...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонлик мухлислар аралаш қоидали жангларга тайёрмиди?


21:36, 11.09.2017 Спорт
 4 442

XX асрнинг 70-йилларида Кандзи Иноки исмли жанг устаси Японияда аралаш қоидали жанглар мусобақасини ташкиллаштиради. У 1976 йилнинг 26 июнь санасида машҳур боксчи Муҳаммад Алига қарши жанг ўтказади.

Аввалроқ, 9 сентябрь куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида “Asian Fight–2017” бренди остида жанг кечаси бўлиб ўтиши, шунингдек, спорт-шоу тадбири бошланган лаҳзаларда стадиондан туриб дастлабки репортаж хабарларини тақдим этган эдик.
 
Унда 8 нафар ўзбекистонлик жангчилар Сингапур, Афғонистон, Россия, Ҳиндистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Кипр мамлакатларининг жангчилари билан куч синашиши маълум қилинган эди.
 
Турнирда режадаги жанглар бўлиб ўтди ҳам. Фақат битта жангга ўзбекистонлик спортчи маълум сабабларга етиб келмагани ва яна бир жангчи мағлуб бўлганини ҳисобга олмасак, аксарият баҳсларда ўзбекистонлик жанг усталарининг қўли баланд келди.
 
Спорт-шоу тадбирида ўзбек эстрадасининг етакчи вакиллари, ҳатто тожикистонлик хонанда Шабнам Сурайёнинг иштироки ҳам кутилган эди. Агар 2–3 нафар ижрочиларнинг чиқишларини ҳисобга олмасак, тадбирнинг бадиий қисми мухлислар кутган даражада бўлмагани аниқ.
 
Тадбирга машҳур актёр ва жанг санъати устаси Жан-Клод Ван Дамм, ММА жангчилари Жефф Монсон ва россиялик Фёдор Емельяненко каби жаҳон юлдузлари фахрий меҳмон сифатида таклиф этилган эди, бироқ Жан-Клод Ван Дамм ва Жефф Монсон узрли сабабларга кўра келолмайдиган бўлишди. Уларнинг ўрнига америкалик киноактёр ва жанг санъати устаси Стивен Сигал Тошкентга ташриф буюргани рост, бироқ у ҳам негадир тадбирда кўринмади.

Тан олиб айтиш керак, бундай спорт шоу-дастури, буни на чин маънодаги спорт мусобақаси, на бадиий чиқишларга бой шоу-бизнес тадбири деб бўлади, юртимизда илк бор ўтказилмоқда.
 
Юқорида айтилганидек, унда Голивуднинг таниқли актёрлари, бундан ташқари, аралаш қоидали жанглар бўйича таниқли спортчиларнинг иштирок этиши ― “биринчи рақамли ҳодиса” эди. Ҳарқалай, кўпчилик шу важда стадион ўриндиқларини эгаллаганди.

Тўғри, ташкилий масалалардаги айрим камчиликларни ҳисобга олмаганда, эълон қилинган жанглар аъло даражада ўтказилди. Ҳар бир спортчининг чиқиши олдидан унинг она тилида “ёқтирган таронаси” янграши, ҳомийлардан махсус совғалар топширилиши, “олтин рақам” акцияси, ғолибларга сўз берилиши... буларнинг барчаси тадбир даражаси белгилаб, ташкилотчилар меҳнатининг самараси сифатида қайд этилди.
 
Бироқ бизни ўйлантирган бошқа нароса... Ўзбекистонлик мухлислар аралаш қоидали жангларга қай даражада тайёр эди? Аниқроғи, стадионга йиғилган томошабинлар турнир жангларини кўришга келдими ёки шоу-бизнес вакиллари-ю голливуд юлдузларининг чиқишларини кўргани келишдими?
 
Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони, футбол ўйинлари ўтказиладиган стадионнинг ўртасига қўйилган рингдаги жангни ташриф буюрганлар қандай томоша қила олишди? Умуман, бу каби спорт турнилари қандай спорт иншоотларида ўтказилиши лозим?
 
Нима бўлганда ҳам, мазкур тадбир Ўзбекистонда ўтказилган ва кенг омма эътиборига ҳавола этилган илк аралаш қоидали жанглар турнири эди. Аслида кичик бир мактаб тадбирини ташкиллаштириш ҳам ўзига хос меҳнат ва қатор “югур-югурлар” талаб қиладиган иш. Битта концерт дастури бир неча кун, ҳатто ҳафталаб репетиция қилинишини яхши биламиз.  
 
Илк тадбирда айрим кутилмаган вазиятлар содир бўлиши турган гап ва бу ташкилотчилардан билим-тажриба, ўзига хос қўшимча сарф-харажатлар талаб қилган бўлиши мумкин. Аниқроғи, бундай тадбирлар ҳар доим ҳам сценарийга мос тарзда бўлиб ўтавермайди...
 
Биз ушбу спорт турининг келиб чиқиш тарихи, дунё спорт оламидаги мавқеи, шоу-бизнес оламидаги “қиммати” билан қизиқиб кўрдик.
 
Аралаш қоидали жанглар спорт саҳнасида пайдо бўлганига кўп бўлгани йўқ. У қисқача MMA, яъни инглиз тилидан Mixed Martial Arts, аниқроғи 1995 йилда Battlecade президенти Рик Блюм томонидан таклиф этилган атама билан юритилади. Мазкур спорт тури аксарият ҳолларда ўз мухлислари томонидан “қоидасиз жанглар” деб ҳам аталади.
 
У ўзида турли жанг санъати мактабларининг ўзига хос услубларини жамлаган. Масалан, икки нафар мусобақачи иштирокидаги жанговор ҳолатнинг тик, яъни клинч, шунингдек, кураш гиламидаги ётиқ, яъни партер усули ҳам бирдек қўлланилади.
 
Ушбу спорт турига мухлисларнинг қизиқиши юқори бўлганлиги сабабли у спорт мусобақасидан кўпроқ “спорт-шоу табдири”га айланиб кетган, десак муболаға бўлмайди.
 
Аслида, бундай жанг турларининг пайдо бўлиши узоқ тарихга бориб тақалади. Қадимги халқларнинг ёдномаларида, тошларга ўйилган битикларида қабила жангчилари ўртасида яккама-якка жанг мусобақалари ўтказилгани маълум.
 
Қадимги юнонлар томонидан эрамизгача ўтказилган Олимпия мусобақаларида “қуролсиз кураш баҳслари” машҳур бўлган. Ҳатто бундай жанг санъати акс эттирилган ҳайкаллар ҳозиргача сақланиб қолган.
 
Ўрта асрларда айрим йирик қўшинлар жанги — ҳар икки томондан танланган жангчиларнинг қуролсиз, яъни полвонлар курашига ўхшаш мусобақаси орқали ҳал этилгани ҳам тарихий манбаларда қайд этилган.
 
Ҳатто Артур Конан Дойл қаламига мансуб асарларда ҳам евпорада мунтазам равишда ўтказиб келинган “ўлим билан тугайдиган курашлар” ҳақида тарихий маълумотлар бадиий тарзда ифода этилган.
 
Иккинчи жаҳон урушидан кейин аралаш қоидали жангларга янги қоида ва тартибларнинг киритилиши машҳур киноактёр ва жанг устаси Брюс Ли номи билан боғланади.
 
Мазкур спорт тури ўтган асрнинг 90-йилларигача маълум ва машҳур бўла олгани йўқ. Кейинчалик Ultimate Fighting Championship (Pride Fighting Championships), яъни Мутлақ жанговор чемпионатларнинг ташкиллаштирилиши ҳақиқий спорт-шоу дастурларига айланди.
 
Ушбу жанг санъати кишилик жамияти томонидан “қонли спорт” деб танқид қилинишига қарамай ўзининг маълум бир қоидаларга эга. Унда жангчиларнинг саломатлигига ўта хавфли деб топилган “усуллар” ман этилган.
 
XX асрнинг 70-йилларида Кандзи Иноки исмли жанг устаси Японияда аралаш қоидали жанглар мусобақасини ташкиллаштиради. У 1976 йилнинг 26 июнь санасида машҳур боксчи Муҳаммад Алига қарши жанг ўтказади. Бироқ жангдан кутилган натижа, яъни боксчининг оёқ билан берилаган зарбалари ва Инокининг партер ҳолатида қўлланиладиган қийноқ усуллари иш бермай, “беўхшов жанг” дуранг ҳисоби билан якунланади.
 
Мазкур спорт тури “қонли жанглар” сирасига киритилсада, унинг мусобақаларида олинган жароҳатлар биргина бокс мусобақаларида олинадиган жароҳатлардан сон жиҳатидан кам. Бироқ жароҳатларнинг хавфлилик даражаси бироз юқори эканлиги рост.
 
Ҳозирда дунёда ҳар йили 100 яқин аралаш қоидали жанг турнирлари ўтказилиб турилади. Масалан,
UFС (АҚШда), «2 Hot 2 Handle» (Голландияда), «Pride» (Японияда), бундан ташқари, Бразилия ва Россия Федерациясида турли ном ва даражага эга турнирлар ўтказиб турилади.
 
Спорт мусобақасини оламшумул шоу сифатида ўтказганларига яраша иштирокчиларнинг “қалам ҳақлари” ҳам ўзига яраша. Бир неча минг доллардан бошланиб бир неча юз минг доллар, ҳатто ундан ҳам зиёд.
 
Бундай жанглар ўтказиш учун халқаро талаб қоидалари мавжуд. Биринчиси — махсус саккизбурчакли ринг ва унинг тўрли тўсиқлари. Иккинчиси, томошабинлар учун томоша ўриндиқларининг жойлашуви.
 
Ҳозирча ушбу жанг санъати анъанавий тарзда ўтказиладиган спорт мусобақаларида учрайвермайди. Сабаби, унинг ўз ташкилотчилари, ўз жангчилари ва ўз талаблари бор.
 
Мазкур спорт мусабақаси кўпроқ шоу мақомида бўлиб, ўйинган тикилган пул ютуқларининг йириклиги, кўпгина ҳолларда спортчиларнинг ўзаро келишувига асосан “сохта жанглар” шоу-дастур сифатида тақдим этилиши билан характерли.
 
Ўзбекистонда аралаш қоидали жанг турнирлари тор доирада ўтказилиши ва у ҳар доим ҳам спорт турларига қўйилган талаблар доирасида бўлавермаслиги билан ажралиб туради.

Спортнинг асосий мақсади эса — аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, келажак авлодни ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом бўлишларини таъминлашдан иборат...

Юртимизда ташкил этилиши режалаштирилаётган бундай тадбирлар эндиликда ташкилотчилар томонидан ҳар томонлама ўрганилиб, сўнг аъло даражада ўтказилишига ишонч билдирамиз...
Улуғ БЕК

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!