...
МЕНЮ
ONLINE TV

Халқ таълими вазирлиги навбатдаги шов-шувли воқеа юзасидан баёнот берди


19:23, 03.04.2018 Жамият
 15 340

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Facebook ижтимоий тармоғининг “Халқ билан мулоқот/Диалог с народом” гуруҳида қолдирилган мурожаат юзасидан текширув ўтказиб, вазиятга аниқлик киритди.

Жорий йилнинг 31 март куни Facebook ижтимоий тармоғида Ойбек Саъдуллаев исмли фойдаланувчи Тошкент шаҳар Олмазор туманида жойлашган 315-умумий ўрта таълим мактаби директори ўқувчи қизлардан бирини мунтазам ҳақорат қилиб келгани, қиз эса бунга бардош беролмай, директорни дўппослаганини ёзиб чиқди. У ўз иддаосида директор Барно Шоқурбонова мактабнинг меҳнат дарси хонасидаги 10 дона тикув машиналарини меҳнат фани ўқитувчиси таътилда эканидан фойдаланиб, талон-тарож қилгани, ўқитувчи ишга қайтгач, тикув машиналарини топиб, жойига қўйишни, йўқса, уларни ҳисобдан чиқариш учун 250 АҚШ доллари беришини талаб қилганини ёзади. Қолаверса, директорни ўқитувчиларга берадиган мукофот пулларини ўзлаштириш ва “босиб қолиш”да айблайди.
 
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Facebook ижтимоий тармоғининг “Халқ билан мулоқот/Диалог с народом” гуруҳида қолдирилган мурожаат юзасидан текширув ўтказиб, вазиятга аниқлик киритди.
 
Халқ таълими вазирлигидан маълум қилишларича, мазкур ҳолат масъул мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилган. Унда келтирилган важлар ўз исботини топмаган бўлиб, мактаб раҳбари ва ўқувчи ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик содир бўлмаган.


 
Шунингдек, мактаб директори томонидан тикув машиналарининг талон-тарож қилингани ҳамда ўқитувчиларга бериладиган мукофот пуллари ўзлаштирилгани тўғрисидаги важлар масъул идора вакилларидан иборат махсус гуруҳ томонидан ўрганилганда тасдиғини топмади.
 
Муаллиф томонидан қолдирилган постда мактаб раҳбарини обрўсизлантириш ва унга нисбатан туҳмат қилиш аломатлари борлиги сабаб ҳозирда ушбу иш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган.
 
Мазкур ҳолат юзасидан текширувлар якунида қўшимча маълумот берилади.
 
Халқ таълими вазирлиги фуқароларнинг тизимига оид таклиф-мулоҳаза ва фикрларини қадрлайди ҳамда соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда жамоатчилик билан ҳамкорлик қилишга доим тайёр эканини маълум қилади.
 
Шу ўринда савол туғилади: бизнинг халқ қачондан ўқитувчининг кўзига тик боқадиган, унинг хатти-ҳаракатини муҳокама қиладиган бўлди? Авваллари ота-оналар фарзандим илм ўргансин, касб-корли бўлсин деб болаларини муаллимлар қўлига топшираётиб “эти сизники, суяги бизники”, дерди. Ҳозирчи, ҳозиргилар ўқитувчини фарзандлари даврасида мазаҳ қилади, уни ўғрига чиқаради. Қўяётган талабини бажармасликка, мактабга истаган кийимини кийиб боришга ўргатади. Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмайди. Ўқитувчи номига доғ тушираётган муаллимлар ҳам йўқ эмас. Бироқ ўқитувчини ёмонотлиқ қилаётганлар уч-тўрт фарзандининг тарбиясини қойиллатиб қўёлмаётгандан кейин бир неча соатлаб 40 нафар болага ҳам таълим, ҳам тарбия бераётган ўқитувчини қоралаши инсофданми? Ўйлаб кўринг!

Теглар:Умумтаълим мактаби Ўқитувчи Халқ таълими вазирлиги 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар