...
МЕНЮ
ONLINE TV

Энг қиммат футболчи Неймарга сарфланган пулларга аслида нималар сотиб олиш мумкин?


18:08, 09.08.2017 Спорт
 4 433

Футболчига сарфланган пулларга Барселона шаҳридаги энг қиммат меҳмонхонанинг люкс номерида 304 йил яшаш мумкин.

Аввалроқ Бразилиялик ҳужумчи Неймарнинг “Барселона”дан ПСЖга ўтгани ва дунёнинг энг қиммат футболчисига айлангани ҳақида хабар бергандик.
 
Франциянинг ПСЖ клуби Неймарни ўз сафига қўшиш учун “Барселона”га 222 миллион евро тўлади. Аслида, бу пулга нималарни харид қилиш мумкин эди?
 
qalampir.uz сайти ушбу саволга ўзига хос тарзда жавоб беради. Демак, бразилиялик юлдузнинг трансфери учун ажратиладиган маблағга нималар сотиб олиниши мумкинлигига эътибор қаратамиз.

Франция.

- Эйфель минорасига 13 миллионта чипта (лифтда иншоотнинг энг юқори қисмига кўтарилиш нархи 17 евро туради);
- Жаҳондаги энг қиммат картошканинг 444 тоннаси 222 миллион евро туради. Сабзавотнинг “La Bonnotte” деб номланувчи французча нави бир килограмми 500 евродан сотилади;
- Евро-2016нинг энг қиммат стадиони – “Парк Олимпик Лион”нинг қурилишига сарфланган маблағнинг ярми (аренанинг қад ростлаши францияликларга 450 миллион еврога тушган).

Испания.
 
- Сальвадор Далининг турли даврларда “кимошди” савдоларига қўйилган энг қиммат 11 та санъат асарини сотиб олиш мумкин.
 
Испания ҳукумати бошқа бир ноёб буюмни қўлга киритиш мақсадида Шотландиянинг Кельвингроу музейига буюк рассомнинг 1,4 миллион евродан (“Параддаги чавандозлар”) бошлаб, 127 миллион еврогача баҳоланган суратларини таклиф қилган;
 
- Барселона ва унинг турли ҳудудларидаги фуқароларнинг (5 миллион кишидан кўпроқ) ҳар бири Т10 форматидаги 4 та “проездной” (жамоат транспортидан имтиёзли фойдаланиш чиптаси) га эга бўлишлари мумкин;
 
- Барселонадаги энг қиммат меҳмонхонанинг люкс номерида 304 йил яшаш (суткасига 2 минг евро);
 
- Деярли икки мавсум “Камп Ноу” стадионига киришни текин қилиб, бу билан клуб бюджетига зарар етмаслик мумкин (“Барселона” 2015|2016 йиллар мавсумида чипталар савдоси ва ишқибозларнинг стадион атрофидаги турли харидларидан йилига 117 миллион евро фойда кўрган).

Бразилия.
 
- Самолётда Барселонадан Рио-де-Жанейро шаҳрига бизнес-классда 73 333 марта парвоз қилиб, яна ортга қайтиш мумкин (битта чипта нархи - 3 минг евро);
 
- Рио Олимпиадаси учун тайёрланган 370 мингта олтин медалнинг нархи (улардан биттаси 600 еврога баҳоланган).

Россия.

- “Зенит” ва “Спартак” жамоаларининг барча ўйинчиларини сотиб олиш мумкин. Transfermarkt.de сайти маълумотларига кўра, питерликлар таркибининг умумий нархи 129,4, москваликларники эса 95,8 миллион еврога баҳоланган;
 
- Бешинчи авлод Т-50 қирувчи самолётидан иккита харид қилса бўлади (биттасининг нархи 100 миллион евро).
 
Маълумот учун, Неймарнинг трансфери энг қиммат бўлиш бобида “Манчестер Юнайтед” ярим ҳимоячиси Поль Погбанинг рекордини янгилади. Погба ўтган йилнинг ёзида 105 миллион евро эвазига Италиянинг “Ювентус” клубидан “Манчестер Юнайтед”га ўтган эди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Неймар ПСЖ Барселона 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!