...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ислом Каримов ХХР ТИВ раҳбарини қабул қилди


13:45, 24.05.2016 Жамият
 2 306

Ислом Каримов меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон мамлакатларимиз ўртасида барча йўналишлардаги барқарор ва ишончли ҳамкорликни юксак қадрлашини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 23 май куни Оқсаройда мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Ван Ини қабул қилди. 

Ислом Каримов меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон мамлакатларимиз ўртасида барча йўналишлардаги барқарор ва ишончли ҳамкорликни юксак қадрлашини таъкидлади. 
 
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги узоқ муддатли манфаатларга асосланган стратегик шериклик муносабатларининг устувор йўналишлари ва истиқболини белгилашда мунтазамлик касб этган олий даражадаги мулоқотлар алоҳида аҳамиятга эга. 

Учрашувда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг мамлакатимизга бўлажак давлат ташрифи ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришда муҳим босқич бўлиши таъкидланди.
 
Ўзбекистон ва Хитой ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлик бўйича катта тажриба тўплаган. 2015 йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган Хитой инвестицияси ҳажми 6,5 миллиард доллардан ошди. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокида ташкил этилган 651 корхона фаолият кўрсатмоқда, бир қанча муҳим қўшма лойиҳалар амалга оширилган. 

Икки мамлакат ишбилармонлари “Ангрен” махсус индустриал зонасида шина ва конвейер ленталари ишлаб чиқариш заводини, “Навоийазот” акциядорлик жамияти базасида поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш комплексини барпо этиш бўйича ва бошқа йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда. 

Ўзбекистон билан Хитой ўртасида кўп асрлик тарихий ришталарга асосланган таълим, илм-фан, технологиялар, тиббиёт ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. 

Учрашувда Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги доирасида бўлиб ўтадиган тадбирларда Хитойнинг иштироки ва Ўзбекистон –Хитойнинг ўзаро ҳамкорлигига доир бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди. 

ШҲТнинг кузатувчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирокида Тошкентда бўлиб ўтадиган саммити муҳим сиёсий воқеа бўлиб, саммит давомида ташкилотнинг турли соҳалардаги фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилиниши таъкидланди. 

Меҳмон Президентимизга самимий қабул ва ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммоларни атрофлича муҳокама этиш имконияти яратилгани учун миннатдорлик билдирди.
 

Теглар:Ўзбекистон-Хитой Ислом Каримов Ван И ШҲТ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар