...
МЕНЮ
ONLINE TV

ЎФА икки футболчига яна жарима солди, икки ҳакам Суперлигадан четлатилди


19:43, 08.04.2018 Спорт
 5 480

Ҳакамлар қўмитаси учрашув бош ҳаками Валентин Коваленконинг ҳам хатти-ҳаракатларини ўрганиб чиқди.

Суперлига 6-тури доирасида “Локомотив” ўзида “Қўқон-1912” билан дуранг ўйнади. Учрашувнинг 89-дақиқасида мезбонлар футболчиси Нивалдо Родригес меҳмонлар ўйинчисига нисбатан қўпол ҳаракат қилганлиги учун қизил карточкага лойиқ кўрилди ва ҳиссиётларини жиловлай олмаган бразилиялик рақиб дарвозабони Ўткир Юсуповга боши билан зарба берди.
 
Бу қилмиши учун Нивалдо узоқ муддатли дисквалификацияга тортилиши мумкин. Футболчилар ўйинда ва ундан сўнг пойтахтлик футболчилар қанот ҳакамига бир неча бор эътироз билдиришган.
 
“Локомотив” - “Қўқон-1912” ўйини юзасидан ЎФА Тартиб интизом қўмитаси ўйинни йиғилиш ўтказиш орқали ўрганиб чиқди. Йиғилишида учрашув комиссарининг билдиргиси, ўйин қайд этилган видеоёзув кўриб чиқилди.
 
Ўйинда “Локомотив” футболчилари Нивалдо  ҳамда Сардор Мирзаевнинг ҳатти- ҳаракатлари ўрганиб чиқилди ва қарор қабул қилди. Унга кўра, ”Локомотив” ўйинчиси Нивалдога нисбатан  Интизом кодексининг 5, 45 бандининг “м” қисмига биноан  5 ўйинга дисквалификация қилиш ҳамда 25 миллион сўм миқдорида жарима интизом чораси қўлланилди. “Локомотив” ўйинчиси Сардор Мирзаевга нисбатан  эса Интизом кодексининг 5.56 бандига мувофиқ 10 миллион сўм миқдорида жарима интизом чораси қўлланилди.


 
Қўшимчасига, учрашувда бош ҳакамга ёрдам берган Акбар Пўлатов қўпол хатога йўл қўйгани учун жазоланади. Валентин Коваленко бошқариб борган беллашувнинг 17-дақиқасида “Локомотив” футболчилари ҳисобни тенглаштиришга эришди. Такрорий лавҳалар гол ўйиндан ташқари ҳолатдан киритилганини кўрсатди.
 
Ўша вазиятда қанот ҳаками Акбар Пўлатов сўнгги ҳимоячи билан бир чизиқда туриши ва Марат Бикмаевнинг ўйиндан ташқари ҳолатда эканини аниқлаб, байроқчасини кўтариши керак эди. Бироқ лайнсмен бу вазиятни эътибордан четда қолдирди. Оқибатда унинг хатоси ўйин натижасига ўз таъсирини кўрсатди.


 
“Локомотив” - “Қўқон-1912” учрашуви назоратчисининг билдиргисига асосан Акбар Пўлатов 4 баллга (2 баҳо) лойиқ кўрилди. Эндиликда у Суперлига ўйинларига қўйилмайди. Жазо муддати қанча вақт давом этишини ЎФА Ҳакамлар қўмитаси ҳал қилади.
 
Шунингдек, ўйиндан кейин ЎФА Ҳакамлар қўмитаси учрашув бош ҳаками Валентин Коваленконинг ҳам хатти-ҳаракатларини ўрганиб чиқди.


 
“Локомотив” - “Қўқон-1912”  учрашуви бош ҳаками ўйинга яхши тайёргарлик кўрмагани, натижада бир қатор вазиятларда, жумладан, 17-дақиқада “Локомотив” аъзоси Марат Бикмаев гол киритган вазиятда ўйиндан ташқари ҳолатни аниқлашда ва иккинчи бўлимда “Қўқон-1912” дарвозасига пенальтини белгилашда хатога йўл қўйгани қайд этилди. Валентин Коваленко ҳам эндиликда маълум муддат Суперлига ўйинларига қўйилмайди.


 
“Шуни қайд этиш жоизки, кескин қарор қабул қилишдан кўзланган мақсад ташкилот фойдасига моддий манфаат кўриш эмас, балки футболнинг томошабоплигини ошириш, мухлисларнинг стадионларга ташрифи давомида футболчи ёҳуд мураббийларнинг нохулқий хатти-ҳаракатларини томоша қилиш эмас, балки чинакам футбол спектаклига гувоҳ бўлиб, маданий дам олишларини таъминлашдан иборат”, дейилади ЎФА хабарида.
 
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Бухоро” сардори Шавкат Саломов ҳакамнинг қарорларига кескин норозилик билдиргани ва унинг ҳаракатига тўсқинлик қилгани учун 10 млн сўм миқдорида жаримага тортилганди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Локомотив Қўқон-1912 Суперлига 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!