...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбек санъатида энг хит қўшиқлар муаллифи таваллуд кунини нишонлади


23:35, 22.01.2017 Шоу-бизнес
 5 818

Ўзбек шоу-бизнесининг ривожланиш даври ўрта ҳисобда 2000-йилларга бориб тақалса, бу даврни Шаҳноз ва у яратган қўшиқларсиз тасаввур этиб бўлмайди.

22 январь куни хонанда, бастакор, ва шоира Шаҳноз таваллуд айёмини нишонлади.
 
Ўзбек шоу-бизнесининг ривожланиш даври ўрта ҳисобда 2000-йилларга бориб тақалса, бу даврни Шаҳноз ва у яратган қўшиқларсиз тасаввур этиб бўлмайди. “Сетора” гуруҳининг “Борсан”, “Хайр энди”, “Аждодлар руҳи”, Лола Йўлодошеванинг “Ичим ёнар”, “Қолайми ё кетайми?”,  Шаҳзоданинг “Ҳаёт, айт” қўшиғи бўладими ёки Юлдуз Усмонованинг “Севдим”и, хуллас, ҳар бирида Шаҳнознинг юрагидан отилиб чиққан, қалбининг туб-тубида йиллар давомида сақланган мисли гавҳардек жилвакор туйғулар мужассам.
 
Шаҳноз – ўзбек шоу-бизнесидаги энг хит қўшиқлар муаллифи, кўплаб хонандалар қўшиқлари ила танилиши, эл олқишига сазовор бўлишига сабабчи бўлган шоира, бастакор. У 1996 йил илк таронасини яратганида, кун келиб санъатнинг кўзга кўринган вакиласи бўлишини ўйламагандир, балки. Ўшанда Шаҳнозга биринчилардан бўлиб хонанда Бону ишонч билдирган ва унинг “Хушрўйим” номли қўшиғини куйлаб чиққанди.
 
Шаҳнознинг биринчи шеъри эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рашид Холиқовга насиб этди. “Дард” деб номланган қўшиқ 1998 йилда Рашид Холиқовга омад олиб келган эди.
 
Тошкентда оддий оилада туғилган, мусиқий иқтидори туғма бўлган Шаҳноз мактабда ўқиб юрган кезлари мусиқа тўгаракларига қатнади. Бироқ бу йўналишидаги олий ўқув юртларига кирмади. Тошкент давлат педогогика институтини, сўнг Тошкент давлат шарқшунослик институтини тамомлади.
 
Гарчи Шаҳнознинг санъат соҳасидаги фаолияти 1996 йилдан бошланган бўлса-да, у 1998-1999 йилларда Ўзбекистон миллий ахборот агентлигида ҳам фаолият юритди. 2001 йилдан 2012 йилгача Шаҳнознинг умр йўли ва ижоди “Tarona records” компанияси билан боғланди.
 
Тортинчоқ, бор яхшиликларни яқинларига, дўстларига улашишга, атрофидагиларнинг яхшисини ошириб, ёмонини яширишга одатланган Шаҳноз “Tarona records”да асосан бошқалар учун ишлади, десак муболаға бўлмайди. Хонанданинг энг хит қўшиқлари “Tarona records”нинг бирламчи ўриндаги лойиҳаларига бериларди. Шаҳноз кўнглига ёққанларини ўзи куйлади. Баъзан бу хоҳишига қарши борган пайтлари ҳам бўлди. Баъзи хонандалар томонидан рад этилган қўшиқларни Шаҳнознинг ўзи куйладию бу тароналар мислсиз шуҳрат топди.
 
Шаҳноз қўшиқларига юрагини тўкиб солади. Баъзан шеърларидаги ғамли, дардли сўзларни ўқиб, Шаҳноз шунча дардни қандай кўтариб юрибди, дерсиз... Қўшиқларини тинглаб наҳот муҳаббатдан шунчалар ранжиган, деган ўй келар сизга. Йўқ, хулоса қилишга шошилманг. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Шаҳноз яқинлари, дўстларининг дарди билан яшай олади. Бу дардни ўзиникидек ҳис этади, яраси битиши учун куй басталайди, шеър ёзади.
 
Шаҳноз ҳақида гап кетганда, уни кўплаб дўстлари, яқинлари ва ҳамкасблари мард, сабр-бардошли, иродали инсон сифатида қадрлайдилар. Ижтимоий тармоқлар орқали унга табрик сўзини битган 100 дан ортиқ санъат вакиллари Шаҳнозга узоқ умр ва бахт тилаш баробарида, унинг беғубор ва самимийлиги, дўстлари учун доим ёрдамга тайёр экани, ўзида одамгарчиликни сақлаб қолгани ва энг муҳими, оилапарварлигини алоҳида таъкидладилар.
 
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева Шаҳнозга таъриф берар экан, уни етук инсон эканини ёзиб қолдирди. Хонанда Шаҳзода эса Шаҳнозни таваллуд куни билан самимий табриклаб, у яратган қўшиқлар одамлар қалбида яшаб келаёгани ва булар учун миннатдорчилик билдиришини айтган.
 
Шаҳноз – ўзбек шоу-бизнесининг иқтидорли аъзоси. У яратган минглаб қўшиқларнинг одамлар қалбидан чуқур жой эгаллаши ортида ҳам самимийлик ётибди. Шаҳноз куйлаган қўшиқларга эътибор қилинг, улар кўп эмас. 50 та борми ёки йўқ... Лекин ҳар бири тилларга тушган. “Қанийди”дан тортиб, “Унутиш ёқғири”гача ҳар бир қўшиқнинг тингловчига бергувчи озуқаси бор.
 
Юқоридаги мулоҳазаларни ўқиб, жуда ошириб юборилмаганми, деган ўй ҳаёлигиздан ўтган бўлиши мумкин. Йўқ, Шаҳнозни яқиндан билган, унинг ижоди билан таниш бўлганлар қаторида турганимиз учун ҳам ўзимизни бу гапларни айтишга ҳақли деб билдик. Сиз ҳам уни яқиндан танимоқчимисиз, қўшиқларини тинглаб кўринг.
 
Фурсатдан фойдаланиб, таҳририятимиз номидан хонанда, бастакор ва шоира Шаҳнозни таваллуд куни билан муборакбод этиб, унга соғлик, омад ва ижодий парвозлар тилаб қоламиз. 

Теглар:Шаҳноз 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!