...
МЕНЮ
ONLINE TV

Нега Янги Зеландия амалдаги байроғидан воз кечмоқда?


18:40, 15.12.2015 Олам
 3 453

2016 йилда Янги Зеландия янги давлат байроғини қабул қилиши мумкин. Британия тожидан воз кечишга бўлган илк ҳаракат мувафаққият олиб келадими?

Яқинда Янги Зеландиянинг давлат байроғи ўзгариши мумкин. Кейинги йилнинг март ойида бу масалада мамлакатда референдум ўтказилади. Бу ҳақда Huffington Post хабар бермоқда.

Куни кеча эса асосий референдумдан олдин кичик референдум бўлиб ўтди. Унга кўра, фуқароларнинг 50.53 фоизи янги байроқ бўлишга талабгор рамзлар ичидан қора ва кўк рангли юзада жойлашган “Кумуш қирққулоқ япроғи” тасвирли байроқ фойдасига овоз беришган. Айнан шу намуна давлат байроғини ўзгартириш бўйича референдумда “Union Jack” тасвири туширилган амалдаги байроқ билан рақобат қилиши белгилаб қўйилди. Иккинчи ўринни (49,47 фоиз) худди шунга ўхшаш, фақат қизил ва кўк рангли байроқ эгаллади.


Кутилаётган янги байроқнинг эскисидан фарқи шундаки, “Union Jack” рамзи “Кумуш қирққулоқ япроғи” тасвирига алмаштирилган. Кумуш қирққулоқ, Киви куши билан бир қаторда, Янги Зеландиянинг миллий давлат рамзларидан биридир. Эски байроқдаги ўнг қисмида жойлашган “Жанубий хоч”ни тасвирлайдиган “Тўрт қизил юлдуз” эса ўз ўрнида қолган. Янги байроқ бўлиши кутилаётган намунадаги қора ранг олдинги байроқда мавжуд эмас эди.

Бундан аввал Зеландия фуқароларига янги байроқ сифатида тўртта намуна таклиф қилинган эди.


Улар Янги Зеландия ҳукуматининг интернет саҳифасида пайдо бўлган ўн мингдан ортиқ лойиҳалар ичидан танлаб олинган.

Референдумгача Янги Зеландиянинг ҳозирги байроғи амалда бўлади.

Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки, Янги Зеландия 1770 йилда Буюк Британия колониясига айланган ва расман Британия монархиясига бўйсунган. XIX аср бошларида у ерда инглизларнинг бир неча манзилгоҳлари пайдо бўлади. 1907-1953 йиллар Янги Зеландия тарихига “Доминионлик даври” номи билан кирган. Ушбу давр Зеландиянинг тўлақонли мустақиллиги учун курашларининг кучайиши билан изоҳланади. 1953 йилда Янги Зеландиянинг “доминион” мақомига чек қўйилади. Британиянинг бир қатор колониялари ва доминионлари, шу жумладан, Янги Зеландия ҳам Англия монархи бошчилигида “Миллатлар ҳамдўстлиги” таркибига киради.

Ҳамдўстликка аъзо давлат сифатида Янги Зеландиянинг давлат бошлиғи расман Буюк Британия монархи ҳисобланади. Аммо ички ва ташқи сиёсатда давлат тўлиқ мустақил саналади. Парламентга бошчилик қиладиган бош вазир мамлакатни монарх номидан бошқаради.

Сўнгги йилларда “Миллатлар ҳамдўстлиги” давлатлари аҳолиси орасида Англия монархини давлат бошлиғи сифатида тан олишдан воз кечишга бўлган интилишлар кучайиб бормоқда. Янги Зеландияда янги давлат байроғини қабул қилиш ушбу мақсад йўлидаги дастлабки қадамлардан бири. Ҳозирги байроқдаги “Union Jack” рамзи қироллик оиласининг тимсоли ҳисобланади. Агар унинг ўрнида “Кумуш қирққулоқ япроғи” тасвири танланса, бу Англия монархиясининг рамзидан тўғридан-тўғри воз кечишни билдиради.

Бунга ўхшаш воқелар фақатгина Янги Зеландияда кузатилаётгани йўқ. Британия монархиясидан ажралиб чиқишга бўлган ҳаракатларнинг энг юқори нуқтаси 2014 йилда Шотландияда кузатилган эди. Ўшанда “Шотландия мустақил бўлиши керакми” мавзусида умумхалқ референдуми ўтказилган эди. Бироқ натижалар референдумдан кўзланган мақсадни олиб келмади. Овоз берганларнинг 55.3 фоизи Буюк Британия таркибида қолиш истагини билдиришган.

Кўпчилик мутахассислар, ушбу воқеаларнинг Буюк Британия монархияси инқирозидан дарак бераётганлигини таъкидлашмоқда. Бироқ мустақилликка интилаётган давлатлар олдида қиладиган ишлар ҳали жуда кўп. “Миллатлар ҳамдўстлиги” аҳолисининг Британия қироллик оиласига нисбатан ҳурмати ҳали ҳам баландлигича қолмоқда.
Адиз Аҳмедов

Теглар:Янги Зеландия байроғ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!