...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ироқдаги мухтор вилоятда курд референдуми бошланди...


12:24, 25.09.2017 Олам
 1 618

Ироқ Курдистони мухтор вилояти сайлов ва референдум комиссияси берган маълумотга кўра, референдумда қатнашувчиларнинг умумий сони 5 миллион 200 минг кишини ташкил этиши кутилмоқда.

Ироқ федерал суди мамлакат конституциясига хилоф деб ҳисоблаётган Ироқ Курдистони мухтор вилоятида мустақиллик референдуми учун бугун, 25 сентябрь куни овоз бериш бошланди. Бу ҳақда Anadolu агентлиги хабар бермоқда.
 
Мухтор вилоятда яшайдиган араб ва туркман элатига мансуб аҳоли вакиллари ушбу референдумга “байкот” эълон қилишига қарамасдан Эрбил, Сулаймония ва Дуҳок каби шаҳарларида, шунингдек, Керкук ва Мосул вилоятининг баъзи туманларида референдум участкалари ўз фаолиятини бошлади.
 
Ироқ Курдистони мухтор вилояти сайлов ва референдум комиссияси берган маълумотга кўра, референдумда қатнашувчиларнинг умумий сони 5 миллион 200 минг кишини ташкил этиши кутилмоқда.
 
Ироқ курдлари томонидан мустақиллик учун олиб борилаётган бу ҳаракатлар нафақат Ироқнинг ҳудудий бутунлигига, балки бутун Яқин Шарқнинг сиёсий харитасининг ўзгариб кетишига сабаб бўлиши мумкин.
 
Маълумки, Яқин Шарқда, хусусан Туркия, Эрон, Сурия ва Ливан каби мамлакатларда жуда кўплаб курд миллатига мансуб аҳоли мавжуд. Уларнинг умумий сони 30–40 миллион киши атрофида эканлиги аниқланган.
 
Минтақа курдларнинг тарихий илдизга эга бўлган “Буюк Курдистон” деб номланувчи мамлакат орзуси  — реал ҳақиқатга айланса (дастлабки қадамлар Ироқдан бошланди), кейинчалик Туркия, Сурия ва Эрон мамлакатларида сиёсий зиддиятлар кучайиб кетиши мумкин.
 
Бунинг натижасида юқоридаги мамлакатларнинг ҳудудий бутунлиги хавф остида қолиши эҳтимолдан холи эмас.
 
Тарихдан маълумки, 1946 йилда Эронда Кади Муҳаммад ва Масуд Барзонийнинг отаси — Мулла Мустафо Барзоний томонидан шартли равишда номланган “Биринчи Курд Республикаси” ташкил этилган эди.
 
Бу давлат Маҳабад Республикаси (курдчада Комари Маҳабад) деб номланган эди. Маҳабад курд давлати атиги бир йил фаолият кўрсатди. Кейинчалик шу давлатнинг ташкил этилиши курдларнинг мустақил давлат тузиш истакларини миллий озодлик ҳаракатларига айланишига сабаб бўлди.
 
Референдум билан боғлиқ воқеаларни кузатишда давом этамиз.
Ҳабибуллохон Азимов

Теглар:Ироқ Курдлар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!