...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Олтин” рейс. Москвадан Каракасга бўш келган самолёт тўлиб кетдими?


19:42, 31.01.2019 Олам
 7 594

Мухолифат расмий Каракасга жиддий айблов қўйди.

Мухолифат назоратидаги Венесуэла парламенти ўзини президент деб эълон қилган Хуан Гуайдо раҳбарлигида расмий Каракасни халқнинг олтинларини ўғирлаб, Москвага жўнатишда айблади.
 
“Бизга Венесуэла банкидаги одамлардан хабар келди. 20 тонна олтинни Москвага жўнатиш учун самолёт келганмиш. Биз вазиятни атрофлича тушунтиришларини талаб қиламиз. Бу банк раҳбари Каликсто Ортегининг олтинлари эмас, венесуэла халқининг олтинлари”, дейилади парламентнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
 
Bloomberg нашрининг билдиришича, бортида ҳеч қандай йўловчи ва юк бўлмагани иддао қилинган Boeing 777 Каракасга 29 январда учиб келганди.
 
Москвадан Венесуэла пойтахти Каракасга қандай мақсадда учиб боргани номаълум бўлган Nordwind компаниясига қарашли самолёт 31 январь куни яна Москвага қайтган. Бу ҳақда Flightradar хизмати маълум қилди.
 
Bloomberg нашрининг манбаси Марказий банк бу самолётга 20 тонна олтинни юклаганини билдирган. Бу Венесуэла олтин заҳирасининг 20 фоизини ташкил қилади.
 
Венесуэла ҳукумати Москвадан самолёт учиб келгани тўғрисидаги маълумотни инкор қилган. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Россия ҳукуматининг бундан хабари йўқлигини айтган.
 
Баъзи Россия ОАВ иддао қилинганидек Каракасдан Москвага эмас, балки Москвадан Каракасга олтинлар кетганини хабар қилди. “Новая газета” нашрига кўра, Москвадан олтин юкланган самолёт аввал Дубайга қўнган, у ерда олтинлар долларга алмаштирилган, кейин Марокашнинг Агадир шаҳрида тўхтаб, сўнг Каракасга йўл олган.
 
Эслатиб ўтамиз, Венесуэлада Хуан Гуайдо ўзини вақтинча президент вазифасини бажарувчи деб эълон қилди. АҚШ, Канада ва Лотин Америкасининг қатор ривожланган мамлакатларни Гуайдони президент сифатида тан олди.
 
Европанинг “катта”лари Германия, Франция, Буюк Британия, Нидерландия ва Испания 26 январь куни Мадуро саккиз кун ичида янги сайлов ҳақида эълон қилмаса, улар Гуайдони вақтинча президент деб тан олишларини маълум қилди.
 
Россия, Беларусь, Боливия, Эрон, Хитой, Куба, Никарагуа, Сальвадор ва Туркия Мадурони қўллаб-қувватлади. БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш инқирозни ҳал қилиш учун томонларни мулоқот ўтказишга чақирди.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Венесуэла Олтин Россия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!