...
МЕНЮ
ONLINE TV

Россиянинг Суриядаги асл мақсади нима эди?


13:11, 15.03.2016 Олам
 8 870

Президент Владимир Путин Суриядан Россия ҳарбий кучларини чиқаришни буюрди.

Кеча, 14 март куни Россия президенти Владимир Путин Суриядан ҳарбий кучларни чиқариш ҳақида қарор қабул қилди. Мазкур хабар кўпчилик сиёсатшунослар ва таҳлилчилар учун кутилмаган воқеа бўлди. Шу боисдан бир қанча сиёсий ва ҳарбий таҳлилчилар Россиянинг бу қарори юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтдилар. Хусусан, сиёсий таҳлилчи Шон Уокернинг фикрлари эътиборимизни тортди.

“2015 йилнинг сентябрь ойи охирида Россия Суриядаги можарони ҳал қилиш мақсадида ўз ҳарбий кучларини киритган эди. Ўтган беш ярим ой муддат мобайнида Сурия ҳудудида 9 минг жанговор парвоз амалга оширилиши, Башар Асад ҳукумати истеъфосининг кечиктирилиши, Мисрда йўловчи самолётининг ҳалокатга учраши ва Туркия билан азалий дўстона муносабатларга барҳам берилиши – Россия Сурияга амалга оширган интервенциянинг натижаси ҳисобланади”.

Шон Уокернинг фикрларидан келиб чиқиб, Россия Сурияга амалга оширган интервенция беш йилдан бери давом этиб келаётган Суриядаги можаролар ва воқеалар ривожини, ҳамда геосиёсий вазиятни ўзгартирди, десак янглишмаймиз.

“Мен Мудофаа вазирлиги ва Қуролли кучларга юклатилган вазифа бўйича улар кўзланган мақсадга эришишди, деб ҳисоблайман. Шу сабаб мен Мудофаа вазирига Сурия Араб Республикасини тарк этишни буюрдим”, – дейди Владимир Путин душанба куни ўтказилган учрашувда. Путин Суриядан Россиянинг асосий ҳарбий кучларини олиб чиқишни маълум қилди. Бу кутилмаган қарор бўлди.

Россия Яқин Шарқ минтақасида асосий хавф бўлган терроризмга қарши курашда бирор мақсадга эришдими? Аммо, ДАИШ ҳалигача мавжуд ва фаолиятини давом эттирмоқда. Путиннинг кутилмаган қарори ҳарбий таҳлилчиларни ҳайратда қолдирди. Россиянинг Сурияга тўсатдан, амалга оширган интервенцияси ҳақида олдиндан тахмин қилиш мумкин эди, лекин Сурия ҳудудидан Россия ҳарбий кучларининг чиқарилиши кутилмаган ҳолат бўлди. Кўпчиликда савол туғилиши мумкин: Россия ҳақиқатан ҳам Суриядаги қуролли кучларини чиқарадими? Путин ҳарбий кучларни чиқаришни сешанба куни бошлашга буйруқ берди, лекин қачон тугалланиши ҳақида гапирмади. Бу билан шундай хулосага келиш мумкинки, Россия авиацияси ўз ҳарбий парвозларини амалга оширган Латакия туманидаги Хмеймим авиабазаси олдинги режимда фаолиятини давом эттиради. Ўтган вақт мобайнида Россия Суриядаги базада барча инфраструктурани яратди ва Москвага яна ўз қўшинларини киритишига ҳеч нарса ҳалақит бермайди. Бу, ҳаттоки, ўтган йилнинг сентябрь ойи охиридаги интервенциядан ҳам тезроқ ва кутилмаган бўлиши мумкин.

Путиннинг баёнотини жиддий қабул қилиниши керак дейиш учун барча асослар бор. ДАИШни йўқ қилиш вазифаси тўлиқ бажарилмади. Ҳеч ким бу ҳақиқий мақсад эканлигига ишонмаса керак. Ҳаттоки, Башар Асад ҳукуматини сақлаб қолиш ва уни қўллаб- қувватлаш ҳам, кўпчилик таҳлилчиларнинг фикрича, иккинчи даражали бўлган.

“Украинадаги воқеалардан сўнг Ғарб Россия билан ҳамкорлик қилишни хоҳламаган эди. Суриядаги ҳаракатлардан мақсад эса Ғарбни яна Россия билан ҳамкорлик қилишга мажбур қилиш эди, шундай бўлди ҳам, Россия Суриядаги можародан минимал йўқотиш билан чиқмоқда. Ўйлайманки, бу пухта ўйланган тактик ҳаркатдир”, – дейди мустақил ҳарбий таҳлилчи Александр Голц.
Руслан Сулаймонов
 

Теглар:Россия Сурия Башар Асад Владимир Путин Шон Уокер Александр Голц 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!