...
МЕНЮ
ONLINE TV

Дам олгиси келган Станислав Андреевга ПФЛ қулай шароит яратиб берди


20:50, 06.11.2018 Спорт
 4 282

Андреев келаси турдаги “Пахтакор”га қарши учрашувни ўтказиб юбориш мақсадида бу ишга қўл урган.

“Металлург” футболчисси Станислав Андреев “Пахтакор”, “Бунёдкор” ва “Бухоро” жамоаларига қарши учрашувларда иштирок эта олмайди. Бу ҳақда ЎзПФЛ Матбуот хизмати хабар берди.
 
Унга кўра, Ўзбекистон Суперлигасининг 29-туридан ўрин олган “Металлург” — “Навбаҳор” ўйини Тартиб-интизом қўмитаси томонидан кўриб чиқилган. Бунда комиссия аъзолари учрашувнинг 27-дақиқасида огоҳлантирилган Ислом Исоқжонов ҳамда 90+4-дақиқада огоҳлантирилган Станислав Андреевнинг ҳатти-ҳаракатларига эътибор қаратган.
 
Комиссияга кўра, Исоқжонов сариқ карточкани ўзи учун қасддан ишлаб олмаган. Бироқ Андреевнинг ҳаракатлари юзасидан бундай деб бўлмайди. У ўйин сўнгида вақтни атайин чўзган ва ҳакам томонидан сариқ карточка ишлаган. Хулосага кўра, Андреев келаси турдаги “Пахтакор”га қарши учрашувни ўтказиб юбориш мақсадида бу ишга қўл урган. Чунки, эндиликда унинг огоҳлантиришлари сони 4 тага етди. Бу орқали Андреев мавсумнинг сўнги икки турида бемалол ҳаракат қила олиши мумкин эди.
 
Тартиб-интизом қўмитаси регламентининг “Интизомий ва жарималар кодекси” 5-бўлим 5.6 бандида кўрсатилган “аҳлоқий меъёрларга амал қилмаслик, муғомбирлик ишлатиш ҳамда спортчига хос бўлмаган хулқи учун” қисмига беписандлик билан муносабатда бўлган “Металлург” футболчиси Станислав Андреевни 5 миллион сўм жаримага тортди ва қўшимча тарзда 31-тур ўйинидан ҳам четлатди. Андреев бунгача “Навбаҳор”нинг икки футболчиси ҳам худди шундай банд билан жазога тортилганидан хулоса чиқармагани учун 32-турни ҳам ўтказиб юборади. Демак, унинг учун 2018 йилги мавсум ўз якунига етди.
 
Шу тариқа, келгуси ўйинда дам олгиси келган Станислав Андреевга ПФЛ қулай шароит яратиб берди ва “Металлург”нинг нафақат “Пахтакор”, балки “Бунёдкор” ва “Бухоро” жамоаларига қарши учрашувларида ҳам иштирок эта олмайдиган бўлди. “Келгусида ПФЛ бу каби ҳолатларни аниқлайдиган бўлса, футболчиларни жиддий жазо кутади. Шунингдек, футболчиларга сариқ карточка кўрсатаётган ҳакамлар масаласи ҳам ўрганиб чиқилади”, дейилади хабарда.
 
Маълумот учун, ПФЛ комиссияси 29-турдан жой олган “Бухоро” — “Пахтакор” ўйинидаги Марко Симичнинг ҳам сариқ карточкасини ўрганиб чиққан. Чунки унда ҳам сариқлар сони 4 тага етган. Симич ва “Бухоро” вакили Шаҳбоз Эркинов ўйин бошидан буён ўзаро чиқиша олмаган ҳамда сариқ карточка келишмовчилик ортидан келиб чиққан. ПФЛ бу ҳолатни ортиқча жазоларсиз ёпишга қарор қилди. Агар Симичда ҳам Андреевдаги каби ҳолат бор деб хулоса берилганида, “Пахтакор” ҳимоячиси учун ҳам 2018 йилги мавсум “эшиклари” ёпиларди.

Теглар:ЎзПФЛ Металлург Станислав Андреев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!