...
МЕНЮ
ONLINE TV

Молиявий пирамида қурган ўзбекистонлик Россиядан экстрадиция қилинди


14:29, 10.09.2018 Олам
 10 378

Фозилов Ўзбекистон ҳудудида 2007 йилдан 2009 йил июнь ойига қадар жиноий гуруҳ ташкил қилган.

Жорий йил 6 сентябрь куни Россия Федерацияси 32 ёшли Ўзбекистон Республикаси фуқароси Суҳроб Фозиловни мамлакатига экстрадиция қилди.
 
У 2010 йилдан бери Ўзбекистонда қидирувда эди. Суҳроб Фозиловга Жиноят кодексининг 242-моддаси 1-қисми (жиноий жамоа тузиш), 168-моддаси  3 қисми “а” ва “в” бандлари (фирибгарлик), 243-моддаси (ноқонуний топилган пулларни легаллаштириш) билан жиноий иш очилган.
 
Фозилов Ўзбекистон ҳудудида 2007 йилдан 2009 йил июнь ойига қадар жиноий гуруҳ ташкил қилган. У оффшор ҳудудларда рўйхатдан ўтган хорижий компаниялар вакиллари ёрдамида ташкил этилган бўлиб, молиявий пирамида шаклидаги тоталитар ҳамда деструктив характерга эга бўлган. Суҳроб Фозилов бу жиноий гуруҳ тузилмавий бўлинмасига раҳбарлик қилиб, унинг фаолият юритишини таъминлаган.
 
У 2008 йилдан 2009 йил июнгача алдов ва ишончни суиистеъмол қилиш орқали Самарқанд вилоятида яшовчи 140 нафардан ортиқ одамнинг 61 минг АҚШ доллар пулини ўғирлаган ва хорижий компания ҳисобига ўтказган.
 
Жиноий гуруҳ аъзоси ва жиноий уюшма бўлинмаларидан бирининг раҳбари сифатида у бошқа жиноий уюшма раҳбарлари билан бирга 2008-2009 йилларда жиноий йўл билан топилган 13 миллион АҚШ долларини легаллаштирган. Шунингдек, катта миқдордаги пулларни ўзлаштирган ва РФнинг тегишли банкларига ўтказилиши керак бўлган пулларни яширган.
 
Халқаро қидирувда бўлган Фозилов 2017 йил ноябрда Москва метросида ҳибсга олинган. Москва шаҳар прокуратураси ва РФ Бош прокуратураси олиб борган экстрадицион текширувлар натижасида уни мамлакатига қайтаришга қарор қилинган.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Суҳроб Фозилов Молиявий пирамида 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!