...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистоннинг ФИФА рейтингида ҳатто Қирғизистондан ҳам пастлашига нима сабаб бўлди?


18:16, 12.04.2018 Спорт
 4 408

Аввал Ўзбекистондан пастда бўлган Қирғизистон, Уммон, Фаластин каби терма жамоалар рейтингда юқори ўринларга чиқиб кетди.

Бугун, 12 апрель куни ФИФА миллий терма жамоаларнинг апрель ойидаги рейтингини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бирданига 18 поғона пастлаб, 88-ўринни эгаллаган.
 
Мазкур кўрсаткич бўйича миллий терма жамоа Осиёда 13-ўринда. ФИФАнинг янги рейтингига назар ташласак, аввалги  рейтингларда Ўзбекистондан пастда бўлган Қирғизистон, Уммон, Фаластин каби терма жамоалар юқори ўринларга кўтарилган.  
 
Бунинг сабаби нимада?
 
ФИФА рейтингида ҳисоб-китоб жуда ҳам оддий. Жумладан, халқаро мусобақаларда ғалаба қозонган ҳар қандай терма жамоа ФИФА рейтингида кўтарилиш имкониятига эга бўлади.
 
Бунинг учун бир терма жамоанинг охирги 4 йилликда қайд этган натижалари баллари ҳисоблаб чиқилади. Бунда учрашув мақомига эга эканлиги, ғалаба ёки дурангнинг қандай мусобақада қўлга киритилгани муҳим аҳамиятга эга.
 
Ўртоқлик учрашувлари ФИФА рейтингида энг кичик мусобақа мақомига эга бўлиб, коэффиценти бирга тенг. Ундан кейин Жаҳон чемпионати ёки қитъа чемпионати саралаш мусобақаси бўлиб, унинг коэффиценти 2,5 га тенг.
 
Қитъа чемпионати ва ФИФА Конфедерациялар кубоги каби мусобақаларнинг финал босқичлари коэффиценти 3 га тенг бўлса, энг йирик мусобақа сифатида Жаҳон чемпионати финал босқичи ҳисобланади. Унинг коэффиценти 4 га тенг.
 
Очколарни ҳисоблаш жараёнида рақиб жамоанинг рейтингдаги ўрни ва унинг конфедерацияси коэффиценти ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мисол тариқасида, КОНМЕБОЛ, яъни Жанубий Америка жамоалари билан ўтказилган ҳар қандай учрашув энг кўп очко беради, яъни коэффиценти 1 га тенг. Европа жамоалари 0,99, Осиё, Африка, Океания ва КОНКАКАФ жамоаларининг коэффиценти 0,85 га тенг.
 
Мана шу жиҳатларни инобатга оладиган бўлсак, Ўзбекистон МТЖ рейтингда нима сабабдан бу қадар пастга тушгани ойдинлашади.
 
Кападзе қўл остидаги терма жамоа мартда Африка терма жамоалари билан иккита ўйин ўтказиб, битта дуранг, битта мағлубият қайд этди. Сенегалга қарши ўйиндаги дуранг МТЖга очколар олиб келди. Агар Ўзбекистон март ойидаги ФИФА кунларида ўртоқлик ўйинлари ўтказмаганида, ФИФА рейтингида бундан ҳам пастроқ ўринлардан жой олган бўларди.
 
Дунё миқёсида ФИФА рейтингида энг кўп юқорилашга муваффақ бўлган Қирғизистон терма жамоаси Мьянма ва Ҳиндистон билан ўйнаган бўлса-да, лекин мусобақанинг муҳимлиги жиҳатидан ўртоқлик учрашуви ўтказган терма жамоалар, жумладан, Ўзбекистон терма жамоасига нисбатан 2,5 баробар кўп очко олган.
 
Расмий мусобақаларда қатнашмайдиган терма жамоаларнинг рейтингда пасайиши рўй бериб турадиган ҳолат ҳисобланади.
 
Бу айниқса, расмий мусобақалар, масалан, саралаш ўйинларидан озод бўлган жамоаларда кўп кузатилади. Россия терма жамоаси айни пайтда ФИФА рейтингида 66-ўринни эгаллаб турибди. Бу Россиянинг замонавий футбол тарихидаги энг ёмон натижаси ҳисобланади.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:ФИФА рейтинги Ўзбекистон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!