...
МЕНЮ
ONLINE TV

Профессор Жамила Шермуҳаммедова оилалардаги ажримларда ота-оналарни айблади


20:31, 01.08.2016 Жамият
 8 425

Бугун қурилаётган оилаларнинг бор-йўғи 20 фоизигина севги-муҳаббат билан қуриляпти. Қолганлари қандай ҳолатдалиги ўзингизга яхши аён. Тўғри, ота-она фарзандига ёмонликни раво кўрмайди, лекин қилаётган яхшилиги ҳам мол-давлат билан боғлиқ бўлмаслиги керак.

Оила – жамиятнинг бўғини, устуни. Бу мавзусида сўз борганда сўнгги статистик маълумотларга тўхталиб ўтишни жоиз деб топдик. 2016 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида Ўзбекистонда 14800та оилага дарз кетди. Айтишга осон, бироқ бу сонлар ортида қанчадан-қанча орзулар, пок ниятлар, ваъдалар турганини бир ўйлаб кўринг-а... “Qalampir.uz”га келиб тушаётган оилавий масалалардаги мурожаатларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маърифат кенгаши эксперти, тадқиқотчи, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова билан суҳбат уюштирдик. Олима бугунги ажримлар масаласига эътибор қаратар экан, бунда асосан ота-оналар айбдор эканини бот-бот такрорлади.
 
 
 
Бугун ўзбек оилаларида ташқи муҳитнинг аралашуви жуда юқори даражада. Ота-она етмагандек, бобо-буви, амма-хола, амаки-тоға, қўйингки, келиннинг дугонасидан тортиб, куёвнинг дўстларигача ҳамма аралашади. “Икки ёшнинг ўзига қўйиб берайлик, яшайдиган булар-ку, ахир”, дейдиган одамнинг ўзи йўқ. Оила икки индивиднинг муносабати деган тушунча қаерда қолди? Оила қурилиши ҳам, ажрими ҳам бошқаларнинг қўлида. Гўё, куёв ва келин бир қўғирчоқ.
 
Келинг, ажримларнинг сабабларига фактлар билан тўхталсак. Биринчидан: икки ёшнинг оила қуриши ота-оналарнинг аралашуви, уларнинг хоҳиши билан бўляпти. Йигит ва қиз ўз танлаганига  эмас, ота-оналари танлаганларга унаштириляпти. Иккинчидан: тўй ўтди ҳам дейлик, орадан икки ҳафта ҳам ўтмай янги оиланинг ишига аралашишади. Келининг хатти-ҳаракатлари обдон кузатилиб, танқид қилишга ўтилади. Келинлар эса сабрсиз. — Алло, ойижон... — Оналар ақлини йиғиб, қизига насиҳат қилиш ўрнига қизини эрига, қайнота-қайнонасига қарши қайрайди.
 
Тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатяптики, бугун қурилаётган оилаларнинг бор-йўғи 20 фоизигина севги-муҳаббат билан қуриляпти. Қолганлари қандай ҳолатдалиги ўзингизга яхши аён. Тўғри, ота-она фарзандига ёмонликни раво кўрмайди, лекин қилаётган яхшилиги ҳам мол-давлат билан боғлиқ бўлмаслиги керак. Мен ҳар қандай учрашувга борсам, ота-оналарга берадиган саволим битта: Аёл ва эркак бир оила бўлганидан кейин, бир ёстиққа бош қўяди. Бадан-баданга теккандан кейин ўртада муҳаббат керакми ё илон билан чаёндек муносабатда бўлиши керакми? Афсуски, ҳозиргилар илон билан чаёнга ўхшаб қоляпти”, дейди Шермуҳаммедова.
 
Тадқиқотчи, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова суҳбат давомида бир жинсли никоҳ масаласидан тортиб, ёш келинларнинг куёвлар хонадонига доимий рўйхатга қўйилмаслиги масаласига ҳам эътибор қаратиб, куёвлар олдидаги мажбуриятларни санаб ўтди.
 
Суҳбатнинг тўлиқ шаклини тез кунда “Qalampir.uz” сайтида ўқишингиз мумкин. 
Қамариддин Шайхов
Суратлар муаллифи: Бекзод Мирсодиқов (Aslzod)

Теглар:Жамила Шермуҳаммедова Оила 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Sardor
18:09 03.08.2016

assalomu alaykum! ayrim masalalarda professor Jamila opadan maslahatlar zarur. shuning uchun e-maillari yoki telefon nomerlari yoki qanday qilib gaplasha olishimi sorab iltimos qilmoqdaman. iltimos yordam bering. oldindan kattakon rahmat!



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар