...
МЕНЮ
ONLINE TV

Дунёни қутқаришга бел боғлаган 5 миллиардер


19:48, 26.03.2018 Бу қизиқ
 6 391

“Билл Гейтс билан пулни хайрияга самаралироқ сарфлаш бўйича рақобатлашмоқчиман” – Жек Ма.

Яширишга ҳожат йўқ: пул кимлар учун бойлик рамзи.  Шу боис айримларнинг киссаси қаппайиб қолса, бор будини ўз манфаати ва ҳузури учун сарфлайди. Тўғри, пешана тери билан топилган бойликни  ҳар ким ўзи истаганча истифода этишга ҳақли.
 
Аммо дунёда шундай бойлар ҳам борки, уларнинг цивилизацияни ривожлантириш, башарият учун фойдали янги инновацион технологияларни яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқ.
 
Қуйида эзгу мақсадли ана шундай бойлар ва улар эришган ютуқлар билан танишамиз.
 
Илон Маск: “Темир одам”
Бойлиги: 10,7 миллиард доллар


 
Илмий фантастикага ошно бўлиб ўсган Илон Маск оламшумул лойиҳалари билан аллақачон бутун дунё эътиборига оғзига тушган.
 
Cимпсонлар оиласи ҳақидаги мультфильмнинг бир серияси айнан унга бағишланган. Шунингдек, Илон Маск суперқаҳрамон – Темир одамнинг тирик прототипи ҳисобланади.
 
Ютуқлари
 
Илон Маск бошчилигидаги SpaceX дастури доирасида сунъий йўлдошлар учирилмоқда. 2019-2024 йиллар оралиғида 4,5 мингга яқин сунъий йўлдошни фазога йўллаш режалаштирилган.
 
Бундан ташқари, Илон Маск PayPal онлайн тўлов тизими муаллифларидан биридир. Унинг Tesla Motors компанияси электромобиллар ишлаб чиқаради, SolarCity компанияси эса қуёш батареялари етказиб бериш бўйича Шимолий Америка минтақасида етакчи ҳисобланади.
 
2015 йилда Илон Маскнинг хайрия жамғармаси сунъий онг билан боғлиқ лойиҳалар учун Инсоният келажаги институтига 10 миллион доллар ажратди.
 
Дунёни қутқариш режаси
 
Маскнинг режалари улкан. Масалан, Tesla Motors компанияси оддий бошқарувдан ўн карра хавфсизроқ автопилотни ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи ва дунёнинг йирик шаҳарларида ҳайдовчисиз автомобиллар паркларини очишни режалаштирган.
 
Hyperloop вакуум поезд лойиҳасига кўра, йўловчилар соатига 1220 километр тезликда – самолётдан-да учқурроқ – манзилига етказиб қўйилади.
 
Тўрт мингдан ортиқ сунъий йўлдошни фазога учириши орқали интернетнинг янада тезроқ ишлашини таъминлашга эришиш режалаштирилган.
 
Илон Маскнинг энг асосий мақсади – Марс сайёрасини эгаллашга имкон берадиган фазовий транспорт тизимини яратиш. Марсга илк парвоз 2025 йилда амалга ошиши кутилмоқда.
 
Илон Маскдан иқтибос
 
“Оддий одамларнинг ҳар доим нооддий бўлиши учун имкони бор – ҳамма гап шахсий танловда”.
 
Билл Гейтс: саховатпешалик бўйича рекордчи
Бойлиги: 86 миллиард доллар


 
Microsoft  компанияси асосчиларидан бири, ахборот технологиялари соҳасида инқилоб ясаган ва компьютерларни кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантирган Билл Гейтс хайр-саховат бобида кўпчиликка ўрнак бўлмоқда.
 
Ютуқлари
 
Уни саховатпешалар орасида рекордчи дейиш мумкин: Билл Гейтс рафиқаси асос солган жамғармага шу пайтгача 28 миллиард доллардан ортиқ маблағ ўтказди.
 
2010 йилда Уоррен Баффет билан “Тортиқ қасами” деб номланган кампания бошлаб, миллиардерларни бойликларининг камида ярмини эзгу ишларга сарфлашга даъват этди.
 
Дунёни қутқариш режаси
 
Билл ва Миланда Гейтс жамғармаси миллионлаб кишилар ҳаётини қутқаришга ёрдам берувчи янги вакциналар ихтиросига йўналтирилган тадқиқотларни молиялаштиради.
 
Жамғарма ночор мамлакатларда ўлим ҳолатларини камида 80 фоизга камайтириш ҳамда безгак, полиомиелит ва ОИТС хасталикларига қарши жиддий курашишни режалаштирган. Яна бир мақсади – дунё бўйича таълим тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш.
 
Билл Гейтснинг фикрича, энергетика соҳасидаги қатъий ва шошилинч чораларгина глобал исишни тўхтатиб қолиши мумкин. У муқобил энергия манбаларини топиш ва ишлаб чиқишга 1 миллиард доллар ажратишга ваъда бермоқда.
 
Билл Гейтсдан иқтибос
 
“Агар камбағал бўлиб туғилган бўлсанг, бу сенинг айбинг эмас. Аммо шундай ҳолда ўлсанг, бу аниқ сенинг айбинг”.
 
Юрий Мильнер: ўзга сайёраликларни қидириб
Бойлиги: 2,9 миллиард доллар


 
Юрий россиялик миллиардерлар бойлигини фақатгина нефть ва газ эвазига кўпайтиради, деган фикрни йўққа чиқариб, биринчилардан бўлиб юқори технологияларга қизиқиш билдирди. Илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштиришга катта эътибор қаратади.
 
Ютуқлари
 
Мильнер Mail.ru Group асосчиси ҳисобланади, 2016 йилнинг охирига келиб ушбу интернет-корпорациянинг капитализацияси 3,65 миллиард долларга етди.
 
У ҳашаматли яхталар ёки футбол клубларини сотиб олиб, ҳаммани ҳайрон қолдирадиган россиялик бойлардан фарқли равишда илм-фанни қўллаб-қувватлаши билан ном чиқарган.
 
Масалан, 2012 йилда 3 миллион доллар (Нобель мукофотидан уч баравар кўпроқ) миқдоридаги “Фундаментал физика” бўйича мукофотни таъсис этди.
 
Хитойлик миллиардер Жек Ма билан ҳамкорликда математика фанидаги янги ютуқларни қўллаб-қувватламоқда. Унинг соврин жамғармаси ҳам 3 миллион доллар.
 
Дунёни қутқариш режаси
 
Мильнернинг фикрича, фундаментал фан ва космик лойиҳаларга сармоя киритиш фақатгина давлатнинг иши эмас. У 2015 йилда коинотни ўрганишни мақсад қилган  Breakthrough Initiatives лойиҳасига 100 миллион доллар ажратди.
 
Бу маблағнинг катта қисми дунёдаги йирик телескоплар ёрдамида ўзга сайёралардан сигналларни қидиришга сарфланади. Айни пайтда коинотдан келадиган маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш фаолияти амалга оширилмоқда.
 
Сайёралараро сафарлар учун кемалар лойиҳасига кўра, космик аппаратларнинг ҳажми анчагина кичрайтирилиши керак. Катта кемалар керакли тезликка чиқа олмайди, шунинг учун наноўлчамли аппаратлар зарур.
 
StarChip нанокемаси эса соатига 160 миллион километр тезликда ҳаракатланиши кутилмоқда, унинг ёрдамида ўзга сайёраларда ҳаёт бор-йўқлиги текширилади.
 
Масалан, StarChip энг яқин юлдуз – Альфа Центаврга 20 йил давомида етиб боради, у ерда ҳаёт бор-йўқлиги ҳақидаги маълумотни яна 4 йил кутамиз.
 
Юрий Мильнердан иқтибос
 
“Келгусида интернетга кириб, одам билан ёки сунъий онг билан мулоқот қилаётганингизни била олмайсиз”.
 
Марк Цукерберг: ҳаммани тармоққа тортиш
Бойлиги: 55,5 миллиард доллар



Цукерберг аввалига Гарвард университети талабалари учун яратган Facebook’дан бугун бутун дунё аҳли фойдаланиб келмоқда. Шуниси ҳам қизиқки, дунёда ҳеч ким  Марк Цукерберг каби тезда бойимаган.
 
Ютуқлари
 
Марк Цукерберг “Форбес” журнали тузадиган миллиардерлар рўйхатига илк бор 2008 йилда кирган эди, ўшандан бери унинг бойлиги 37 баравар ортди.
 
У “Тортиқ қасами” кампаниясига қўшилган бўлиб, даромадининг 50 фоизини хайрияга ажратади. 2015 йилда Facebook асосчиси акцияларининг 99 фоизини рафиқаси очган “Чан-Цукерберг ташаббуси” хайрия жамғармасига ўтказишини маълум қилди.
 
Дунёни қутқариш режаси
 
Эр-хотин Цукербергларнинг икки асосий мақсади бор. Биринчиси, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий тармоқлар ёрдамида инсонлар ва ғояларни бирлаштириш, экологик соф энергия манбалари яратишни ўз ичига олади. Иккинчиси эса ҳар бир кишининг бу ютуқлардан фойдалана олишини таъминлаш.
 
Жамғарма дастлаб таълим лойиҳалари билан шуғулланар эди, бироқ 2016 йилда лойиҳанинг янги йўналиши – Chan Zuckerberg Science эълон қилинди: тиббиёт ва биомуҳандислик соҳаларидаги фундаментал тадқиқотлар учун 3 миллиард доллар йўналтирилади. Эр-хотин Цукерберглар инсониятни юрак-қон томир, юқумли, неврологик ва онкологик касалликлардан қутқаришни орзу қилмоқда.
 
Марк Цукербергдан иқтибос
 
“Ижтимоий тармоқлар дўстликнинг муқобили эмас, давомидир”.
 
Жек Ма: бизнес билимдони
 Бойлиги: 28 миллиард доллар


 
У дунёдаги энг йирик савдо корпорацияларидан бири ҳисобланувчи Alibaba Group асосчиси саналади. Жек Ма оқил ва саховатпеша раҳбар ҳисобланади – ходимлари ўз орзуларини амалга ошириш учун ишлашини истайди.
 
Ютуқлари
 
Жек Ма 1990 йилларнинг охирида хитойлик ўрта ва кичик тадбиркорлар учун яратган онлайн савдо майдони нафақат мамлакатида, балки бутун дунёда технологик ва иқтисодий янгилик бўлди.
 
Alibaba Group даромадининг бир қисмини атроф муҳитни асраш ва иқлим ўзгаришлари дастурларига сарфлайди. Шунингдек, Ма аёллар ҳуқуқлари учун ҳам курашади: компанияларида ишлайдиганларнинг 50 фоизини, бошқарувдагиларнинг 30 фоизини аёллар ташкил этади.
 
Дунёни қутқариш режаси
 
Жек Ма 2010 йилда Alibaba хайрия жамғармасига асос солди, 2014 йилда эса рафиқаси билан биргаликда корпорация акцияларининг 2 фоизини ана шу жамғарма ихтиёрига топширди.
 
Маблағлар табиий офатлардан азият чекканларга ва экология дастурларига сарфланади. Манинг фикрича, Хитойдаги экологияни яхшилаш учун жиддий одимлар отилиши зарур.
 
“Хитойда тоза ичимлик суви, ҳаво билан боғлиқ муаммолар сабаб 10-20 йилдан кейин соғлиқни сақлаш соҳасида кўплаб муаммолар билан юзлашамиз.
 
Шунинг учун ҳам экология пулимни ва вақтимни сарфлашга арзийдиган соҳалардан биридир. Бундан ташқари, маданият ва таълимга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқчиман. Акс ҳолда ёш хитойликларнинг чўнтаги чуқур, лекин ақли юзаки бўлади”, дея таъриф беради Жек Ма.
 
Жек Мадан иқтибос
 
“Мен Билл Гейтс билан пулни хайрияга самаралироқ сарфлаш бўйича рақобатлашмоқчиман”.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Илон Маск Билл Гейтс Юрий Мильнер Марк Цукерберг Жек Ма 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!