...
МЕНЮ
ONLINE TV

Микроскоп: қуёшдан сақловчи кўзойнакларнинг фойдаси маълум, зарари-чи?


20:05, 19.06.2017 Бу қизиқ
 3 871

Сўнгги йилларда сипо ва нафис шаклдаги кўзойнаклар оммалашмоқда.

Баҳор-ёз мавсумидаги кучли қуёш нуридан ҳимояланиш мақсадида кўпчилик кўзойнакдан фойдаланади. Бугунги кунда ҳатто, кичик ёшдаги болалар учун ҳам махсус кўзойнаклар ишлаб чиқарилган. Мавсумга мос ҳолда бу аксессуарнинг инсонларга таъсири ҳақида ёзишни лозим топдик. 

Аввало, таъкидлаш керакки, кўзойнаклар фақатгина линзасининг, яъни ойнасининг рангги, шаклидан ташқари, турлари билан ҳам ажралади. Масалан, ,буқаламун, яъни ёруғликнинг даражасига қараб рангини ўзгартирувчи кўзойнаклар; полароид, яъни қуёш нуридан кучли ҳимояланган тўқ рангдаги шишали кўзойнаклар; акс нур қайтарувчи кўзойнаклар; спорт русумидаги ва ҳайдовчилар учун махсус ишлаб чиқилган кўзойнаклар. 

Бундай кўзойнакларнинг умумий хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, ижобий тарафларини баён этамиз: 

- сифатли кўзойнаклар зарарли бўлган ультрабинафша нурдан ҳимоя қилади;

- альпинистлар учун кўзойнак зарурий буюм ҳисобланади, сабаби баланд тоғлардаги қор қуёш нурини ўзидан қайтаради ва бу тўлқин кучли бўлгани сабабли баъзан инсон кўзини ҳам ожиз қилиб қўйиши мумкин;

- кўриш қобилияти паст бўлган кишилар учун қуёшдан сақловчи кўзойнак тақиш тавсия этилади;

- кўз атрофидаги тери қуёш нурига нисбатан кучли сезувчан таъсирга эга. Шу сабаб кўзойнак тақиш кўз атрофида юзага келиши мумкин бўлган ажинлардан ҳимоя қилади;

- соҳилга ёки балиқ овлашга борганда ҳам кўзойнак ёрдамга келади. Сабаби, сувда акс этган қуёш нури кучли бўлиб, кўзга акс таъсир этиши мумкин.

Энди қуёшдан сақловчи кўзойнакларнинг салбий жиҳатлари билан танишинг:

- доимий равишда кўзойнакдан фойдаланиш орқали фотофобия юзага келиши мумкин. Бу қуёш нуридан қўрқиш ҳолатидир;

- қуёш нури бўлмаган вақтда, кечаси кўзойнаклардан фойдаланмаган маъқул. Шундоғам ёруғлик даражаси паст шароитда, етмагандек, қора ойнали кўзойнак кўз пардасини зўриқтиради. Натижада эса кўз катарактаси юзага келиши мумкин;

- паст сифатли кўзойнаклар ўз эгасига фойдадан кўра зарар келтиришини ёддан чиқарманг.

Қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак танлашда бир неча тавсияларга эътибор қаратинг. Қуёш нуридан сақлаш даражасини инобатга олинг. Профессионал оптикаларда бундай стандартлар аниқ ёзилган бўлиши шарт. 

Жигарранг ёки кулранг линзали кўзойнакларда қуёшдан ҳимоя қилиш даражаси кучлироқ ҳисобланади. Албатта, бу борада ҳар бир инсоннинг индивидуал хислати ва хоҳиши ҳам инобатга олиниши лозим.

Қуёшдан ҳимояловчи кўзойнакларнинг қайси бирини танлаган маъқул: пластик ойналими ёки шиша ойналиси, деган савол туғилиши мумкин. Бугунги кунда пластик ойнали кўзойнаклар сифати ва технологияси ўзгариб, тобора шиша ойнали кўзойнаклардан кўра оммалашиб кетмоқда. Бундан ташқари, пластик ойнали кўзойнаклар енгил, улар синган тақдирда ҳам кўп зарар етказмайди. Бироқ сифатсиз бўлган пластик ойнали кўзойнаклар нафақат бефойда бўлиб, қуёш нуридан ҳимояламайди, балки зарарли нур таъсирини янада кучайтириши ҳам мумкин. 

Кўзойнак шаклига келадиган бўлсак, уларнинг классик турдагиси доимо урфда бўлган. Сўнгги йилларда сипо ва нафис шаклдаги кўзойнаклар оммалашмоқда. Кўзойнакнинг ўз эгасига қулай бўлиши жуда муҳим жиҳат. Агар кўзойнакни таққач, бурунда из қолса ёки қулоқ устига оғриқ берса, яхшиси, бошқача моделдаги аксессуарни танлаган маъқул.

Дурдона Расулова 

Теглар:Микроскоп Кўзойнак 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!