...
МЕНЮ
ONLINE TV

Таниқли профессор қумли терапиянинг фойдалари ва зарарлари ҳақида


18:54, 19.07.2017 Саломатлик
 6 520

Кўпчилик аҳамият бермаган бўлиши мумкин, аммо қумли пляжда иссиқдан ноқулайлик сезилмайди, аксинча қум ёқимли иситади ва ажралаётган терни сўндиради.

Ёзнинг айни мавсумида кўпчилик инсонлар пляж ва махсус қум билан муолажа қилувчи жойларда қумга кўмилишни одат қилишган. Бироқ ушбу муолажага шошаётган юртдошларимизга аввало у билан боғлиқ кўрсатмалар билан танишиб чиқишни маслаҳат берган бўлар эдик. Бу борадаги саволларимизга тиббиёт фанлари доктори, профессор, шифокор-жарроҳ Мурод Ҳокимов жавоб берди.
 
– Псаммотерапия – яъни қум билан мустақил даволаниш нимаси билан аҳамиятли?
 
– Қум иссиқни ўзига жуда яхши ютади ва уни узоқ вақт сақлаб туради. Кўпчилик аҳамият бермаган бўлиши мумкин, аммо қумли пляжда иссиқдан ноқулайлик сезилмайди, аксинча қум ёқимли иситади ва ажралаётган терни сўндиради. Бу эса организмимиз иссиқланиб кетишининг олдини олади.
 
Иссиқ қум билан даволаш усули қуйидагича: қум 45-65°С гача қизитилади ҳамда биокимёвий реакцияларни фаоллаштириш учун танининг маълум бир соҳаларига теккизилади.
 
– Қумга кўмилиш ортиқча тана вазнини камайтиришга ёрдам беради, деган фикрлар қанчалик тўғри?
 
– Қумнинг даво самарадорлиги механик ва ҳароратли таъсири билан боғлиқ. Қум иссиқни жуда зўр сақлайди ва уни организмнинг қон-томир ва бошқа тизимларига секин-аста етказиб беради. Иссиқ қум инсон танасини қоплар экан, тери, тери ости ёғ қавати ва тўқималарни ёқимли массаж қилади. Бунинг натижасида тери ва унинг остидаги тўқималарда капилляр қон айланиши ҳамда лимфа айланиши яхшиланади, орган ва тўқималарнинг кислород билан таъминланиши, тер безларининг фаолияти яхшиланади, бу эса тер ажралиши ҳисобига ортиқча тана вазни самарали камайишига олиб келади. Алмашинув ва оксидланиш жараёнлари барқарорлашади. Буйраклар ва сийдик ажратиш аъзолари, хусусан, сийдик қопи, фаолияти яхшиланади. Ортиқча тана вазнига қарши курашишда ҳам иссиқ қум билан даволаш самарали ҳисобланади. Бунда инсоннинг юрак ва қорин соҳаларини очиқ қолдирган ҳолда тананинг барча қисмлари қиздирилган қум билан қалин қилиб қопланади ҳамда шундай ҳолатда ярим соат ётилади. Инсон ёқимли кечинмаларни сезади, битта сеансда 2 кг.гача тана вазнини йўқотиш мумкин.
 
– Қумли муолажа қайси касалликларда кўпроқ самарали таъсирга эга?
 
– Баъзи касалликларда иссиқ қум оғриқсизлантирувчи ва шишга қарши таъсир қўрсатади, артрозлар, артритлар, ревматизм, тухумдонларнинг сурункали яллиғланиши, невралгиялар, радикулитларни даволайди. Бўғимлар, бел соҳаси касалликларида тананинг оғриётган қисмлари қум билан қопланади (қумни қизитиб, қопчаларга тўлдириб солинади). Маълум бир вақтдан сўнг оғриқ йўқолади. Қанча муолажа лозим эканини организмнинг ўзи сизга айтади.
 
– Қайси ҳолатларда ушбу муолажа тиббиёт томонидан инкор этилади?
 
– Эсдан чиқармаслик лозимки, иссиқ қум билан даволаш баъзида қатъиян ман этилган бўлиши мумкин, чунки бу иссиқ муолажа. Инфекцион касалликларда, гипертонияда ҳамда баъзи бир аёллар касалликлари (миома, эндометриоз, мастопатия), ўпка сили, варикоз, варикоцеле, жарроҳлик амалиётини ўтказган беморларга, организмнинг умумий қувватсизлигида, 3 ёшгача бўлган болаларга, касалликнинг ўткир даврида ва иссиқ муолажаларга қарши кўрсатма бўлган барча ҳолатларда қумли ванналарни қабул қилиб бўлмайди. Қум билан мустақил даволанишни бошлашдан аввал шифокор билан маслаҳатлашиб олиш лозим.
 
– Қайси қоидаларга риоя қилиш керак?
 
– 1. Юзни юқорига қилиб қум билан кўмилиш керак, бунда бош сояда (соябон тагида) туриши даркор.
 
2. Сизни иссиқ қум билан кўмиб қўйишларини илтимос қилинг, бунда қум қатламининг қалинлиги 5-7 см бўлсин, қорин соҳасида эса бу қалинлик 2 см дан ошмаслиги лозим. Юрак соҳаси ҳар доим очиқ ҳолатда қолиши керак!
 
3. Умумий қум ваннасининг ҳарорати 45 дан 55°С гача бўлиши мумкин.
 
4. Агар қум нам ва етарлича қизимаган бўлса (қуёшли кун бўлишига қарамасдан), псаммотерапияни ўтказиш мумкин эмас!
 
5. Муолажанинг давомийлиги катта ёшдаги инсонларга ярим соатдан ошмаслиги лозим, болаларга эса – 10 дақиқа.
 
6. Қумли ваннадан сўнг душ олиб, сояда 30-40 дақиқа дам олиш керак. Пляжда маҳаллий ванналарни ҳам қабул қилинади, бунда хаста қўл ёки оёқни ярим ёки бир соатга қумга кўмиб қўйилади.
Меҳринисо Икром қизи

Теглар:Псаммотерапия Қум пляж 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!