...
МЕНЮ
ONLINE TV

Нурсултон Назарбоев Остонанинг номини ўзгартиш юзасидан баёнат берди


12:50, 26.11.2016 Олам
 6 822

Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев шарафига мамлакат пойтахти номини ўзгартириш таклифи берилганди.

Аввалроқ, Қозоғистон Республикаси депутати Қуаниш Султонов пойтахт шаҳар Остонани мамлакатнинг биринчи президенти номи билан аташ таклифини бергани ҳақида хабар қилган эдик.
 
Президент Нурсултон Назарбоев “Россия 24” телеканалига берган интервьюсида пойтахт номини ўзгартириш учун ҳеч қандай эҳтиёж йўқлигини айтди. Бу ҳақда ТАСС ёзмоқда.
 
“Остона номини ўзгартириш ғоясига қандай муносабат билдирасиз?”, деган саволга президент Нурсултон Наззарбоев “Қаерга борманг, ҳамма Остонани билади. Бу бренд. Шунинг учун шаҳар номини ўзгартириш шарт эмас. Ўзгартириш учун бирор эҳтиёж борлигини кўрмаяпман”, деб жавоб берди.
 
Президент пойтахт шаҳарда XXI асрда биринчи марта Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг саммити, Осиё қишки ўйинлари, “Экспо-2017” халқаро кўргазмаси, дунё ва миллий дин вакиллари съезди ўтказилганини эслатиб ўтди ва қуйидаги фикрларни билдирди:
 
“Буларнинг барчаси Қозоғистон билан боғлиқ, бироқ ҳамма ерда Остона номи янграйди. Номни ўзгартириш учун қандай зарурат бор бўлиши мумкин?”, дейди президент.
 
23 ноябрь куни Қозоғистон Республикаси депутатларининг қўшма йиғилишида пойтахт шаҳар Остона номини “Назарбоев” ёки “Нурсултон”га ўзгартириш таклифи берилганди.
 
Хабарларга қараганда, пойтахтнинг номи 16 декабрь Қозоғистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги нишонланадиган куни  ўзгартирилиши режалаштирилган.
 
Маълумот ўрнида, 1998 йилдан бошлаб Қозоғистон пойтахти Остона деб атала бошланган. Бунга қадар унинг номи Акмолинск, Целиноград номлари билан аталган.
 
Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев шарафига мамлакат пойтахти номини ўзгартириш таклифи берилди. Бироқ Нурсултон Назарбоевнинг ўзи ушбу таклифни қўллаб-қувватламади.
Мухторбек Абдуллаев

Теглар:Нурсултон Назарбоев Остона 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!