҳбарият воқеа ҳақида суриштирув ишларини бошлади. 2-автобуслар парки билан боғланиб, ҳайдовчи билан танишиш истаги билдирилди. Акмал Аҳмедов бир неча кун аввал “Тошшаҳартрансхизмат” АЖга ташриф буюрди ва бўлиб ўтган воқеа ҳақида сўзлаб берди:
 
– Биласизми, тутун, олов, хавотирдаги ёш ҳайдовчи ва йўловчиларни кўрганингда, хавф кўзга ташланмас экан. Миямда чақмоқ каби фақат бир фикр айланарди: ёрдам бериш керак, катта балонинг олдини олиш керак.
 
Аниқланишича, тутун ичида қолган 82-автобус ҳайдовчиси қўрқув ва ҳаяжонда нима қилишни билмай турган. Бу вақтда Акмал Аҳмедов тез ва қатъий ҳаракат қилди. У аввалига оловни пастдан ўчиришни бошлади. Бу эса энг тўғри қоидадир. Олов юзага келганида, моторни ўчириш учун автобуснинг орқа девор эшигини очиш мумкин эмас, бунда ҳаво орқали ёнғин янада авж олиши мумкин.
 
Акмал Аҳмедов яна бир ўт ўчириш мосламаси ёрдамида двигателнинг ўзини ўчиришни бошлади. Бироқ мосламадаги восита етмагани учун ҳаракатланиб келаётган 96-автобусни тўхтатиб, ундаги мосламани олади ва биргаликда оловни бартараф этишади. Шундан сўнг, Акмал Аҳмедов ўз автобусига қайтиб, ҳаракатини давом эттиради.
 
Айтиш керакки, воқеа содир бўлган вақтда шу атрофда бир неча автобус ҳаракатланган, аммо уларнинг бирортаси ҳам тўхтаб, инсонийлик, касбий фидокорлик юзасидан ёрдамга келишмаган.
 
Ёш ҳайдовчилар турли фавқулодда ҳолатларда ваҳимага тушмай, совуққонлик билан ҳаракатланишлари талаб этилади.
 
Йўловчи аёлнинг мактуби “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ таҳририятига келиб тушмаганида, бу воқеа ҳақида ҳеч ким бохабар бўлмас эди. Акмал Аҳмедов ҳам ўзининг жасоратини ошкор этишни истамаган эди. Камтарлик хислати алоҳида ажралиб турадиган ҳайдовчи 2007 йилдан бери транспорт воситасини бошқариб келади. Унинг отаси Абдуқодир Мажидович ҳам ҳайдовчи бўлган экан. Акмал Аҳмедов оилали, 1 қиз ва 1 ўғилнинг отаси. Эндигина қадам босишни ўрганаётган ўғли келажакда отасининг бу жасоратидан ўрнак олса, ажаб эмас. 
Дурдона Расулова 

Теглар:Автобус Ҳайдовчи Акмал Аҳмедов Тошшаҳартрансхизмат 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Zohida
04:51 09.06.2017

Rahmat,haydovchi!Umringizdan baraka toping! Bunday mahorat egalari albatta taqdirlanishlari kerak



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар