...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тўлғоқ пайтидаги дуо ёхуд Яратганнинг мўъжизаси (видео)


15:18, 29.03.2017 Бу қизиқ
 9 047

Ҳозир биз сизга сўзлайдиган воқеа ким учундир сабоқ бўлишини, ҳеч бир аёл туғилмаган фарзандидан кечмаслигини истардик.

Дунё бўйича миллионлаб оилалар тирноқа зор бўлган бир пайтда, Яратган ҳадя этган фарзанддек неъматдан воз кечиб, уни аборт қилдираётган, бошқача қилиб айтганда, ўз қўли билан ўлдираётган оилалар жуда ҳам кўп. Ҳозир биз сизга сўзлайдиган воқеа балки ким учундир сабоқ бўлар.

Бундан 16 йил илгари вьетнамлик Тонг Фуок Фук исмли фуқаро рафиқасининг ҳомиладор эканини эшитиб, жуда севинади ва ой-куни етгач, уни шифохонага олиб боради. Туғруқ жараёни оғир кечади. Шифокорлар Тонгга аёли ва ҳомиланинг ҳаёти хавф остида эканини айтишади. Тонг ўша дамларни эслар экан, шифохона йўлагида туриб, Яратганга нола қилганини ёдга олади.

“Ўшанда Яратгандан рафиқам ва фарзандимнинг ҳаётини сақлаб қолишни сўрадим. Унга бу болани узоқ кутганимизни айтиб, нола қилдим ва ҳаммаси яхшилик билан тугаса, ҳаётимни болаларга бахш этишга ваъда бердим”, дейди Тонг. 

Шундан сўнг, ичкаридан шифокор чиқди ва “сиз ўғилли бўлдингиз”, деган хабарни айтди. Хурсандчилиги ичига сиғмай кетган ота йўлакда аёли ва фарзандини кўриш учун бир неча соат ўтиради.

Тонг “Жарроҳлик хонаси” деб ёзилган хонага аёлларнинг навбат билан кириб кетаётганини, бироздан сўнг ўша аёлларнинг хонадан ҳомиласиз, кўзларида ёш билан чиқаётганликларини кўради.

Бу аёллар фарзандини аборт қилдириб, “муаммодан халос” бўлиб чиқаётганликлари сўзсиз ҳам аён эди. Тонг аёллар ҳомилани ўша ернинг ўзига ташлаб кетаётганликлари, туғилмаган гўдакларнинг эса чиқинди челагига улоқтирилаётгани, охир-оқибат, бирор жойга оммавий равишда кўмиб юборилишини хаёлига сиғдиролмасди. 

Уйга қайтгач, бу ҳолат Тонгга тинчлик бермайди. Шундан сўнг, шифохона раҳбариятига учрашиб, онаси аборт қилдирган болаларни дафн этишга рухсат сўрайди. Рухсат теккач, рафиқаси билан унча катта бўлмаган ер участкасини сотиб олади ва ўша ерга аборт қилинган болаларни бирма-бир, нобуд қилинган санасини белгилаб, онасининг фамилияси билан дафн эта бошлайди.

Орадан бир неча йил ўтиб, Тонг аборт қилдириш учун келган аёлларни шу ерга олиб келиш ва ҳали туғилмаган болаларнинг қабрини кўрсатишни хаёл қилади. У шу билан ҳомиладор аёлларни ўз фарзандини асраб қолишга кўндирмоқчи бўлади.

Кунлардан бир куни унинг ёнига 40 ёшдан ўтган аёл келади. У кўзларида ёш билан айни вақтда бола тарбияси билан машғул бўла олмаслигини, моддий жиҳатдан бунга имконияти йўқлигини, агар Тонг ёрдам берса, боланинг ҳаётини сақлаб қолишини айтади. 

Аёл бола туғилгач, унга Тонг ғамхўрлик қилишини, турмуш ўртоғи билан моддий муаммолари ҳал этилгач, балки болани олиб кетишга имкон туғилишини айтади. Тонг узоқ ўйлаб ўтирмай рози бўлади.

Шу воқеадан сўнг, Тонгнинг олдига кўплаб аёллар айни мақсадда келишади. Аввалига, унинг оиласида 10 та, кейин 40 та болакай пайдо бўлади, кейинчалик эса уларнинг сони 100 дан ошиб кетади. 

Вақт ўтгани сайин туғилмасданоқ нобуд бўлган болалар дафн этилган қабристон ҳақида атрофдагилар ҳам хабар топа бошлашади. Бу ерга Тонг ҳомиладорлик вақтида болани сақлаб қолиш илтимоси билан олиб келган, бироқ барибир аборт қилдирган кўплаб аёллар ҳам келишади. Улар қабрда ётган фарзандларидан кечирим сўрашади. Тонгга эса, ҳеч бўлмаганда болаларни дафн этгани ва ҳар бирининг қабри борлиги учун миннатдорлик билдиришади.

Бир куни Тонгнинг остонасига 14 ёшли қиз келади. У ҳомиладор эканини айтиб, болани аборт қилдиришни истамаслигини, аммо агар болани сақлаб қолса, борадиган жой йўқ эканини айтади. Тонг унга шу ерда қолишни маслаҳат беради. Кўп ўтмай, унинг уйида кўзи ёришини кутаётган 7 нафар аёл пайдо бўлади. Шундан сўнг, Тонгнинг рафиқаси бу ишни давом эттиришига қарши чиқади.

Тонг нима қилишини билмай қолади ва рафиқасига, унинг кўзи ёриётган чоғ Яратганга берган ваъдаси ҳақида айтади. Аёл ҳаммасини тушунади ва эрига бошқа ҳеч қачон қаршилик кўрсатмайди. 

Ҳомиладор аёллар кўзи ёригунча Тонгнинг уйида қолишади. Ҳар бири учун бир ойда 60 АҚШ доллари сарфлайди. Бола туғилгач, аёл фарзандини ташлаб кетиши ёки яна 6 ой у билан яшашиш мумкин бўлади. Агар аёл биринчи шартга кўнган тақдирда ҳам бу унинг фарзандидан кечганини билдирмайди. Моддий муаммолар ҳал бўлгач, у фарзандини олиб кетиши мумкин бўлади.

Айни вақтда, Тонгнинг хайрли ишида унга ёрдам беришни истаб келадиганлар кўп. Ушбу хайрли ишда Тонгга унинг опаси ҳам ёрдам беради. Унинг кичик дўкони ва фермаси бор. Раҳмдил бу фуқаро ҳозиргача тўпланган пулларга 2 та болалар уйини қурди. Рафиқаси кичик дўконни юритиш билан шуғулланади. 

“Дунёга келмай, нобуд бўлган ҳар бир боланинг руҳи бор. Улар чиқинди ўраларига кўмилиши эмас, қабристонга дафн этилиши керак. Мен уларнинг ҳаётини сақлаб қолганимдан хурсандман. Хаёлимга “наҳотки улар умуман туғилмасликлари ҳам мумкин эди?”, деган фикр келади. Болаларимнинг ҳар бирида менинг бўлагим бор. Мен уларда яхши хислатларни тарбия қилишга уриняпман. Уйдаги ҳар бир бола ўз онаси ҳамда фамилиямни олган. Ягона умидим, мендан кейин улар бошлаган ишимни давом эттиришсин”, дейди Тонг.

Умида Якубова

 

Теглар:Тонг Фуок Фук Вьетнам Ҳомила 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!