...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев Адлия вазирлиги фаолиятини танқид қилди


12:46, 09.12.2016 Жамият
 6 536

Қонун ижодкорлиги ва унинг ижросини таъминлаш масаласига танқидий назар ташлаган Президент Шавкат Мирзиёев бугунги кунда қонунларнинг ижросини таъминланишидан кўнгли тўлмаётганини бот-бот такрорлади.

Ўзбекистон Республикасида охирги уч йилда давлат органларининг 157 қарори ўз кучини йўқотган қонунлар асосида чиқарилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаб ўтди.
 
Қонун ижодкорлиги ва унинг ижросини таъминлаш масаласига танқидий назар ташлаган Президент Шавкат Мирзиёев бугунги кунда қонунларнинг ижросини таъминланишидан кўнгли тўлмаётганини бот-бот такрорлади.
 
“Ўтган даврда қабул қилинган 400 га яқин яхлит қонунлар ҳаётимизнинг барча соҳаларини ҳуқуқий тартибга солиш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
 
Айни вақтда қонунларнинг тўлиқлиги, ҳаётийлиги ва тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларига эга экани ҳақида сўз юритганда, бу борада ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини таъкидлаш зарур.
 
Афсуски, ҳозирги кунда қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсири етарлича сезилмаяпти. Уларнинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги роли пастлигича қолмоқда”, дейди Шавкат Мирзиёев.
 
Президент ўз сўзида давом этар экан, қонунчиликка киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалардан ижро ҳокимияти органлари таниш эмаслигига тўхталиб, шундай деди:
 
“Энди ўйлаб кўрайлик, қонунчиликка киритилаётган янгиликлар ўз вақтида жойларга, айниқса, ижрочиларга етказилмайдиган бўлса, уларнинг бажарилиши ҳақида нима дейиш мумкин? 

Бу муаммони самарали ҳал қилишнинг бирдан-бир йўли – қонунлар ижросини ташкил этиш бўйича соатдек аниқ ишлайдиган механизм яратишдир.
 
Қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга етказишда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларида битта-иккита мақола ёки кўрсатув билан чекланиш мумкин эмас. Қабул қилинган қонунларни атрофлича муҳокама қилиш, юртдошларимизнинг уларга муносабатини ифода этадиган таҳлилий материаллар, кўрсатув ва эшиттиришлар, афсуски, жуда кам”.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг юқорида келтирилган фикрлари айни дамда кунинг энг долзарб масаласи сифатида эътироф этилмоқда. Давлат раҳбари қонунчилик фаолияти чуқур таҳлил этиб, бу борада амалга оширилиши керак бўлган ишларни ҳам санаб ўтди. У нутқи давомида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини танқид қилди.
 
“Ҳозирги кунда Адлия вазирлигининг бу борадаги фаолиятини талаб даражасида деб бўлмайди. Шу муносабат билан ушбу вазирлик ва унинг жойлардаги бўлинмалари фаолиятини танқидий кўриб чиқиш зарур.
 
Адлия вазирлиги мутасадди идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунларнинг маъно-мазмунини жойларга етказиш, уларни кенг тарғиб қилишга қаратилган аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозим”, дейди Шавкат Мирзиёев.
 

Теглар:Шавкат Мирзиёев Адлия вазирлиги Қонунчилик 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар