...
МЕНЮ
ONLINE TV

Римма Аҳмедова: Севги шаробидан тотдингми, унинг азобларига ҳам чида!


17:31, 31.01.2016 Театр
 15 261

Римма Аҳмедованинг вафоти ҳақида жуда кўп миш-мишлар юради. Кимдир уни тиш оғриғидан вафот этган, деса яна кимдир юрак хуружига учрабди деб гапирди. Аслида эса...

1942 йилнинг қиши. Қуруқ шамолга бурканиб ёғаётган қор Ашур Рўзиев ўтирган вагон ойнасига келиб уриларди. Ашур бекатда қўл силтаётган онасини кўрдию, зарур бир гапни айтишни унутганини сезди. У ўзи кетаётган вагон ойнасини синдириб онаси Анор холага “Онажон Александрани асранг, у ҳомиладор”, – деб қичқирди... Туғилажак фарзанд ўзбек дубляж санъатининг қироличаси, иқтидорли актриса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Римма Аҳмедова эди.
 
1942 йилнинг 4 августида жажжигина қизалоқ дунёга келади. Унга онаси Александра  энг яқин дугонасининг хотирасига Римма деб исм қўяди. Орадан йиллар ўтаверди. Александра ва Анор хола Ашурни 11 йил кутишди. Жигарбандидан дарак бўлавермагач Анор хола келини Александрани турмушга берди. Набираси Риммани эса ўзи билан олиб қолди. Римма Аҳмедова ўзи ҳақидаги интервьюларда  “Менга онамдан ҳам ўша Анор хола, бувим яқинроқ эдилар”, – деб эслайди.
 


Римма болалигидан санъатга ҳавасманд бўлиб вояга етади. Мактабда ўқиб юрган кезлари балерина бўлишни орзу қилган қизалоқ ўша вақтлар балет тўгарагига қатнаб юради. Қайсидир журналнинг муқовасида Римма Аҳмедовага ўхшаш бир қизчанинг балериналар либосида тушган сурати чоп этилдию, Римманинг балерина бўлиш орзусига нуқта қўйилди. Гап шундаки Римманинг аммалари ўша журналдаги суратни кўриб Анор холага “Набирангиз шундай суратларга тушиб юрган экан”, – деб Риммани балетни ташлашга мажбур қилишади. 1963 йил, 16 ёшида ҳужжатларини ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Мусиқий драма факультетига топширган эди. Ўша воқеа сабаб у ўқишини Кино ва драма факултетига  кўчиради.

Кунлар шу зайл ўтаверди. Римма 20 ёшга тўлганда у учун энг азиз инсон Анор хола оламдан ўтади. Шу кундан бошлаб Римманинг ёлғизлик ва сокинликдаги ҳаёти бошланди. Ўқишни аъло баҳоларга тугатган Римма институт йўлланмаси билан ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театрига ишга қабул қилинади. Буюк режиссёр Тошхўжа Хўжаевдан таҳсил олган Римма Аҳмедова илк бор актрисалик қобилиётини Алехандро Кассано асари асосида саҳналаштиришган “Океандаги фарёд” спектаклида намойиш қилади. Йиллар ўтиб Римма Аҳмедова истеъдодли режиссёр Баҳодир Йўлдошев билан танишиб қолади. Ҳамфикрлик, ўртадаги илик муносабатлар  бир-бирига мустаҳкам ришталар орқали боғланади.



Римма Аҳмедова театр ва кинода, дубляж санъатида салмоқли ижод қилди. Таетр саҳнасида “Қирол Лир”, “Шоҳ Эдип”, “Уфқ”, “Келинлар қўзғалони”, “Парвона”, “Юлдузли тунлар” каби спектаклларда, шунингдек, “Ой бориб омон қайт”, “Даллол”, “Юссиз”, “Шўрпешоналар”, “Бомба” каби бадиий фильмларда эсдақоларли роллар яратган. Римма Аҳмедова дубляжда жаҳон киносининг дурдона асарларига овоз берди. Унинг ширин, қулоққа таниш, яқимли, бир қадар хушчақчақ ва бир қадар мунгли овози қанчадан-қанча актёрларни ўзбекчада гапирмади дейсиз... Аслида у илк ижодини 1962 йилдан дубляжда бошлаган эди. Қарийб 35 йил давомида икки мингга яқин фильмлар қахрамонларига овоз берди. Дубляж санъатининг олтин меросига айланган “Уруш ва тинчлик”да Наташа Ростовага, “Маугли”да Қоплон багирага “Сангам”да Радҳага, “Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради”да актриса Нинага, “Қайнона”да Офатга овоз берган. Айниқса, актрисанинг “Ишқдаги ишқ” фильми, Араб киноижодкоралари томонидан ишланган “Виждон” телесериали, “Инсон қалби ҳақида қисса” фильмларидаги  овозлаштирган роллари Римма Аҳмедованинг ҳаётига, юрагига, оламига яқин роль эди. У ўша фильмлардаги каби ўйчан, ҳаёллар оғушида яшайдиган, беозор, умри давомида жуда кўп қийинчиликларни кўрган беназир аёл эди. У ўз ҳаётида бўлаётган синовларни ҳаммага ҳам очиқ ойдин гапирмас, турмушидан нолимаслиги  аммо бошқаларнинг ҳасратини эшитиб улар учун юрагидан ачиниши билан одамлар ёдида қолган.

Римма Аҳмедова ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театридан кўпгина актёрлар қатори 1987 йил Ўзбек миллий драма театрига ишга ўтади. Римма Аҳмедова учун синовли кечган бу давр актриса ҳаётида ўзининг ўчмас изини қолдирди. Чунки ўз турмуш ўртоғи бош режиссёр бўлиб ишлайдиган театрда атрофдаги гап сўзларга, пичир-пичирларга  дош бериб ишлаш ҳамманинг ҳам қўлидан келвермасди. Аммо Римма чидади. Ҳамма қатори меҳнат қилди. 1987 йил театр актёрлари йиғилишида таниқли санъаткор Ҳожиакбар Нурматовга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонини бериш масаласи кўрилади. Мажлисда актёр Хожиакбар Нурматов сўзга чиқиб, “Бу театрга мендан аввал Римма Аҳмедова келган. Мен ҳар бир ролим ҳақида Римма опадан фикр олиб турсам, қандай қилиб улардан аввал бу мукофотни оламан”, – дейди. Ана шу  воқеадан сўнг Римма Аҳмедова Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонини олади.



Актрисанинг турмуш ўртоғи таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев ўз хотираларида “Римманинг  санъатига, ижодий каръерасига агар нимадир ҳалақит қилган бўлса,  у ҳам мен эдим”, – дейди. Шу тариқа Римма Аҳмедова Ўзбек драма театрида 1992 йилгача фаолият юритади. Шу йилдан бошлаб яна қадрдон иш жойи Ўзбек миллий академик драма театрига қайтади ва яна жўшқин ижод қила бошлайди. У роль ижро этган спектаклларга одамлар навбатда туриб тушишар эди. Театр жамоаси Римма Аҳмедовани Ўзбекистон халқ артисти унвонига лойиқ деб топадию, аммо анчадан бери Римма Аҳмедовани унвон борасида ўзига рақиб деб билган актёр ўз отини қамчилаб, шу йили Ўзбекистон халқ артисти унвонини олади. Римма Аҳмедова умри давомида бу каби ҳиёнатларни, яқинларининг сотқинликларини жуда кўп кўрди. Аммо барига кўз юмиб ўтарди, холос. Ундаги сабр, метиндай ирода унча-мунча одамда учрамайди. У севди, сўнгги нафасигача муҳаббатга ишонди. Суҳбатларида кўпинча “Севги шаробидан тотдингми, унинг азобларига ҳам чида”, – дерди ва ўзи ҳам шу сўзларига амал қилди.
 
Яхши актёр тез кексаяди, сочига эрта қиров қўнади. Унинг белидан мадор, кўзидан нур бошқаларга қараганда эрта тарк этади. Римма Аҳмедова ҳам театр ва кинода 1997 йилгача ишлади. Шу йилдан бошлаб оғир касаллик туфайли санъатдан буткул кетди. Римма Аҳмедованинг вафоти ҳақида жуда кўп миш-мишлар юради. Кимдир уни тиш оғриғидан вафот этган, деса яна кимдир юрак хуружига учрабди деб гапирди. Аслида эса Римма Аҳмедова кўкрак саратони дардига чалинган эди. Ушбу касаллик театр, кино ва дубляж санъатининг ёрқин намоёндасини 2006 йил 13 ноябрда ёруғ дунёдан олиб кетти.



Бу оғир жудолик Римма Аҳмедованинг яқинлари, сафдошлари қатори мухлисларини ҳам ларзага солиб қўйди. Унинг вафоти олдидан мухлиси Нигора Жалолиддин қизи санъаткорга бағишлаб шеър битди. Ҳукмингизга ана шу шеърдан Римма опанинг кўнглига яқин бўлган тўрт мисрасини ҳавола этамиз.  
 
     Менинг дарём, дарёдилгинам,
     Кўзлари маъюсим, мунис, мушфиқа
     Дунёга боқади, сокин жимгина
     Нигоҳи туташиб боради уфққа!..
Қамариддин Шайхов

Теглар:Римма Аҳмедова Баҳодир Йўлдошев Дубляж Театр 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Ойдин
18:26 31.01.2016

Римма Аҳмедова мен учун даҳо! Аёллар орасида ҳам, актёрлар орасида ҳам!



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!