...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекнинг фожиаси


16:54, 28.03.2018 Жамият
 21 908

Ким бизни бу даражада йўлдан урди?

“Ўзбек халқини тўй балосидан қутқаринг!” деганида нақадар ҳақли эди Абдулла Авлоний. Дунё кун сайин ривожланмоқда! Ўтган асрда итнинг Ойга чиққани, кейин одам қадами етиб боргани энг оламшумул воқеа бўлган эди. ХХI асрга келиб электромобиллар Ойга учирилди, одам бошини кўчириб ўтказиш операциялари ҳам амалга ошириляпти ҳатто! Бироқ, ўзбек ҳамон тўй дардида, чарлари, қўй-қўзи дардида!
 
Айтингчи, бизга шундай тўйлар керакми? “Тўй миллий урф-одатимиз-ку, ўзбек тўйига дунё ҳавас қилган”, дейди баъзилар. Ишқ бошқа, ҳавас бошқа, деганларидек, ҳавас қилгани билан қайси чет эллик бизга ўхшаб 300-400 кишига тўй қилди. Ақлини емаган, пулни супуриб ҳам топмаган. Буни ҳам қўяйлик, иддаонинг биринчи қисмидан гаплашайлик. Хўш, бугунги замон тўйлари қачондан бизнинг миллий урф-одатимизга айланди? Қачондан биз келинларни ўртага чиқиб гул улоқтиришига, юзлаб меҳмонлар қаршисида рақсга тушишига жим қараб турадиган бўлдик? Ким бизни бу даражада йўлдан урди?
 
Айримларнинг жаҳли чиқса-да бир гап айтай: тўй куни елкаси очиқ либосда юзлаб меҳмонларнинг назарида бўлган келинчак эртаси куни қайнота-қайнонасининг ёнига ҳам шундай чиқадими? Кўчага-чи? Йўқ, албатта! Куёвларнинг бунга ҳамияти йўл қўймайди. Ўз уйида елкаси очиқ либосда юришига йўл қўймаган ҳамият тўйга келганда унутилади, нима бўлса шу ресторанда бўлсин, дегандек. Ахир, дунёга ўн мартамас, бир марта келади, орзу ҳавасларим ушалсин, дейди.

Президент тўғри айтди, гапирмаса ҳам бўлмасди. Келин навкар, Love Story, вальс ва шунга ўхшаш Ғарбдан кириб келган одатлар бора-бора “миллийлаштириш кампанияси”га қўшилаётган эди.
 
Дунёнинг турли минтақалари, масалан, АҚШ, Япония, Туркия, Германия, Корея, Хитой каби мамлакатларда ёшлар эртанги кунининг истиқболи учун ҳаракат қилади, ўқийди, изланади, илм олиб, жамиятга керакли инсон бўлишга ҳаракат қилади. Мақсадларини юқори қўяди ва шу йўлда изланади. Тўй ва у билан боғлиқ харажатлар ёшлар ҳаётининг катта қисмини ўғирламайди, бунга оддий оилавий маросимдек қаралади.
 
Бизда-чи? Бир оилада фарзанд дунёга келгандан то йигит-қиз бўлиб етилгунга қадар сарпо йиғилади, тўйга сармоя тўпланади. Керак бўлса, ўша фарзандининг саломатлиги билан қизиқмайдиган, лекин тўйига пул тўплайдиган оилалар бор. Нима, дўст-душманнинг ёнида боши эгилсинми? Фарзанди бўқоқ, чуррани орттирса орттиради, даволатишга пул ҳам, вақт ҳам топмайди. Мана ўша биз ғурурланадиган ўзбекчиликнинг панадаги ҳақиқати!
 
Эртага, 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлайди. Унда куни кеча халқ муҳокамасига тақдим этилган “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қарор кўриб чиқилади. Ушбу қарор кучга кирса, нималар бўлиши ҳақида авваллари кўп гапирдик. Балки яна гап айланиб, шунга тақалар.
 
Тез орада ушбу қарор қабул қилиниши кутилмоқда. Муносабат эса турлича. Шундай бўлиши ҳам керак аслида. Эндиги гап яна ҳукуматда қоляпти. Давлат ўзи чиқарган қарор ижросини энди тузукчасига назорат қилса, кўзланган натижага эришилади, бўлмаса яна 100 йил ўтиб ҳам Авлонийнинг гапини эслаймиз, гапирамиз, ёзамиз. Боиси бугунгача ҳам тўй-ҳашамлар билан боғлиқ Президент, депутатлар қарорлари қабул қилинган, аммо ижро...
 
Тўйларга етказсин, тўйларга-ки 150 кишидан ошмаганига!
Қамариддин Шайхов,
“Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари

Теглар:Тўй 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар