...
МЕНЮ
ONLINE TV

Элмира Боситхонова: “Бизга жабрланувчи келмаса ҳам оилани ажраштириб юборадиган судьялар керакмас”


11:54, 17.10.2016 Жамият
 8 028

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Элмира Боситхонова оилалардаги ажримлар масаласида гапираркан, бундан беш йил аввал, Ислом Каримов билан бўлган суҳбатни эслади.

Аввалроқ, Тошкент шаҳрида ажримлар сони ортиб бораётгани, ўтган 9 ой давомида оилаларнинг ажрашиши билан боғлиқ ҳолатлар Тошкент шаҳрида 32 фоизни ташкил этгани ва бу ҳукумат вакилларини, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи-Бош вазир Шавкат Мирзиёевни қаттиқ ташвишлантираётгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан ташкил этилган йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Зайниддин Низомхўжаев, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Баҳодир Қурбонов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов, Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Ҳабибулло Тўрахўжаев, Тошкент шаҳар прокурори Ботир Қудратхўжаев иштирок этдилар.
 
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова бугун ажримлар масаласи қанчалик долзарблигини айтар экан, жамоатчилик орасида, хусусан маҳалллаларда бу борада олиб борилиши керак бўлган ишларни янада кенгайтириш кераклигини таъкидлади. У ўз нутқини танқидий руҳда олиб борди ва бундан беш йил аввал, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига тайинланиш чоғида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан бўлган суҳбатни эслади.
 
“Тошкент шаҳар ҳокими ташаббуси билан ташкил этилган бу йиғилишни мен катта воқелик, деб ҳисоблайман. Бундан беш йил аввал, Биринчи Президентимиз мени шу лавозимга тайинлаш чоғида муҳим топшириқ берган эдилар. “Бугун оила ўз дарди билан ўзи оввора, маҳалла, жамият ва ҳокимият ўзи билан ўзи оввора. Ҳали оилага кириб боришга улгурмадик”, деган эдилар. Мана бугун оилага кириб бориш масаласини муҳокама этяпмиз”, деб сўз бошлади Элмира Боситхонова.
 
“Мен бугун маҳалла фуқаролар йиғини раислари, уларнинг аёл маслаҳатчиларига юзланмоқчиман. Хотин-қизлар қўмиталари раислари, Диний-маърифий маслаҳатчилар, Яраштирув комиссиялари аъзолари бир гапни икки қилиб, ўртадаги муносабатларни янада чигаллаштирмасдан, ўз вазифамизни тўғри бажарайлик. Судлар ҳам судлик вазифасини адолатли бажарсин. Тўғри, суд олий орган, бироқ жабрланувчи-аёл келмаса ҳам оилани ажраштириб юборадиган судьялар бизга керакмас. Ҳоким ҳокимлигини, раис раислигини, хотин-қизлар қўмитаси раиси, Ички ишлар ходимлари ўз ишини қилсин. Ҳар ким ўз ўрнини, вазифасини чуқур англаши шарт”, деб сўзини давом эттирди Боситхонова.
 
Йиғилиш иштирокчиларининг асосий қисмини аёллар ташкил этгани ва эгаллаб турган лавозимидан келиб чиққан ҳолда Элмира Боситхонова асосан аёлларга мурожаат қилар экан, оилавий масалаларни ҳал этиш, уларда маҳалланинг иштирокини таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш, умуман, тўйгача ва тўйдан кейинги бўладиган олди-бердилардан тортиб, қўйди-чиқдиларгача аёллар бош бўлишини ва бунда Биринчи Президентимиз таъбири билан аётганда, аёллар, хотин-қизларнинг, эртанги авлод тарбиячиларининг маънавиятини ошириш масаласи қанчалик муҳим эканига  тўхталиб, Ислом Каримовнинг сўзларидан иқтибос келтирди.
 
“Шу ўринда мен хато ва камчиликларимизни алоҳида айтиб ўтмоқчиман.
 
Биринчидан, оилани мустаҳкамлаш ва ёшларни турмушга тайёрлаш бўйича қилаётган ишларимизнинг ҳаммаси расмиятчилик. Бу ҳаракатлар кундалик ҳам, узвий ҳам эмас.
 
Иккинчидан, ҳамкор ташкилотларнинг ўзаро муносабатлари мустаҳкам эмас. Улар фаолияти мувофиқлаштирилмаган.
 
Масалан, ФҲДЁ билан Хотин-қизлар қўмитасининг ишлашида кўп хатоликлар бор. Суд билан Маҳалла фуқаролар йиғининг биргаликда ишида ҳам хатолик бор. Биз ҳали ҳамкорликни эплай олаётганимиз йўқ.
 
Учинчидан, оила муқаддаслиги ҳақидаги тарғибот ишларини ёшларга мос бўлган қизиқарли ва замонавий шаклда эмаслиги;
 
Биз ёшларни йиғиб қўлимизда қоғоз билан маъруза ўқиймиз. Фарзандларимиз барча маълумотлани тезкорлик билан интернетда оляпти, шу боис бизнинг эскича услубимиз уларга тўғри келмаяпти. Биз уларга мос ва қизиқарли шаклда тарғиботни олиб боришимиз керак.
 
Тўртинчидан, ёшлар онги ва қалбида қадриятларимиз ва муқаддас ҳадисларимизни оилавий муносабатлар, одоб-ахлоқ мезонларини шакллантириш ҳамда тарбия жараёнларида етарли қўллай олмаяпмиз.
 
Бешинчидан, кейинги пайтларда қайноналар ҳақида кинофильм, сериал ва клипларда шакллантириб келинаётган салбий образлар, минг афсуски, қайноналар тугул, 15-16 ёшдаги қизларимизга ҳам дарров ўрнак бўляпти. Қайноналарнинг салбий образлардан 40-45 ёшдаги қайноналаримиз тез ўрнак олишмоқда. Бу энг каттта хато. Нафақат Хотин-қизлар қўмитаси раиси, балки оддий она ва буви сифатида телевидениеда эфирга узатилаётган сериалларга, айниқса, ўзбек сериалларига эътирозим бор.
 
Олтинчидан, глобализация даврида оммавий маданият таъсиридаги йигитларимиз ва қизларимизнинг оила деб аталмиш муқаддас қадриятга нисбатан енгил-елпи қарашяпти. Фильм ва клипларимизда келинларимиз тўй куни қочиб кетиши ёки тўй куни йигитнинг бошқа қаллиғи борлиги бемалол тасвирланяпти. Булар онгимизга 25-кадр бўлиб кириб келяпти. Биз катта анжуманларда оилаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз, аммо 3 дақиқалик клиплар бизнинг болаларимиз фикрини бир онда ўзгартириб юбряпти.
 
Еттинчидан, тўй ва бошқа маросимларни ўтказишда миллий қадрият ҳамда анъаналарга риоя қилмай, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўйишнинг олдини олиш борасидаги ишларимиз ҳамон самарасизлиги.
 
Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман: Тўй ва бошқа маросимларни тартибга солиш бўйича Тошкент шаҳрида бошқа вилоятларга қараганда кўпроқ иш қилиняпти. Аммо шу залда ўтирганларнинг, хусусан, менинг фаолиятимда аниқ ва тизимли ҳаракатлар йўқ”.
 
Йиғилишда кўплаб жўяли фикрлар айтилди. Муаммолар очиқ-ойдин ўртага ташланди, ташкилотлар бир-бирининг фаолиятини муҳокама қилди. Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов сўзга чиқиб, Маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг фаолиятидан кўнгли тўлмаётганини, ажрим бўлаётган маҳаллаларда фуқаролар маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг маслаҳатчиларини менсимаслиги, масалани маҳаллага олиб чиқмай, тўғридан-тўғри судга мурожаат қилишини, маҳалланинг оилалар ҳаётида ўринсиз эканини билан боғлади. Ҳоким айрим Яраштирув комиссиялари аъзолари, аёл маслаҳатчилар оилаларни яраштириш, муаммога ечим топиш ўрнига, майда гап-сўзлар, ғийбатлар, ярага туз сепиш билан вазиятни янада кескин тус олишига сабабчи бўлаётганини, улар ўз вазифасини виждонан бажармаётганини айтди. “Маҳалла раислари, шу билан бирга, туман ҳокимлари қанча оила ажрашаётгани ҳақидаги рақамларни билмайди, уларнинг тақдирига бефарқ”, дейди Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов.
 
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Зайниддин Низомхўжаев, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов, Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев сўзга чиқиб, вазиятга холис муносабатлар билдирдилар.
Қамариддин Шайхов

Теглар:Элмира Боситхонова Ажрим Оила 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Имомназарова Хамида
13:55 06.11.2016

Элмира Боситхонова онахонимизнинг ажиримга карши чиройли изохларини укиб чикди.Мен бу онахонимизнинг фикрларини куллаб куватлайман.Юртимизга манашундай жасоратли,жон куяр хакикатни ошкор эта оладиган онахонлар етишмайди.Сиз хакикат хакида уз фикриггизни билдирдингиз.Хакикатдан хам биз ожиза аёлларни тушунмайдиган келмасанг хам никохингни бекор килавераман дейдиган нопок судялар орамизда йук эмас.Нима учун арзимаган сабабларга кура ажирашиб кетяпмизу хамма четда томошабин,махалла оксаколлари,хокимят,яраштирувкомисиялори каерга карашяпти улар нима иш килишяпти узи нега аёлларимиз фазандлари билан кийин ахволда кучада сарсон саргардон булишяпти эркакларимиз уз оиласини фарзандларини ташлаб узга аёлларга уйланяпти.Нахотки шуларнинг олдини олишнинг имкони булмаса.Онахон ушбу изохларимни укисангиз сиздан илтимос имкон кадар сиз билан куришишнинг имкони булса куришишни истардим.+998942138681



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар