...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда ҳалол солиқчилар учун кўкрак нишони таъсис этилади


13:36, 16.08.2018 Жамият
 3 138

Муносиб номзодлар Давлат солиқ қўмитаси комиссиясининг хулосасига асосан тўғридан-тўғри I ёки II даражали кўкрак нишони билан тақдирланишлари мумкин.

Ўзбекистонда “Солиқ органларидаги хизмати учун” кўкрак нишони таъсис этилиши мумкин. “Солиқ органларидаги хизмати учун” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига муҳокама учун жойлаштирилди.
 
Қарорга кўра, Давлат солиқ хизмати органларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали хизмат қилган, хизмат вазифаларини бажаришда юксак натижаларга эришган солиқ хизмати органлари ходимларининг меҳнатини рағбатлантириш мақсадида мукофот таъсис этилмоқда.
 
  • I даражали кўкрак нишони билан камида 15 йиллик меҳнат стажига эга шахслар;
 
  • II даражали кўкрак нишони билан камида 10 йиллик меҳнат стажига эга шахслар;
 
  • III даражали кўкрак нишони билан камида 5 йиллик меҳнат стажига эга шахслар тақдирланадилар.
 
I даражали кўкрак нишони юқори даражали ҳисобланади. II ёки III даражали кўкрак нишони билан тақдирланганлар кейинчалик унинг юқори даражалари билан босқичма-босқич мукофотланиши мумкин.
 
Бир даражадаги кўкрак нишони такроран берилмайди.
 
Муносиб номзодлар Давлат солиқ қўмитаси комиссиясининг хулосасига асосан тўғридан-тўғри I ёки II даражали кўкрак нишони билан тақдирланишлари мумкин.
 
I даражали кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар лавозим маошининг тўрт баравари миқдорида, II даражали кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар уч баравари миқдорида, III даражали кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар икки баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
 
Бир йўла тўланадиган пул мукофотлари Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
 
Хизмат бурчини ўташ даврида ҳалок бўлган ёки вафот этган ходимлар ҳам вафотидан сўнг кўкрак нишони билан тақдирланишлари мумкин. Бунда кўкрак нишони ва пул мукофоти унинг оиласига топширилади.
 
Кўкрак нишони, унинг гувоҳномаси ва пул мукофоти “Солиқчилар куни” байрами арафасида Давлат солиқ қўмитаси раиси (ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали равишда топширилади.
 
Кўкрак нишони билан тақдирланган ходим тегишли тартибда қуйидаги имтиёзлардан фойдаланиши мумкин:
 
Давлат солиқ қўмитаси ёки ҳудудий давлат солиқ бошқармаси томонидан бериладиган навбатдаги даражали унвонни муддатидан олдин олиш;
 
Санаторийларда даволаниш ва дам олиш учун йўлланмаларни олишда кўкрак нишони қуйи даражасидан юқори даражасига мувофиқ йўлланма қийматига нисбатан тегишлича 20 фоиз, 30 фоиз ва 40 фоиз миқдорида имтиёз олиш.
 
Санаторийларда даволаниш ва дам олиш учун йўлланмалар бўйича харажатлар Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Теглар:Давлат солиқ қўмитаси Кўкрак нишони 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар