...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи давом этмоқда


10:39, 08.07.2017 Жамият
 12 341

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Чортоқ туманидаги чегара постини бориб кўрди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 7 июль куни Наманган вилоятига ташриф буюрди.
 
Давлат раҳбари Тўрақўрғон туманидаги "Gold Fresh Fruits" масъулияти чекланган жамиятида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳалари билан танишди.
 
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги, айниқса, чорвачилик, паррандачилик, боғдорчиликни ривожлантириш, бу борада янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилаётган алоҳида эътибор озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга, аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
 
"Gold Fresh Fruits" МЧЖда 482 гектарлик интенсив боғ ташкил этилган. 300 дан зиёд киши меҳнат қилаётган жамиятда гилос, олхўри, шафтоли, хурмо ва ўрик кўчатлари парваришланмоқда. 104 гектар ер гилос кўчати экиш учун тайёрланмоқда.
 
Корхона ҳудудида 2018 йил охиригача яна 400 гектардан ортиқ майдонда гилос боғи ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг учун 45 миллион доллар маблағ сарфланади. Бир йилда 10 минг тоннадан ортиқ маҳсулот етиштириш, 30 миллион долларлик экспорт қилиш кўзда тутилган. Корхонада 6,5 гектарда мева-cабзавотларни қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш логистика маркази ташкил этиш мўлжалланган. Натижада 300 янги иш ўрни яратилади.
 
Шу ерда Учқўрғон туманидаги "Muhammadali hamkor biznes" масъулияти чекланган жамиятида 10 гектарда иссиқхона ва томат пастаси ишлаб чиқариш заводи, Наманган шаҳридаги «Jahon javohiri invest» ва Поп туманидаги "Namangan agro logistic" МЧЖларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ҳамда иссиқхона ташкил этиш лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.
 
Юқори технологиялар асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, боғдорчиликни ривожлантириш, айниқса, гилоснинг серҳосил, эртапишар навларини экишни кўпайтириш керак, деди Президенти.
 
Шавкат Мирзиёев Поп туманидаги “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли Кўмир брикети ишлаб чиқариш заводига ташриф буюрди.
 
Мамлакатимизда энергетика соҳаси изчил ислоҳ этилмоқда. Энергия манбалари диверсификация қилиниб, аҳоли ва ташкилотларга бир неча турдаги энергия етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.
 
Поп туманида шу соҳадаги яна бир корхона ишга туширилди. Қиймати 7 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа натижасида йилига 500 минг тонна кўмир брикети ишлаб чиқарилади. Корхонада 160 иш ўрни яратилди.
 
Президентимиз брикет ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Маҳсулотнинг нархи, самарадорлиги билан қизиқди. Заводда кўмир кукуни замонавий технология асосида қайта ишланиб, қуввати юқори моддалар билан бойитилади, ҳид ва зарарли газлардан тозаланади, ташиш учун қулай қилиб қадоқланади.
 
Завод маҳсулотларини мамлакатимиз ҳудудларига тарқатиш пунктлари ташкил этиш, брикет ва уни ёқишга мос печларни аҳолига етказиб бериш, бунинг учун имтиёзли кредитлар ажратиш кераклиги таъкидланди.
 
Бу ерда “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилиши мўлжалланган лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди. Наманган вилоятида 2017-2018 йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга 200 миллион долларлик инвестиция йўналтирилмоқда.
 
Бундан мақсад – аҳолини арзон, сифатли, кенг турдаги қурилиш материаллари билан таъминлаш, янги иш жойлари очиш. Бундай материаллар кўп ва арзон бўлса, одамлар уй-жой қуради, янги мактаб ва шифохоналар, корхоналар, йўллар бунёд этилади. Халқимиз фаровонлиги янада ошади.
 
Поп туманида цемент, шифер, асбест қувурлар, бетон ва ярим синтетик мойлаш материаллари, Косонсой ва Янгиқўрғон туманларида цемент, Наманган шаҳрида керамик плита ва сантехника маҳсулотлари, Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Янгиқўрғон туманларида пишиқ ғишт, Чуст туманида пардозлаш тошлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
 
Давлатимиз раҳбари Чуст туманида қурилаётган Ўсимликларни ҳимоя қилувчи кимёвий воситалар ишлаб чиқарувчи завод фаолияти билан танишди. “Ифода агро кимё ҳимоя” масъулияти чекланган жамияти ўз маблағи ва “Ҳамкорбанк” кредити ҳисобидан бунёд этаётган ушбу заводда қишлоқ хўжалиги экинларини турли касалликлардан ҳимоя қилувчи 28 турдаги кимёвий препаратлар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Корхонанинг лойиҳа қиймати 6,5 миллион долларни ташкил этади.
 
Ушбу завод ишга тушганидан кейин кимёвий препаратларни хориждан келтиришга эҳтиёж қолмайди, бундай маҳсулот билан мамлакатимизни тўлиқ таъминлаш, ҳатто уни экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.
 
Президентимиз препаратларни тайёрлашда илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳсулотлар сифатини яхшилаш, экспортни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
 
Шу ерда Наманган вилояти ҳудудидаги паст рентабелли адирларда ёнғоқзор, пистазорлар бунёд этиш, пахта ва ғалла майдонларини камайтириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, ковул экишни ташкил қилиш, паррандачилик ва эчкичиликни ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
 
Давлатимиз раҳбари кам ҳосил берадиган, зарар кўриб ишлаётган туманларда пахта майдонларини кескин камайтириш, унинг ўрнига юқори даромад берадиган мева-сабзавот, полиз экинлари экиш лозимлигини таъкидлади. Токи одамларимиз меҳнатининг роҳатини кўрсин, ҳаётидан рози бўлсин.
 
Мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида, жумладан, Наманган вилоятида ўсадиган ковул барги, меваси ва томир пўсти табобатда қўлланилади. Турли шишларни даволаш, нафас қисиши, талоқ қотиши, қуртларни ҳайдаш, полиартрит, бўқоқ каби касалликларни даволашда ишлатилади. Бу йил вилоятда 3 минг гектардан зиёд майдонда ушбу ўсимликни экиш режалаштирилган. Кам харажат ва оз меҳнат талаб қиладиган бу ўсимликдан йилига тўрт марта ҳосил олиш мумкин.
 
Ковул етиштириш бўйича илмий асослар ишлаб чиқиш, экспорт қилиш механизмини яратиш, вилоятда ковулчиликни ривожлантириш бўйича ассоциация ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
 
Давлат раҳбари Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳини реконструкция қилиш лойиҳаси билан танишди.
 
Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи Наманган вилоятидаги муборак масканлардан биридир. Қадамжо мақбара, масжид, рамзий дарвоза ва музейдан иборат.
 
Қадамжони қадимий усулда таъмирлаш, кенг ва обод зиёратгоҳга айлантириш, зиёратчиларга зарур шароитлар яратиш, кутубхона ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Чортоқ туманидаги чегара постини бориб кўрди.
 
Постда ҳарбийларимиз учун барча зарур шароитлар яратилган.
 
Шавкат Мирзиёев чегара постида хизмат қилаётган ҳарбийлар билан суҳбатлашди.
 
Давлат раҳбари Янгиқўрғон туманидаги "Бўстон" маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла аҳли билан суҳбатлашди. Фуқаролар маҳалла тизимига қаратилаётган алоҳида эътибор жамиятда маънавий муҳитни, одамларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
 
Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Бобур Жалолов

Теглар:Шавкат Мирзиёев Наманган 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар