...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Жогорку Кенеши спикерини қабул қилди


17:07, 21.12.2017 Жамият
 1 514

Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Аввалроқ, Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши спикери Достонбек Жумабеков Самарқандга ташриф буюриб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 21 декабрь куни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши спикери Достонбек Жумабековни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда.
 
Ўзбекистон раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Қирғизистон парламенти нуфузли делегациясининг мазкур ташрифи жорий йил Тошкент ва Бишкек шаҳарларида бўлиб ўтган олий даражадаги самарали учрашувларнинг мантиқий давоми эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, бу Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганининг яққол тасдиғидир.
 
Томонларнинг амалий ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган қатъий сиёсий иродаси, турли даражадаги алоқалар ва ташрифлар фаоллашгани қисқа муддатларда салмоқли натижаларга эришиш ва ўзаро муносабатларни аниқ амалий мазмун билан бойитиш имконини бергани алоҳида қайд этилди.
 
Мамлакатлар биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан халқларимизнинг бир-бирига бориб-келишлари учун қулай шароитлар яратилмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми жадал ортмоқда, ҳудудлар ва саноат корхоналари ўртасида кооперация алоқалари мустаҳкамланмоқда, транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда. Бизнес ва маданий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.
 
Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
 
Олий даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ва имзоланган битимлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида имзоланган Меморандумнинг амалий ижроси доирасида қўшма тадбирлар ўтказилаётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.
 
Парламентлараро ҳамкорликнинг амалдаги механизмлари салоҳиятидан фойдаланган ҳолда, мунтазам ва тизимли алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
 
Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши спикери Достонбек Жумабеков Президент Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ва мазмунли суҳбат учун миннатдорлик билдирди. 
 
Меҳмон Ўзбекистонда барча соҳалар, жумладан, парламент ва фуқаролик жамияти ўрнини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган таркибий ўзгариш ва ислоҳотларнинг янги босқичини юксак баҳолади.
 
Қирғизистон Ўзбекистон билан дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлидаги ҳамкорликка тайёр экани таъкидланди.
 

Теглар:Ўзбекистон-Қирғизистон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар