...
МЕНЮ
ONLINE TV

Машҳур инсонлар ҳаётлик вақтида қандай кўринишда бўлган?


13:37, 10.05.2016 Бу қизиқ
 6 218

Замонавий антропология ёрдамида тарихда яшаб ўтган инсонларнинг ҳам ташқи қиёфаларини тиклаш мумкин.

Тарихдан бизга маълум бўлган кўплаб машҳур шахслар, тарихчилар, олимлар, малика ва шоҳлар ҳақида биз дастлаб мактаб дарсликларида берилган маълумотларни ўқиганмиз. Кейинчалик газета ва интернет-нашрларида улар ҳақида кўплаб қизиқ воқеаларни мутолаа қилганмиз. Технология оламининг кун сайин ривожланиб бормоқдаки, улар ҳақида исталган маълумотни интернет деб аталмиш олам орқали ҳам ҳеч бир қийинчиликсиз топиш мумкин. Аммо технологиянинг тараққиёти бунданда чуқур нуқталарга етиб бориб, бугун замонавий антропология ёрдамида биз дарсликларда ўқиган, ижодига қизиққан шахсларнинг нафақат суратини, балки ҳаётда, тириклик чоғида асли қандай кўринишда бўлганини ҳам кўриш имконияти туғилди.

Бугун эътиборингизга бир қатор тарихий шахсларнинг суратларини намойиш этамиз. Уларнинг вафотига бир неча асрлар бўлган бўлсада, калла суяклари ва бошқа қолдиқлари ёрдамида бу шахсларнинг ҳаётлик вақтидаги кўриниши замонавий антропология ва компьютер графикаси асосида қисман тикланди.
 


Нефертити
Сиз суратда кўриб турган аёл Тутанхамоннинг ўгай онаси ва қайнонаси Нефертитидир. Унинг қабри Императорнинг Люксордаги (Миср) мозори очилгач, топилган. 2003 йили мисршунос олим Жоан Флетчер KV35YL рақамли мўмиёни XVIII – сулоланинг фиръавни Эхтахоннинг “асосий” рафиқаси бўлмиш Нефертитига тегишли эканини аниқлаган. Шундан сўнг, калла суяги ёрдамида унинг ҳаётлик давридаги кўринишини тиклашга қарор қилган. 2010 йил ушбу мўмиё Нефертитиники эмас, балки Тутанхамоннинг ўз синглиси бўлган бошқа рафиқасига тегишли экани ҳақидаги фикр ҳам пайдо бўлди. Бироқ олимларнинг аксарияти топилган мўмиё айнан Нефертитига тегишли эканини айтишган.
 


Тутанхамон
Британиялик олимлар мумиёланган жасаднинг анатомик хусусиятлари асосида ташқи кўринишни компьютерда моделлаштириш ёрдамида Миср фиръавни Тутанхамоннинг энг батафсил портретини яратди. 19 ёшида вафот этган Тутанхамоннинг ташқи кўриниши бошқалардан фарқли ўлароқ чиройли бўлмаган. Тишлари қатори эгри бўлган ва пастки жағи олдинга чиқиб турган, чап оёғининг тўпиғи ва товони ораси анча қайрилиб қолган, шунингдек, бели кенг ва елкаси тор бўлган. Тахминларга кўра, Тутанхамон Миср фиръавнлари оилаларида урф бўлган яқин қариндошлар орасидаги никоҳлар натижасида юзага келган ирсий касалликлар билан оғриган.
 
Олимларнинг фикрларига кўра, Ғарбий Европада истиқомат қилувчи эркакларнинг деярли 50 фоизи Миср фиръавнларининг қариндошлари саналишади.
 


Ҳаворий Павел
Ҳаворий Павел насронийлик назариясининг асосий ривожлантирувчиси ва асосчиси бўлиб, шунингдек, Янги Аҳднинг ҳам каттагина қисмига муаллифлик қилган.
 
2009 йил Римдаги Сан-Паоло-фуори-ле-Мура черкови меҳроби тагидаги саркофаг устида олиб борилган илмий тадқиқот ишлари давомида инсон суяклари қолдиқлари топилган. Олимлар ушбу суякларни углерод-14 моддаси ёрдамида текшириб кўришди. Натижада суяклар эгаси I ва II асрларда яшагани маълум бўлди. Шу орқали олимлар суяклар айнан Ҳаворий Павелга тегишли эканини тасдиқлашган.
 


Қирол Ричард III
Ричард III Англияни 1483 йилдан 1485 йилга қадар бошқарган. У герцог Ричард Йорк ҳамда Сесилия Невиллнинг ўн биринчи фарзанди бўлган.
 
Тарихчилар унинг жанг майдонида бошидаги дубулғани олиш учун отдан тушганини ва шу вақтда душман томонидан унга 11 марта жароҳат етказилгач, Ричард вафот этганини айтишган. Айтиш лозимки, 11 та жароҳатнинг 9 таси унинг бош қисмига берилган. Қўларидаги суяклари бутун, бу эса у ўлим чоғида ҳам совутда бўлганини билдиради. Ричард III Босфортда тахтга ўтиришни истаган “номзод”лардан бири бўлмиш Генрих Тюдор билан бўлган жангда ҳалок бўлган. Генрих Тюдор эса кейинчалик ГенрихVII бўлган. Ўлимидан сўнг унинг жонсиз танаси Лестер кўчалари бўйлаб олиб ўтилган. У Лестерда, Грейфрайерс аббатлиги ҳудудига дафн этилган.
 
Афсоналарга кўра, кейинчалик унинг қолдиқлари қабрдан олинган ва Суар дарёсига ташлаб юборилган. Бироқ Лестерда 2012 йили ўтказилган археологик ишлар афсонадаги фикрлар ёлғон эканини тасдиқлади. Маълум бўлишича, Ричард IIIнинг қабри сақланиб қолган экан. Аввалига Грейфрайерс аббатлиги черкови қурилган жойда кучли скалиоз билан оғриган ва бир қатор жароҳатлар натижасида вафот этган эркак кишининг суяк қолдиқлари топилган. Археолог олимлар бу жароҳатлар жанг вақтида олинган бўлиши мумкин деган фикрга келишди.
 
2013 йилнинг февралида ўтказилган генетик экспертиза натижаларига кўра, Лестердаги Грейфрайерс аббатлиги черкови ўрнида қурилган автотураргоҳ тагидан топилган қабрдаги суяк қолдиқлари ҳақиқатан ҳам қирол Ричард IIIга тегишли экани эълон қилинган. Ричард IIIда Y-хромасомали G2 гапло гуруҳи ҳамда J1c2c митохондриаль гапло гуруҳи аниқланган. Суякларда 11 та жароҳат топилган. Уларнинг 9 таси эса ҳақиқатан ҳам Ричард IIIнинг бош суякларида эди.
 
Шу билан бирга Ричард IIIнинг ҳаётлик вақтида Аскарида гижжаларидан азият чеккани аниқланган. Қиролнинг ўлимидан сўнг ушбу гижжалар тухумдан чиққан ва мурданинг тоз суякларида уларнинг тухумлари қолдиқлари топилган. Олимлар бунга сабаб этиб, ўша даврдаги антигигиеник ҳолат ва дон маҳсулотларини қайта ишлаш, тозалашсиз истеъмол қилингани билан боғламоқдалар. Айтиш керакки, Аскаридалар Ричард IIIнинг қолдиқларида топилган ягона паразитлар эмас.
 


Николай Коперник
Польшалик олим, астроном, математик, механик, иқтисодчи Николай Коперник 1473 йилнинг 19 февралида Торунда таваллуд топган ва 1543 йили 24 май куни Фромборкда вафот этган. Унинг қолдиқлари Польшадаги Фромборк ибодатхонасидан топилган. Варшавалик олимлар Марказий  криминалистика лабораториясида коперникнинг қолдиқ суяклари ёрамида компьютерда унинг юз тузилишини реконструкция қилишган.
 


Себастьян Бах
Иоганн Себастьян Бах 1685 йилнинг 21 мартида Германиянинг Айзенах шаҳрида туғилган. Буюк немис композитори, машҳур орган ижрочиси, барокко даври ҳамда полифония услубининг йирик намояндаси бўлмиш Бах ижодида олдинги давр мусиқа жанр йўналишлари, шу жумладан, хор полифонияси, протестант хорали, орган мусиқаси, итальян операси, клавесин ва клавир мусиқаси умумлаштирилган ва ўзининг бадиий якунини топган. Бахнинг ўз мусиқасида полифония йуналишлари билан гомофония тизимлари ўзаро қоришиб ягона услуб вужудга келтирган. Айтиш лозимки буюк композиторнинг мусиқий меросига мингдан зиёд асарлар киради. Улар сирасига асосан орган мусиқаси, клавир, скрипка ва бошқа  чолғулар учун асарлар ҳамда вокал, вокал-драматик жанрлари ва бошқаларни киритиш мумкин. Бахнинг ижодида орган муҳим ўрин тутади. У ўз даврида органнинг янги имкониятларини очиб берган ва орган прелюдияси, фантазия, токката каби жанрларини фуга билан бирлаштирган.
 
XVIII асрнинг буюк ва бетакрор композитори Бах 1750 йилнинг 28 июлида Германиянинг Лейпциг шаҳрида вафот этган. Бахнинг қолдиқларини эксгумация қилиш ишлари 1894 йил амалга оширилган. 1908 йили эса ҳайкалтарошлар композиторнинг суратларига қараб унинг ҳайкалини яратишга уринишган. Аммо ХХ аср танқидчилари томонидан ҳайкалтарошлар яратган асарлар қораланган ва унинг Бахга асло ўхшамагани айтилганди. Унинг ташқи кўриниши шотландиялик антрополог Кэролайн Уилкинсон томонидан 2008 йили реконструкция қилинган.
 


Уильям Шекспир
Уильям Шекспир 1564 йилнинг 23 апрелида Англиянинг Уоpикшир графлиги ҳудудидаги Эйвон дарёси устида жойлашган Стратфорд шаҳарчасида қўлқопбоз косиб Жон Шекспир оиласида дунёга келган. Айни маълумот Стратфорддаги Авлиё Троица черковининг қайднома китобида ёзиб қолдирилган. Адибнинг болалиги ва ёшлиги ҳақида тўлароқ маълумот берувчи бошқа бирон манба мавжуд эмас. Таниқли ношир ва олим Жорж Стивенс Шекспир вафотидан юз эллик йил сўнг унинг ҳаёти ҳақида тўплаган маълумотларга таяниб қуйдагича ёзган эди: “Шекспир ҳақида бор билганимиз қўйидагилар бўлди. У Стратфорд шаҳарчасида дунёга келган. Ўша ерда улғайиб, ўн саккиз ёшида қўшни фермер қизига уйланган, фарзандлари бўлган. Сўнгра Лондонга кетган, аввалига актёр, кейин ёзувчи бўлган, қатор поэмалар ва театр учун пьесалар ёзган. Ниҳоят Стратфордга қайтиб, сўнгги васиятини ёзган ва ўша ерда вафот этган”.
 
Шунга қарамай, шекспиршунос олимлар ўтган 350 йил бадалида адиб меросини тинимсиз ўргандилар, архив ва театр музейларидан янги-янги ҳужжатлар топиб унинг таржимайи ҳолини бойитишга муваффақ бўлишди. Уильям Шекспир хаммаси бўлиб ўн тўққиз йил ижод қилди. У 1593-1612 йиллар орасида  икки поэма, 154 та сонет  ва 37 та пьеса ёзди. Адиб 1612 йилда театр ва драматургия билан хайрлашиб, туғилиб ўсган она шаҳри Стратфордга қайтиб келади. У ерда тўрт йил тинч ҳаёт кечириб, 1616 йилнинг 23 апрелида 52 ёшида вафот этади.
 
Қизиғи шундаки, Шекспирнинг юз тузилиши бошқалар каби унинг суяклари қолдиқлари ёрдамида эмас, балки унинг ўлими вақтида юзига тақилган ниқоб орқали тикланган.
 
Кессельштадтск ўлим ниқоби 1849 йили Майнцдаги эски буюмлар сотиладиган бозорчадан топилган. Ҳозирда ушбу ниқоб Дармштадтда сақланади.
 


Данте Алигьери
Итальян шоири Данте Алигьери 1265 йилнинг 14 майида Флоренция таваллуд топган ва 1321 йилнинг 13 сентябрдан 14 сентябрга ўтар кечаси Равеннада вафот этган. Кеч ўрта асрлар маданиятининг синтези берилган “Илоҳий комедия” асарининг муаллифи Данте дворянлар  наслидан эди. Дастлабки “Янги ҳаёт” асари 1292 йили ёзилган ва у шоирнинг севгилиси Беатричега бағишланган сонетлардан ва насрий лавҳалардан иборат. 1290 йиллар охирида ҳукмрон гвельфлар партияси “оқлар” ва “қоралар”га ажралиб чиққач, Флоренцияда ҳокимият “қоралар” қўлига ўтади. Ўша пайтда Римда бўлган “оқлар” вакили Дантенинг мол-мулки мусодара этилади, ўзи эса ўлимга ҳукм қилинади. Буни эшитган Данте 1302 йили Флоренциядан чиқиб кетади ва умрининг охиригача дарбадарликда яшайди, сиёсат билан шуғулланмайди. Маълумотларга кўра, Данте асаб тизими касалликларидан бири бўлмиш нарколепсия билан оғриган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрни билдиришган. Ушбу касаллик билан оғриган инсон кутилмаганда уйқу ҳолатига тушиб қолади.
 
2007 йил Болонск университети олимлари XIII-XIV асрларда ижод этган буюк шоир Данте Алигьерининг ташқи кўринишини реконструкция қилишган.
 


Генрих IV
Антропологларнинг тахминларига кўра, Франция қироли гугенотлар сардори Генрих IV айнан шундай кўринишда бўлган бўлиши мумкин. У 1610 йил ўлдирилган. 2010 йил олимлар гуруҳи бугунги кунгача сақланиб келинаётган “Генрих IVнинг калласи”ни ҳақиқий деб тан олишган. Ушбу артефакт ёрдамида мутахассислар Генрих IVнинг ташқи кўринишини яратишган. Бироқ 2013 йилга келиб, бошқа илмий тадқиқот гуруҳи Генрих IVнинг қолдиқлари ҳақиқий эмаслиги борасидаги фикрларни илгари сурганди.
 


Арсиноя IV
Арсиноя IV малика Клеопатранинг кичик ўгай синглиси ва унинг қурбони сифатида тарихда машҳур. 2009 йил бир нечта олимлардан ташкил топган гуруҳ Арсиноянинг Иккинчи жаҳон уруши вақтида йўқолган ва топилган калла суяги ёрдамида унинг ташқи кўринишини яратишган.
 
Қадимги Рим тарихчиларидан бўлмиш Иосиф Флавиннинг берган маълумотларига кўра, Арсиноя Эфесда Марк Антоний ва Клеопатранинг буйруқлари билан қатл этилган. Айтишларича, Клеопатра ўз синглисини тахтга таҳдид қилишда айбдор деб билган.
 


Муқаддас Николай
Муқаддас Николайнинг ташқи кўриниши италиялик анатомия профессори томонидан реконструкция қилинган. Олим ушбу маълумотларни 1950 йил Бари шаҳридаги Муқаддас Николай базиликани қайта тиклаш вақтида қўлга киритган.
Умида Якубова

Теглар:Машҳур инсонлар антропология 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!