...
МЕНЮ
ONLINE TV

ХХI аср мўжизаси: Шаҳарлар кўркига кўрк қўшаётган иншоотлар


16:27, 15.07.2016 Олам
 6 758

Эътиборингизга ХХI асрда амалга оширилган мега-лойиҳалар ҳақидаги қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз.

Йирик транспорт тизимлари, йўллар, улкан кўприклар, баланд бинолар – миллиардлаб доллар маблағни талаб этадиган лойиҳалардир. Лекин уларнинг барчаси мамлакат ва шаҳарларнинг тарақиёти учун катта ҳисса қўшади.
 
Қуйида XXI асрнинг мега-лойиҳаларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
 
Панама каналининг кенгайтирилиши


 
Панама каналининг кенгайтирилиши жорий йилнинг 26 июнида якунланди. Натижада каналнинг кемаларни ўтказиш имконияти кенгайди.  Панама канали 1904-1914 йилларда қуриб битказилган.  Канал Атлантика ва Тинч океанини боғлаб туради. 
 
Уч дара электростанцияси


 
Уч дара тўғони Хитойда жойлашган бўлиб, дунёдаги энг катта электростанция ҳисобланади. Унинг баландлиги 181 метр, кенглиги 40 метр ва узунлиги эса 2.3 километрни ташкил этади. Мазкур мега-лойиҳа 2003 йилда қуриб битказилган. Лойиҳа қиймати 22 миллиард АҚШ долларига тенг.
 
Айчжай кўприги


 
Айчжай осма кўприги Хитойда жойлашган. Кўприкнинг умумий узунлиги 1534 метрга тенг. У дунёдаги энг баланд кўприк ҳисобланади. Баландлиги 350 метрни ташкил этади. Кўприкнинг қурилиши учун беш йил (2007-2012) вақт сарфланган. Лойиҳа қиймати 600 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
 
Мармарай


 
Мармарай Осиё ва Европани боғловчи сув ости темир йўл линияси ҳисобланади. У Истанбулдаги Босфор бўғозида қурилган. Мазкур лойиҳа учун 4.5 миллиард АҚШ доллари сарфланган. Ушбу темир йўл 2013 йилда қуриб битказилган. Унинг узунлиги 13.6 километрга тенг бўлиб, баъзи жойлари 60 метр чуқурликда жойлашган.
 
“Бурж халифа”


 
“Бурж Халифа” Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида жойлашган бўлиб, дунёдаги энг баланд бино ҳисобланади. Унинг баландлиги  828 метрни ташкил этади. Бино 2004-2010 йилларда қуриб битказилган. “Бурж Халифа” жами 163 қаватдан иборат.
 
Лондондаги Кроссрейл тоннели



Лондондаги Кроссрейл тоннели айни дамда қурилмоқда.  Лойиҳанинг умумий қиймати 23 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.  Қурилиш тугалланиши учун 11 йил керак бўлади ва у 2007 йилда бошланган. Унинг узунлиги 136 километр бўлиши кутилмоқда.
 
Рус кўприги


 
Россиянинг Владивосток шаҳрида қурилган мазкур кўприкнинг узунлиги 3100 метрни ташкил этади. Кўприк 2012 йилда қуриб битказилган. У баландлиги жиҳатидан дунёда иккинчи ўринда туради (324 метр). Лойиҳа учун 1 миллиард АҚШ доллари сарфланган.
 
“Янги аср” глобал маркази


 
“Янги аср” глобал маркази дунёдаги энг кўп мақсадли, йирик бино сифатида тан олинган. Мазкур бино Хитойнинг Ченду шаҳрида жойлашган. “Янги аср” Сидней опера театридан 20 марта ва АҚШдаги Пентагон биносидан икки марта каттадир. Унинг ичида кўплаб савдо марказлари, аквапарк, кинотеатрлар, университет ва меҳмонхона жойлашган. Бу бино 2004-2010 йилларда қурилган.
Руслан Сулаймонов

Теглар:Бинолар Дубай Бурж Халифа Кўприк 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!