...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон Кубогининг финал ўйини иш куни ва иш вақтига белгиланди... Томошабин шарт эмасми?


11:12, 14.10.2017 Спорт
 2 924

Финал ўйини соат 15:00 ва душанба кунига белгиланди. Буниси ҳам майли, финалда мезбон жамоа бор, бу — “Бунёдкор”.

Футбол бўйича Ўзбекистон кубогининг финал ўйини 4 декабрь, душанба куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади. “Локомотив” ва “Бунёдкор” майдонга тушадиган учрашув соат 15:00да бошланади, дея хабар беради ЎзПФЛ ташкилотининг Матбуот хизмати.
 
Ўзбекистон футбол федерацияси Профессионал футбол лигаси билан ҳамкорликда кубок финалини байрамона тарзда ўтказиш мақсадида ўйиндан олдин мусиқий шоу-дастур ўтказишни ҳам режалаштирилган эмиш...
 
“Локомотив” ва “Бунёдкор” жамоалари ўртасидаги финални Бирлашган Араб Амирликлари вакиллари бўлган ҳакамлар гуруҳи бошқаради. Мазкур ўйинда Муҳаммад Абдулла Ҳасан бош ҳакам вазифасини бажаради.
 
Унга қанотларда Муҳаммад Ҳасан Абдулла ал-Маҳри ҳамда Муҳаммад Аҳмад Юсуф Абдулла ал-Ҳаммади ёрдам беради. Тўртинчи рефери вазифаси Аммар Али Абдулла ал-Жунайбийга юклатилди.
 
Шу ўринда қайд этиш керакки, БААлик ҳакамларнинг Кубок финалини бошқариши Ўзбекистон футбол федерацияси ва БАА Футбол уюшмаси ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми доирасида амалга оширилмоқда.
 
Финал беллашуви мезбонини аниқлаш учун ташланган қуръада “Бунёдкор” номинал мезбон мақомига эга бўлди. Маълумот учун, финал ўйинида “Бунёдкор” футболчилари қизғиш-оқ рангли футболкаларда майдонга тушади. Ўзбекистон Кубогининг амалдаги соҳиби — “Локомотив” аъзолари эса оқ-яшил формада ўйнайди”, дейилади бизга берилаётган хабар матнида.
 
Энди барчасига розимиз, нима ҳам қилардик, қарор қабул қилиб бўлинди...
 
Лекин финал ўйини “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтиши, финалда “Бунёдкор”нинг мезбон бўлиши сиз учун финалга ўхшаяптими? Қаерда ва қачон финалда мезбон жамоа иштирок этган. Биламизки, барча ҳал қилувчи учрашувлар нейтрал майдонларда ўтказилади.
 
Балки, икки пойтахт жамоаларининг қайсидир вилоят, масалан Қарши ёки Наманган, балки Олмалиқдаги мухлисларга тўла стадионда иш вақти якунлангандан кейин (майли, ҳафтанинг иш кунида бўлса ҳам, масалан, соат 18:00 ёки 19:00) ўйнашлари жозибалироқ кўринмасмиди? Мана шунда финал — финал мақомида ўтган бўлармиди...
 
Устига-устак душанба куни соат 15:00 да ўйин бошланади. Нега ўйин айнан душанба иш куни ва иш вақти 15:00 га белгиланди? Мақсад нима, бу ўйинни тезроқ хўжакўрсинга ўтказиб юбориб, кубок мусобақасини тезда якунлаб юборишми?
 
Эсингизда бўлса, яқинда ЎзПФЛ ташкилотининг раҳбари Фарход Магометов ўрнини бошқа бир ёш кадр — Омон Ғофуров Файзуллаевич тайинлангани ҳақида хабар бергандик.
 
Аммо ЎзПФЛнинг янги раҳбари ишга келиши билан матбуотнинг нигоҳига “шубҳали” кўринишни бошлади...
 
Чамамда, финал ўйинининг душанба куни соат 15:00 га белгилангани — футбол мутахассисларидан бошлаб, токи футбол мухлисларида норозилик кайфиятини келтириб чиқаришга сабаб бўлмоқда.
 
Лекин финал ўйинининг бундай ноқулай вақтга белгиланишига ҳам биз билмайдиган бир сабаб бордир...
 
Балки Тошкент шаҳридаги шундоқ ҳам автомобилларнинг тирбанд қатнови янада ноқулайликларга сабаб бўлиши мумкинлигидан, аниқроғи хавфсизлик масаласи нуқтаи назарида шундай қилингандир. Бироқ, ҳар не бўлганда ҳам футбол — ўз мухлислари билан “тирик” спорт. Бу фактор инобатга олиниши керак...
 
Агар муаммо биз тахмин қилганчалик бўлса, унда спорт соҳасидаги мутасадди раҳбарлар бу ҳақда мухлисларни огоҳлантирсин, ўз қарорларини исботлаб, асослаб беришсин... Шаффофликда ишлашни давом эттиришсин!
 
Умид қиламизки, ўз йўналишидаги янги раҳбар — Омон Ғофуров ўз ишнинг кўзини биладиган мутахассис. Шунинг учун ҳам ундан бошқа бундай эътирозларга сабаб бўладиган қарорларни қабул қилмасликни сўраб қолган бўлардик.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:ЎзПФЛ Ўзбекистон Кубоги Омон Ғофуров Бунёдкор Локомотив 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!