...
МЕНЮ
ONLINE TV

Гулнора Каримованинг собиқ эри Швейцария музлатиб қўйган пулдан улуш хоҳламоқда


15:16, 18.01.2019 Олам
 17 384

Мансур Мақсудий Швейцария прокуратураси музлатиб қўйган 800 миллион франкдан 100 миллионига даъвогарлик қиляпти.

Гулнора Каримованинг собиқ турмуш ўртоғи асли келиб чиқиши афғонистонлик АҚШ фуқароси Мансур Мақсуди Каримованинг Швейцарияда музлатиб қўйилган пулларининг бир қисмига даъвогарлик қилмоқда. Бу ҳақда Швейцариянинг Der Bund газетаси хабар берди.
 
Нашрга кўра, Мансур Мақсудий укаси Фарид билан биргаликда Швейцария прокуратураси музлатиб қўйган 800 миллион франкдан 100 миллионига даъвогарлик қиляпти. Бу пуллар Гулнора Каримова ва бошқа шахслар пул ювишда айблангани ортидан 2012 йилда музлатиб қўйилганди.
 
Гулнора Каримова Мансур Мақсудийга 1991 йилда турмушга чиққанди. Улар 2001 йилда ажрашиб кетган.
 
“Улар ажрашганларида Мансур ва Фариднинг Ўзбекистонда мавжуд бўлган барча мулклари тортиб олинди. Уларнинг Coca-Cola Bottlers Uzbekistan ширкатидаги улушлари Швейцариянинг Zeromax ширкатига ўтказилган”, деб таъкидланган.
 
Мансур Мақсудий эса газетага: “Менинг оилам бу ўғрилик жазоланмасдан қолишига йўл қўймайди. Бу ишга озгина бўлса ҳам алоқадор бўлган шахсларга осон бўлмайди”, деб айтган.

Маълумот учун, бу пулларга шу вақтгача учта талабгор мавжуд эди. Биринчиси, Zeromax’нинг зарар кўрган кредиторлари, иккинчиси, ўзбек халқи, учинчиси, АҚШ. Америка Гулнора Каримова барча коррупцион ишларини долларда амалга оширганини даъво қилиб, пулларнинг бир қисмини талаб қилиб келади.
 
Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча ойи илгари Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова онасининг ўз уйида эканини очиқлаганди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси эса Гулнора Каримованинг белгиланган тартибда жазони ўтаётганини маълум қилди.
 
Маълумот ўрнида, Бош прокуратура Гулнора Каримова жиноий иши бўйича тўлиқ расмий маълумотни эълон қилган эди. Унда қайд этилишича, ҳозирда 12 та хорижий давлат ҳудудида 1 млрд 394,1 млн АҚШ доллари, 63,5 млн евро, 27,1 млн фунт ва 18,5 млн франк миқдордаги маблағ легаллаштирилган.
 
Гулнора Каримованинг коррупция ва пулни ўзлаштириш билан боғлиқ жиноятларни содир этишдаги айби уюшган жиноий гуруҳ аъзолари Н.Содиқов, Р.Мадумаров, Ш.Собиров ва бошқаларнинг, гувоҳлар, жабрланувчиларнинг кўрсатувлари, уюшган гуруҳ назоратидаги 45 та хўжалик юритувчи субъектлар ва 16 та оффшор компаниялар фаолиятини текшириш материаллари, олинган ёзма ва ашёвий далиллар, экспертиза хулосалари ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.
 
Гулнора Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168, 178, 182, 189, 228 ва 243-моддалари билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
 
Шунингдек, АҚШ 2017 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан қўллаган санкциясини яна бир йил муддатга узайтирди. Ўтган йилнинг декабрь ойида АҚШ президенти Дональд Трамп бу фармонни яна бир йилга узайтиришга қарор қилганди.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Гулнора Каримова Мансур Мақсудий 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!